“РенТВ” телеканали мухбири: “PRESS-CLUB: ELECTIONS.UZ-2016” Ўзбекистондаги сиёсий жараёнга чуқур ёндошиш имконини берди

13:23, 30 ноябрь

Бугун, 30 ноябр куни пойтахтдаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида «PRESS-CLUB: ELECTIONS.UZ-2016» пресс-клубининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур очилиш маросимида кўп сонли сиёсатшунослар, давлат ва жамоат арбоблари ҳамда хорижий ва маҳаллий ОАВ вакиллари иштирок этаётгани ҳақида хабар берган эдик. Тадбирда иштирок этаётган Россиянинг “Рентв” телеканали шарҳловчиси Алексей Лазуренконинг Ўзбекистондаги сайлов олди жараёнлари ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик. 

Алексей Лазуренко, Россиянинг “Рентв” телеканали шарҳловчиси:

—  Бу менинг Ўзбекистонга иккинчи ташрифим. Шу йилнинг ёзида Тошкентда ўтказилган ШҲТ саммитида ҳам иштирок этгандим. Ўшанда тиғиз кун тартиби сабабли юртингизнинг диққатга сазовор масканлари билан танишиш имкони бўлмаган эди. Биз 20 дан ортиқ россиялик журналистлар Ўзбекистонга 27 ноябрь, якшанба куни келдик. Шунинг учун ҳам биз Ўзбекистон билан яқиндан танишишга муваффақ бўлдик. Биз президентликка партия вакиллари билан суҳбатлашдик, уларнинг сайлов олди дастурлари билан танишдик, улар сайловчига нима таклиф этаётганини ўргандик. 

Сайлов жараёни бизда катта таассурот уйғотди. Ҳар бир партиянинг ўз электорати билан ишлаётгани жуда муҳим. Ҳар бир партия ўзаро бир-бирига ҳурматни сақлаган ҳолда ўз сайловчиси билан нима ҳақда сўзлашишни яхши билади. Афсуски, рақобатчи партиялар ўртасидаги бир-бирига ҳурматни жаҳоннинг бошқа давлатларидаги сайлов кампанияларида кузатмаймиз. Юртингиздаги сайловолди кампанияси ва партиялар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ҳам шарқ халқларига хос бўлган анъналарга монанд тарзда йўлга қўйилган. 

Бир неча кундан бери Тошкентдаги Хилтон меҳмонхонасида сайловни ёритиш учун илк марта ташкил этилган пресс-клубнинг очилиш маросимига кўрилган тайёргарлик ҳам ўта қизғин тарзда ўтди. Натижа эса кутилганидан ҳам аълороқ бўлди. Пресс-клуб хорижий ва маҳаллий ОАВ, ҳукумат вакиллари, давлат ва сиёсат арбобларининг бир майдонга жамлади. Бу эса, шубҳасиз биз журналистларга катта қулайлик яратди. Пресс-клуб биз журналистларга мамлакатдаги сиёсий жараёнга чуқурроқ ёндошиш имконини беради.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!