"Локомотив" Ўзбекистон чемпионлигидан кейин мамлакат Кубогига ҳам эга чиқди

14:58, 30 ноябрь

Ўзбекистон Кубогида финал баҳсида Тошкентнинг "Локомотив" клуби Қаршининг "Насаф" жамоасига қарши баҳс олиб борди.

Учрашувдаги ягона голга  2-дақиқада Темурхўжа Абдуҳолиқов муаллифлик қилди. "Насаф" дарвозабони Элдорбек Суюнов узоқдан йўлланган зарбани бартараф этишда ўта қўпол хатога йўл қўйди ва Темурхўжа Абдуҳолиқов ҳимоячилардан кўра чаққонроқ ҳаракат қилиб, ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Шундан сўнг биринчи бўлим давомида "Насаф"нинг вазиятни тенглаштириш учун уринишлари самара келтирмади.

Иккинчи бўлимда қаршиликлар ташаббусни ўз томонига оғдира олмади. Аксинча, Темурхўжа Абдуҳолиқовда яна бир бор гол уриш учун қулай вазият юзага келган эди. Сардор Мирзаевнинг оширмасидан сўнг Абдуҳолиқов бўш қолган дарвоза томон зарба йўллади, аммо Шуҳрат Муҳаммадиев тўпни қайтариб қолишга муваффақ бўлди.

Учрашувга қўшиб берилган дақиқаларда "Насаф" вазиятни ўнглаштиришга уриниб кўрди. Аммо ҳисоб ўзгармай қолди ва "Локомотив" Ўзбекистон Кубогини қўлга киритди.

Ўзбекистон кубоги. Финал

"Локомотив" — "Насаф" — 1:0

Гол: Темурхўжа Абдуҳолиқов (2). 

"Локомотив": Маъмур Икромов, Кахи Махарадзе, Темурхўжа Абдухолиқов, Сардор Мирзаев, Салим Мустафоев, Тимур Кападзе, Ислом Тўхтахўжаев, Санжар Шоаҳмедов, Икром Алибоев, Шерзод Файзиев, Артур Геворкян.

"Насаф": Элдорбек Суюнов, Азиз Ғаниев, Шуҳрат Муҳаммадиев, Баҳром Абдурахимов, Игорь Голбан, Шерзод Аъзамов, Фозил Мусаев, Одилжон Ҳамробеков, Фарруҳ Сайфиев, Дониёр Нарзуллаев, Драган Черан.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!