Одноклассники, facebook, twitter…да қиёфангиз қандай?

15:42, 30 ноябрь

Виртуал оламдаги дўстларингизу бир зумлик танишларингизда сиз қандай таассурот уйғотасиз? Буни тестимиз саволларига жавоб бериб, билиб олишингиз мумкин. Натижага қараб, қиёфангизга янгича чизги чизиш керакми, йўқми, ўзингиз ҳал қиласиз.

1. Кўпроқ вақтингиз қайси сайтда ва нима учун ўтади?
А) «Facebook» ва «twitter» ижтимоий сайтларида. Асосан иш юзасидан.
Б) «ВКонтакте» ва «Одноклассники»да: мен ясама хўжакўрсинни ёқтирмайман.
В) У ёки бу ижтимоий сайтда дея олмайман. Қанча кўп бўлса, шунча яхши.

2. «Эшик»лар ҳаммага очиқми?
А) Ҳа, шунда яхши суҳбатдош учраб қолиш эҳтимоли кўпроқ.
Б) Фақат менинг дўстларим: улардан яширадиган сирим йўқ.
В) Баъзи суратларимни фақат тор доирадаги одамлар кўришлари мумкин.

3. Нотаниш одам сизга дўстлашишни таклиф қилса…
А) Умумий дўстларимиз сони кўп бўлса, қабул қиламан.
Б) Сабабини тушунтириб, хат юбормаган бўлса, таклифни рад этишим аниқ.
В) Суратига қараб, дўстларим сафига қўшаман.

4. Алоқадасиз…
А) Деярли кун бўйи. Дўстларим ижтимоий ҳаётидаги бирор янгиликдан бохабар қолмаслигим керак.
Б) Ижтимоий тармоқлардаги вақтимни чеклайман: эрталаб, кечқурун. Асосан ким биландир ёзишаётган бўлсам.
В) Кайфиятимга боғлиқ: баъзан суткасига 24 соат, гоҳида ҳафтада бир марта.

5. Профилингизга жойлаштирасиз…
А) Кулгили, ҳаётий, кайфиятни кўтарадиган сурат ва матнлар.
Б) Муҳим аҳамиятга эга бўлган маълумотларни.
В) Бошқаларникига ўхшамаган оригинал матн ва суратлар.

6. Дам олиш таътилидан бир дунё суратлар билан қайтдингиз. Улардан қандайлари профилдаги альбомингиздан жой олади?
А) Ҳаммаси, сифати ва кўринишида нуқсони бўлганларидан ташқари.
Б) Кўпчиликка таниш бўлган тарихий обидалар ёнида тушган суратлар. Албатта, уларда ўзим ҳам чиройли бўлишим керак.
В) Чиройли манзаралар, одамлар. Мен саёҳатчилар учун одатий бўлган йўналишдан четга чиқишга ҳаракат қиламан.

7. Ижтимоий тармоқларда шахсий ҳаётни ошкор қилмаслик қоидасига амал қиласизми?
А) Севган инсоним билан бирга тушган бир нечта суратларимни изоҳсиз жойлаштираман. Яқинларим бусиз ҳам шахсий ҳаётимдан хабардор.
Б) Йуқ, ҳаётимнинг қайсидир қисми ижтимоий тармоқларда ўтгани сабаб яқин инсонларим билан тушган суратларимни ижтимоий тармоққа жойлаштириш мен учун табиий ҳол.
В) Профилимдан дунёқарашим, шахсий фикрларимни баён қилиш учун фойдаланаман. Виртуал дўстларим шахсий ҳаётим ҳақидаги маълумотларни билишлари шарт эмас.

8. Профилингизда ҳайвонот олами вакилларининг суратлари борми?
А) Йўқ. Мен ҳайвонларни ёқтирмайман.
Б) Бирор ноодатий ҳайвон билан бирга тушган суратим бўлса, албатта профилимга жойлаштираман.
В) Ҳа.

9. Ижтимоий тармоқлар йўқ бўлиб қолса, кўпроқ нимадан афсусланардингиз?
А) Виртуал дўстларимнинг телефон рақамини  ёзиб олмаганим, шу сабаб одатдагидек мулоқот қилиш имконияти йўқлигидан.
В) Дўстларим кундалик ҳаётидаги ҳар бир қадами ҳақидаги маълумот чекланишидан.
В) Керакли маълумот ва одамларни топиш учун кўпроқ вақт сарфлаш кераклиги, яна таассуротларим, бирор мавзудаги дунёқарашимни баён эта оладиган аудиториямни йўқотганим учун.

Тест натижалари
Жадвал бўйича кўрсатилган жавоблар сонини ҳисобланг ва ўзингизга тегишли тавсифни топинг.

Жаноб жиддий
9дан 14гача

Профилингизнинг бенуқсон эканидан фахрлансангиз, арзийди. Уни, ҳатто ишга ўта жиддий муносабатда бўлган раҳбарингиздан ҳам яширмасангиз бўлади.
Вақтни тежайсиз, майда-чуйда нарсаларга чалғимайсиз. Сиз эълон қилаётган маълумотлар бирданига бир нечта талабларга жавоб беради: дунё миқёсидаги, оддий бўлмаган замонавий янгиликлар. Бу ерда энг сўнгги урфдаги туфли, ноодатий таом ва автофотосуратларни учратиш эҳтимоли кам. Аммо дўстларингизга сиз бераётган ахборотни кузатиб бориш қизиқмикан? Нисбатан ҳа. Улар ижтимоий тармоқдаги сиз томондан белгиланмаган қонунга итоат қилиб, ўз фикрини эълон қилишга шошилмайди. Фақат бир гап, дўстларингиз билан яқинроқ муносабатда бўлай десангиз, жиддийликдан салгина четлашиш ортиқчалик қилмайди.

Ширинсухан
15дан 21гача

Профилингизга кирган одамнинг кайфияти кўтарилади. Бу ер шинам, қувноқ ва қизиқарли. Дўстларингиз ҳам айнан кайфиятини кўтариш учун сиз эълон қилган матнларни ўқиб боришади.
Дўстларингиз кўп, аммо бу дуч келган одам билан танишиб, гаплашиб кетаверасиз дегани эмас. Сиз синашта бўлган дўстлар билан бемалол мулоқотда бўласиз. Фақат сизни яқиндан танимаган инсонлар сиз ҳақингизда енгил фикрда бўладилар. Қувноқ, ҳазилкаш, очиқ, ҳаётга енгил назар ташлайди, деб ўйлашади. Бу каби қарашлар сиз узоқ кутган инсон, янги раҳбар, ёки турмуш ўртогинғизда пайдо бўлмаслиги керак. Салгина жиддийлик ва назорат зарар қилмайди.

Қизиқарли
22дан 27гача

Профилингизнинг айтишича, сиз серқирра, ҳамиша қизиқарли вазиятлар марказида бўлган инсонсиз. Қисқаси, сиз билан зерикиш қийин.
«Мана бу суратда Малайзия, бунисида Дубай, унисида эса АҚШда эдим. Кеча кўргазма, бугун театр, эртага байрам кечасида бўламан». Суратларингизда чиройли қад кўтарган бино, табиат манзарасида бахтиёр кулиб турибсиз. Бунинг камчилиги, турмуш ўртоғингиз воқеаларга бой ҳаётингизга муносиб эканидан шубҳаланиб қолиши мумкин. Қолаверса, шахсий ҳаётини ҳадеб оммага эълон қилаверган инсон билан ўзини бемалол ҳис этиш қийин. Саргузаштларингиз ҳақидаги маълумотни чегараланг. Билиб қўйинг, сиздаги сирлилик инсонларда кўпроқ қизиқиш уйғотади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!