Гўзаллик ҳақида ёлғон ва ҳақиқатлар

16:09, 30 ноябрь

«Шоколад ва пирожнийлар ейиш ҳуснбузар чиқишига сабаб бўлади».

Бу ёлғон! Ҳуснбузар пайдо бўлишининг асл сабаби руҳий зарба ва организмдаги гормонал ўзгаришлар,  шунингдек, моддалар алмашинуви ва ички аъзолар фаолиятинининг бузилиши билан боғлиқ.

«Кўз учун мўлжалланган кремлар, чой пакетчалари, бодринг бўлакчалари кўз ости шишларини кичрайтиради».

Ёлғон! Бу муолажалар бир неча соатга ёрдам берса-да, кўз остидаги шишларни батамом йўқотмайди.

«Озиқлантирувчи кремлардан ҳамма фойдаланиши шарт!»

Йўқ! Бу воситалар фақат юз териси тортишган ёки пўст ташлаётган аёлларга керак. Катта ёшли, тери ҳужайралари табиий намлигини йўқотган аёллар учун ҳам айни муддао.

«Совун юз учун зарарли!»

Нозик ва таъсирчан терига совун салбий таъсир қилади. Аммо юзингизни совун билан ювиб, ўзингизни хотиржам ҳис қилаётган бўлсангиз, уни қўллашнинг зарари йўқ.

«Тўғри овқатланиш тери хусусиятларига яхши таъсир кўрсатади».

Дарҳақиқат, сабзавот ва мевалардан кўп истеъмол қилиш, шўр, қовурилган, аччиқ ва ёғли таомларни чеклаш терига ижобий таъсир кўрсатади. Айниқса муаммоли тери учун бундай озиқланиш фойдали.

«Муз ва контраст ювиниш тери таранглигини оширади».

Бу рост гап! Муз бўлаклари билан ишқалаб турилган тери узоқ вақт таранглигини сақлайди.

«Лаб бўёғи лабни ҳимоялайди».

Ҳа, лаб бўёғи нафақат лабни кўркамлаштиради, балки уни атрофдаги муҳитнинг зарарли омилларидан ҳимоялаб, озиқлантиради. Пўст ташлаш, ёрилишнинг олдини олади.

«Сартарошхонага бир ойда энг камида бир марта бориш керак».

Бу ҳам бор гап! Калта, ўртача узунликдаги ва ҳатто узун сочларни ҳам вақти-вақти билан кесиб, учларини янгилаб туриш даркор. Уларни ҳатто 1-2 мм.га калталатганда ҳам сочларнинг «нафас олиши» яхшиланади, ўсиш тезлиги ошади. Бу эса сочларга соғлом кўриниш беради, гуллашнинг ҳам олдини олади.

«Сочларни талабга мувофиқ ҳолда ювиш керак».

Чанг зарралари бошдаги ёғга аралашиб, бош устида юпқа қатлам ҳосил қилади. Ушбу қатлам бошнинг тўғри «нафас олиши» ва бош терисидаги моддалар алмашинуви фаолиятини бузади. Оқибатда соч хира тортиб, синувчан бўлиб қолади. Шунинг учун сочларни кирланган заҳоти ювишга одатланинг. Буни ҳатто ҳар куни қилишга тўғри келса ҳам!

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!