Ногиронлиги учун рафиқаси ташлаб кетса-да, у таслим бўлмади

16:34, 30 ноябрь

Қирғизистонлик Роҳатбек бундан олти йил илгари мол боқиш билан шуғулланарди, соппа-соғ йигит бахтсиз ҳодиса туфайли 1 гуруҳ ногиронига айланди, деб хабар берди “Nonbox.ru” нашри. 

Усенхўжаев Роҳатбек 1983 йилда Қирғизистоннинг Ат-баши туманида дунёга келган. Бахтсиз ҳодиса туфайли тўшакка михланиб қолгандан кейин у янги касбни эгаллашни ният қилди.

Айни пайтда у чармдан қамчи, сумка, ҳамён, телефон ғилофларини, камар, отнинг эгар-жабдуқларини тайёрламоқда. У яратган сумкалар 15 минг қирғиз сўми (200 $ АҚШ доллари) деб баҳоланмоқда. Роҳатбек яратган буюмларни асосан хитойлик қирғизлар сотиб олиб, дунёга тарқатмоқда.

“Мол боқиб юрганимда, йиқилиб тан жароҳати олдим, узоқ вақт тўшакка михланиб қолдим. Онам жуда қийналди, ногирон бўлиб қолганимнинг иккинчи йили рафиқам ташлаб кетди. Болалар мен билан қолди. Онамнинг кўз ёшларига чидолмаганимдан, болаларимни боқиш мақсадида ўзимни қўлга олдим. Аввалига қўл меҳнати орқали топган пулларим фақат озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олиш учун етди. Кейинчалик онамга атаб, чармдан сумка тикдим. Қарасам, жуда чиройли чиқди. Шундан кейин анча сумка тикдим, аммо улар сотилмади. Уларни нима қилсам экан, деб ўйлаб турганимда, туманимизда фестиваль ўтказилди. Яратган сумкаларимни кўргазмага қўйдим, улар фестиваль иштирокчиларининг эътиборини тортди”, деб ҳикоя қилди Роҳатбек.  

Ҳозирда у яратган сумкалар 600 дан 15 минг қирғиз сўмига (10 АҚШ долларидан  200 долларгача) бўлган нархда сотилмоқда.  Сумка савдосидан яхшигина даромад олмоқда.

“Ҳозирча врачлар оёққа туришим ҳақида аниқ бир хулосага келгани йўқ. Баъзилари тузаласан, деса, баъзилари умид йўқ, дейди. Айни пайтда  мен бу ҳақда ўйлаб, сиқилгандан кўра, болаларимнинг келажагини таъминлашим кераклиги ҳақида кўпроқ ўйлаяпман...” деди Роҳатбек.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!