Сайлов куни Ўзбекистонга кириш чиқиш тақиқланадими?

18:04, 30 ноябрь

Аввал хабар берганимиздек, пойтахтимизнинг International Hotel Tashkent меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Президент сайлови жараёнини ёритиш бўйича “Пресс-клуб Elections.uz-2016” ўз фаолиятини бошлади.

Пресс-клубнинг биринчи иш куни доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенати раиси ўринбосари Светлана Ортиқова, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Музраф Икромов, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Хўжаева, ФЖШМҚМИ эксперти Дилафруз Сўфиевалар иштирокида журналистлар билан учрашув бўлиб ўтди.

Хусусан, журналистлар томонидан сўнгги вақтларда айрим ижтимоий тармоқларда тарқалаётган Ўзбекистонга 4 декабрь Ўзбекистон Президенти сайлови куни кириш ва чиқишда чекловлар ўрнатилиши хусусидаги миш-мишлар юзасидан экспертларга савол билан мурожаат қилинди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Музраф Икромов қуйидагича жавоб берди:

“Ортиқча шов-шувлар учун ҳеч қандай асос йўқ. 4 декабрь куни мамлакатимиз ҳудудида жамоат транспортининг барча турлари одатдаги тартибда ишлайди. Ўзбекистонга кириш ва чиқишда ҳам ҳеч қандай чекловлар кўзда тутилмаган.”

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!