Феруз Тўхтаев “Олтин Гран-При” турнирининг кумуш медали соҳиби

09:10, 01 декабрь

Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида ташкил этилган эркин ва юнон-рум кураши бўйича “Олтин Гран-При” халқаро турнири ўз якунига етди. Мазкур нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси полвонлари ҳам ўз маҳоратларини намойиш этишди. Гран-При мусобақасида Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорларининг гиламга чиқишгани турнирнинг муросасиз утишига сабаб булди.

Юнон-рум кураши бўйича ўтказилган беллашувларда Рио Олимпиадаси совриндори Элмурат Тасмурадов 66 кг вазнда иштирок этди ва чорак финал баҳсида мезбонлар вакили Ровшан Тагиевга имкониятни бой бериб қўйди. 71 кг вазн тоифасида кураш олиб борган Мирзобек Раҳматов эса сербиялик Александр Максимовичдан мағлубият аламини тотиб кўрди. Вакилларимиздан фақатгина Феруз Тўхтаев совриндорлар орасига кира олди.

59 кг вазн тоифасида иштирок этган Феруз аввалига ҳиндистонлик Гаурав Шармани 8:0, чорак финалда озарбайжонлик Карим Жаъфаровни 6:3, ярим финалда россиялик Мингиян Семеновни 10:8 ҳисобида мағлуб этди. Олтин медаль тақдири ҳал бўлган финал баҳсида эса ҳамюртимиз Кеничиро Фумитога биргина очко фарқи билан 4:5 ҳисобида имкониятни бой бериб кумуш медалига сазовор бўлди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!