«Ҳам рўзғор қилай, ҳам эримнинг қош-қовоғига қарайми?..»

09:42, 01 декабрь

— Турмушга чиққанимга ўн йилдан ошди. Лекин шу кунгача никоҳимизни расман қайд эттирмаганмиз. Авваллари эрим ички ишлар бўлимида ишларди, фаолиятида муаммо бўлмаслиги учун расман қайд эттирмаган деб ўйлаб юрардим. Мана, ўтган йили нафақага чиқди. Аммо вазият ўзгаргани йўқ. Ўзим тикувчиман. Шу кунгача рўзғор харажатлари менинг елкамда бўлган. Чунки турмуш ўртоғимнинг топган-тутгани уй қуришга кетарди. Қўшни тумандан ер олиб, янги ҳовли солгандик, йилнинг бошида кўчиб ўтдик. Шундан кейин эримга «Уйни битказдик. Энди сиз ҳам рўзғорга қарашиб юборинг» десам, жаҳл қилиб, уриш чиқарди. Топганини қаерга сарфлаётганини сўрасам, дарров тўнини тескари кийиб олади. Охирги пайтларда саломатлигим панд бераётганлиги учун пулимиз ҳеч нарсага етмай қолди. Оёғим хасталаниб, яқиндагина жарроҳлик столидан турдим. Шунинг учун ҳам барча юмушларга улгуролмаяпман. Хўжайиним эса қилган ишларимдан айб топиш билан овора. Агар гўштсиз овқат қилсам, оғзига ҳам олмайди. Яна ҳамма нарса у киши айтганидек саранжом-саришта турмаса, тўполон қилиши ортиқча. Ўғлим ҳам шу кунларда «Ойи, дадамсиз, алоҳида яшайлик. Мен мактабни битириб олгунимча чидасангиз бўлгани, кейин ўзим сизга қарайман, кўнглингиз тусаган нарсаларни муҳайё қиламан», деган гапларни тез-тез такрорлаяпти. Ҳатто, турмуш ўртоғимнинг қариндошлари ҳам, у кишининг қандайлигини яхши билишади. Қайнонам эса «Келин, ўзингиз бошидан ўргатиб қўйгансиз-да, мана энди, бошингизга чиқиб олди», дейди. Тўғриси, қандай муносабат қилишни билолмай қолдим. Шу ёлғизгина ўғлимни ота меҳрига зор ўстирмаслик учун ҳам барига чидаяпман. Аммо сабр косам тўлиб бораяпти.

Зайнаб, 28 ёш, Қашқадарё вилояти

 

Қайнонажон: — «Оиладаги иноқлик ва тотувлик ҳар қандай қийинчиликларни бартараф этишга ёрдам беради. Оқила хотин ўз эрининг ҳақиқий кўмакдоши ҳисобланади. Бундай хотин ўз эрининг сўзларини ҳеч қачон ерда қолдирмайди. Менсимасдан қарамайди. Уни ҳар бир ишда қўллаб-қувватлайди. Аммо эрга итоат қилиши керак деб, у бошлаган ҳар хил қабиҳ йўллардан юрмайди, аксинча уни қайтаришга ҳаракат қилади. Бадхулқ ва беъмани эрга учраган аёлнинг асосий вазифаси шундан иборатки, у бор кучини сарфлаб, барча чора-тадбирларни қўллаганда ҳам эрининг тузалишига ишончи йўқ бўлгач, ундан кўнгил узиш, қутулиш йўлини қидириши керак». «Олимат ал-Вано»нинг аёлларга берилган насиҳатидан ушбу сўзларни ёзишдан мақсад аввало эрингиз билан очиқ-ойдин гаплашиб, муроса йўлини тутишга ҳаракат қилинг. Чунки ажрашиш жуда осон, сиз фарзандингиз ҳаққи-ҳурмати оилани сақлаб қолишингиз керак. Ҳуқуқ тартибот органи ҳодими бўлган эрингизга Оила Кодексининг қонуний никоҳ тўғрисидаги моддасини яна бир карра эслатинг. Жуда бўлмаса, маҳалла фаолларидан фойдаланиб, мақсадга эришинг. Қонун барчамиз учун устивор эканлигини унутманглар. Сизга мустаҳкам ирода, оилавий тотувлик тилаймиз.

Шаҳноза ХАЛИЛОВА, руҳшунос: — Қайнонанангиз тўғри айтибди. Ўзингиз “эркак” бўлиб рўзғорнинг барча оғир-енгилини бўйнингизга олганингиздан кейин танбал эрга умуман иш қолмаган. Энди вазиятни ўзгартириш учун шу вазиятга нисбатан нуқтаи назарингизни ўзгартиринг. Бунинг учун ўзингизга бир савол бериб кўринг «Шу эркак сизга керакми?» Воқеаларнинг кейинги ривожи эса жавобингизга боғлиқ бўлади. Агар у чиндан ҳам сизга керак экан, барча молиявий масалаларда масъулиятни елкангиздан соқит қилиб, эрингизга юкланг.

Саодат ОЧИЛОВА ёзиб олди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!