ШҲТ кузатувчилар миссияси Ўзбекистонга келди

09:48, 01 декабрь

30 ноябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатиш бўйича миссияси кузатувчилари мамлакатимизга келди. Миссияга ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов раҳбарлик қилмоқда.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти марказий порталида қайд этилишича, ШҲТ миссияси Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан Президент сайловига халқаро кузатувчилар таклиф этилишини уни демократик тамойиллар асосида, очиқ ва ошкора ўтказишга бўлган интилишнинг яққол ифодаси, деб баҳолайди.

ШҲТ миссияси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ҳамда Президент ва/ёки парламент сайловларида ҳамда референдумларда ШҲТ кузатувчилар миссияси тўғрисидаги низом асосида сиёсий бетарафлик ва давлатнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилларига риоя қилган ҳолда амалга оширади.

Миссия таркибига ШҲТга аъзо давлатларнинг қонун чиқарувчи, ижро ва сайлов органлари, шунингдек, ШҲТ котибиятининг 20 нафар вакили киритилган.

ШҲТ миссияси ўз фаолияти давомида мумкин қадар кўпроқ сайлов участкаларига ташриф буюришни режалаштирмоқда.

Миссия Марказий сайлов комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида учрашувлар ўтказади. Шунингдек, сайлов комиссиялари, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро ташкилотлар миссиялари аъзолари, хорижий мамлакатлар кузатувчилари билан мулоқотлар ўтказишни режалаштирган.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ШҲТ сайловларни кузатиш соҳасида катта тажриба тўплаган. Бу борада 2004 йилдан буён Ташкилот томонидан 37 та миссия шакллантирилган бўлиб, уларнинг 5 таси Ўзбекистонда иш олиб борган.

Шу куни Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломов ШҲТ кузатувчилар миссияси раҳбари Р.Алимов билан учрашди.

Мулоқот чоғида Миссия раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш доирасида амалга оширилаётган ишлар билан атрофлича таништирилди.

Қайд этилганидек, сайловга тайёргарлик ишлари сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, очиқ ва ошкора олиб борилмоқда.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!