Фарҳод Алимов Райҳон билан турмуш қурганидан сўнг илк марта интервью берди

12:29, 01 декабрь

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниеванинг турмуш ўртоғи, бошловчи Фарҳод Алимов журналист Бахтиёр Тўрахоновнинг “19:09” кўрсатувида меҳмон бўлди. 

Маълум бўлишича, Фарҳод Алимов суҳбатга келишидан олдин муҳаррирдан шахсий ҳаёти билан боғлиқ бўлган саволларни бермасликни сўраган. Бунинг сабабини у қуйидагича изоҳлайди: 

“Тўғрисини айтсам, мен ижтимоий тармоқлардаги мантиқсиз муҳокамалардан чарчадим. Мен бир нарсани айтишим мумкин. Энг асосийси — биз бахтлимиз. Бошқа нарсани муҳокама қилишни истамайман ва севишни биладиган ҳар бир инсон бахтли бўлсин. 

— Тушунимча, шахсий ҳаётингиздан фойдаланиб, ўзингизга пиар қилиш мақсадингиз йўқ ва ҳеч қачон бўлмаган?

— Ҳа, ижтимоий тармоқлар орқали бу ҳақда ҳам гапиришди. Райҳонга янада машҳурроқ бўлиш учун уйланди, ҳатто клипда ҳам суратга тушди, дейишди. Аслида эса мен 2008 йилдан бери клипларда суратга тушаман. Шунинг учун шахсий ҳаётим билан ўзимга пиар қилишни истамайман, мен шунчаки бахтли бўлишни истайман. Бахтли бўлишга эса ҳамманинг ҳаққи бор!

— Сиз ўзингизга бўлган қизиқишнинг бу тариқа ортиб кетишини тахмин қилмагандирсиз?

— Очиғини айтсам, кутмагандим. Никоҳ маросими ими-жимида ўтади, деб ўйлагандим. Бироқ, бундай бўлмади, бу ҳақда ҳамма гапирди. 

— Сизлар буни яширишга уринмадингиз?

— Йўқ, нимага яширишимиз керак? Шунчаки биз буни ҳаммага эълон қилмадик. Никоҳ ошига яқин дўстларимизни таклиф этдик. Улар бизга бахт тилашди. Баъзан эса ижтимоий тармоқлар орқали қавс ичида ҳам “бахт” тилаганлар бўлди.  

— Адашмасам, асли касбингиз иқтисодчи? 

— Мен 1998 йилда Тошкент давлат аграр университетининг иқтисодиёт факультетини тамомлаганман. Ўз соҳамда банкнинг кредит бўлимида роппа-роса бир йил ишладим. Шундан сўнг бу соҳа мен учун эмаслигини англаб етдим ва касбимни ўзгартирдим. Рақамларни ёқтирмайман, менга мусиқа, шоу-бизнес олами ёқади. 

— Сизни тўйлар бошловчиси сифатида билишади. 

— Ҳа, мен тўйларда 2006 йилдан бери бошловчилик қиламан. 

— Шунча йил давомида сиз кўплаб оилаларнинг бунёд бўлишига гувоҳ бўлдингиз. Тўйлар албатта бир-биридан тубдан фарқ қилади, бироқ уларни умумлаштирувчи жиҳатлар нимада деб ўйлайсиз? 

— Мен бу тўйларда икки ёшни севги ва муҳаббат бирлаштираётганига умид қиламан. Уларнинг кўзларида тўйим қандай ўтаркин, деган хавотир, ҳаяжонни кўраман. Тўй олди тараддудида ҳар иккала инсон ҳам ўзгаради, улар тўйларининг чиройли ва эсда қоларли ўтишини исташади. 

Эслатиб ўтамиз, Фарҳод Алимов ва Райҳон Ғаниеванинг никоҳи муносабати билан 5 ноябрь куни пойтахтдаги “Атлант” ресторанида амру-маъруф дастурхони ёзилган эди. Жуфтлик асал ойини БААнинг Дубай шаҳрида ўтказди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!