Йилнинг энг фаол ёш журналистлари аниқланди

13:41, 01 декабрь

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида “Йилнинг энг фаол ёш журналисти” кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросимига бағишланган тадбир бўлиб ўтди, деб хабар беради ЎзА. 

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини рағбатлантириш ва ёш журналист кадрларни тайёрлашга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди. 

Жорий йилда танловга 30 ёшгача бўлган 500 нафардан ортиқ журналист матбуот, радио, телевидение, интернет ва фотожурналистика йўналишларида 4 мингга яқин ижодий ишини тақдим этди. 

Ижодий ишлар мавзунинг долзарблиги, ёритиш маҳорати, мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг мазмун-моҳиятини очиб бериш каби мезонлар асосида баҳоланди. Ҳар бир номинация бўйича учтадан ғолиб – энг намунали мақола, радиоэшиттириш, телекўрсатув, фотосурат ва интернет материаллари муаллифларининг номи эълон қилинди. Бундан ташқари, «Йил янгилиги», «Йилнинг энг фаол ёш телемухбири», «Йилнинг энг фаол матбуот хизмати ходими», «Йилнинг энг яхши блоггери» каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. 

“Йилнинг энг фаол ёш журналисти” кўрик-танлови ғолиблари ташкилотчиларнинг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!