Пальтонгиз кирланган бўлса... тозалаш учун 7 тавсия!

14:38, 01 декабрь

Ҳар қандай турдаги пальтони тозалашдан аввал унинг ёрлиғига аҳамият бериш ёдингиздан чиқмасин. Агар ёрлиғида  кимёвий тозалашдан ташқари, қўлда ювишга рухсат берилган бўлса, ишга киришамиз.

 

  1. Кашмир пальтосини шампунь ёки жун матолари учун мўлжалланган кир ювиш кукуни 30 даражали илиқ сув солинган катта тоғорага солинг ва  юмшоқ чётка ёрдамида доғ бўлган жойларига ишлов бериб, ювинг. Чайиш жараёнида кондиционердан фойдаланинг.  Пальтони рулон шаклида ўраб, енгил сиқинг, сўнг катта пахмоқ сочиқ солинган столга ёйиб, қуритинг. Шунингдек пальтонинг елкасига мос илгичга осиб, қуритиш ҳам мумкин.
  2. Драп пальтони тозалаш учун гиламларни тозалаш воситасидан фойдаланиш мумкин. Воситани қадоғидага кўрсатмага биноан сувда эритиб, кўпигини пальтога суртиб чиқилади ва қуригач, табиий тукли чётка билан тозаланади.
  3. Юнг газламадан тикилган пальтолардаги доғларни  1 қошиқдан сирка ва спирт аралашмасига бўктирилган губка ёрдамида артинг. Агар пальто тўқ рангли бўлса, губкани қора чойга ботириб, артишингиз мумкин.
  4. Барча турдаги пальтолардаги доғларни тозалаётганда, доғ четидан марказга қараб тозаланг, агар биринчи бўлиб марказни артсангиз, доғлар ён тарафларга тарқаб, ишингиз қийинлашади.
  5. Доғларни тозалаётганда пальтонинг тагига, албатта, сочиқча қўйинг, у ўзига доғ ва кирларни ютиб олади.
  6. Пальтога ёғ тўкилса, устига дарров картошка краxмали ёки талкдан қалин қилиб сепиб, бир неча соатга шу ҳолатда қолдиринг.  Сўнг қоқиб ташланг.
  7. Пальто ёқасидаги кирни туз ва новшадил спиртидан тайёрланган қоришмада (4:1) артиб, тозаланг.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!