Болани ҳимоя қилиш керакми ё йўқ?

14:55, 01 декабрь

Кўчадан, мактабдан йиғлаб келган, боғчадаги қитмирдан нуқул шикоят қиладиган фарзандига ачиниб нималардир қилгиси келган, дунёда адолат ўрнатишга бел боғлаган онлар ҳар бир онада ҳам бўлган. Шу лаҳзаларда қандай қарор қабул тўғри: болани ҳимоя қилиш керакми ёки муаммоларини ўзи ҳал қилишга ўргатишми?

«Ўқитувчи ўғлимни ҳақоратлабди…»

— Иккинчи синфда ўқийдиган ўғлим мактабга боргиси келмай қолди. Минг тайёрланса ҳам, ўқитувчиси паст баҳо қўяди. Етмаганига ҳамманинг олдида «Эсинг пастми?» дебди. Ўғлим йиғлаб келди. Бориб ўша «эси бор» ўқитувчининг адабини бериб келай десам, кейин аламини боламдан олишидан қўрқаман. Жим кетай десам, бу ҳеч қачон тугамайдигандек.

Машҳура

Маслаҳат: Бундай вазиятда ўқитувчи билан гаплашмай иложи йўқ. Болани кўпчиликнинг олдида изза қилиш педагогикага зид. Шу сабабли у билан гаплашинг, муаммо нимадалигини билинг. Дарсига кириб ўтириш, бошқа болаларга муносабатини кузатишга ҳам ҳаққингиз бор. Жуда бўлмаса, бошқа синфга ўтказиб юборишни мактаб директоридан илтимос қилишингиз мумкин. Лекин фарзандингиз хулқи, атрофдагилар билан мулоқотига ҳам холис қаранг. Бу ҳол фақат шу ўқитувчи билан бўлаяптими ё бошқалар билан ҳам шундайми? Болангиз бирор муаммога дуч келганида биринчи бўлиб ўзи ҳал қилишга уриниб кўрадими ёки дарров арз қилишга тушадими? Агар бу фақат шу ўқитувчи билан боғлиқ бўлса, албатта, боланинг ёнини олиш керак. Чунки кичкинтой ҳали катталар олдида ўзини ҳимоя қилолмайди, кўнглидагиларни билдира олмайди, фикрини тўлиқ ифодалашда ҳам ожиз жиҳатлари кўп. Шу сабабли фарзандингизнинг ўзига хослигини ўқитувчига тушунтириш, ўқитувчининг ҳам ўғлингиздан нима истаётганини билиш лозим. Тажрибалардан маълум бўлишича, ўқитувчи қайси ўқувчисининг ота-онаси билан кўп мулоқотда бўлса, ўша боланинг ўзлаштиришида юксалиш кузатилади. Демак, ўқитувчи билан алоқаларни тикланг. Бордию фарзандингизнинг атрофдагилар билан муносабатида муаммо чиқса, доим олдингизга арз қилиб келадиган бўлса, демак, унинг ўзи билан шуғулланиш, болада мустақиллик, журъат ва иродани тарбиялаш керак.

Бола мактабда калтак еса…

— 1-синфда ўқийдиган ўғлимни мактабда нуқул болалар ураяпти. Албатта, ўласи қилиб калтаклашаяпти деёлмайман, аммо барибир бу одамнинг дилини хира қилади. Бугун дарсдан қочиб келди, кўзи тўла ёш, мактабга бошқа бормайман, деяпти. Ўқитувчиси билан ўтган ҳафта хабарлашдим, ўғлимни хафа қилаётганлар билан гаплашиб қўйишга ваъда берди. Аммо аҳвол ўзгармади. Дадаси «Бу бўлажак эркак, ўзи ҳал қилсин, аралашма», деяпти. Савол: ота-оналар мактабга бориб бошқа болалардан фарзандларини ҳимоя қилишлари керакми ё болаларнинг ўзларига қўйиб берган маъқулми?

Малика

Маслаҳат: «Болалар уришаяпти»ни турлича талқин қилиш мумкин. Баъзида ўқувчилар танаффусда йўлакда ўйнай туриб бехосдан туртишиб кетишади, бу ўйин жараёнидаги ҳолат ва кичик зиддиятларга туғма мойиллиги бор ўғил болаларнинг шўхлиги бўлиши мумкин. Буни айрим болалар ўзларига нисбатан тажовуз деб қабул қилишади. Аммо айрим ҳолларда бола чиндан ҳам тенгдошлари томонидан босим остида қолиши мумкин. Бунинг сабабини билиш учун аввало мактаб ўқитувчисини жалб қилган ҳолда синфдаги аҳволни, ўғлингизнинг тенгдошлари орасидаги мавқеи ва ўрнини аниқланг. Балки айрим ўринларда унинг фаолроқ бўлгани маъқулдир. Болангизнинг ўзига нисбатан баҳоси ва ишончини оширинг. Уни спорт тўгаракларига беринг. Бу нафақат унинг ўзини ҳимоя қилиши, балки ўзига нисбатан ишончининг ортиши учун ҳам зарур. Аммо мактабларда шунақанги тарбияси бузуқ болалар бўладики, бу кичкина «золим»лар атрофдаги тенгдошларини ўзларига бўйсундиришни исташади. Қилмишлари жазосиз қолишини билганлари учун ҳадларидан ошаверадилар. Ўқитувчилар бу вазиятга эътибор бермайдилар ёки ўзларига муаммо орттиришни истамаганлари учун шунчаки ўзларини кўрмаганга олишадилар. Мактаб раҳбариятининг эса гўёки бундан муҳим муаммолари тиқилиб ётибди. Агар шундай вазиятга дуч келсангиз, кимдир фарзандингизни мунтазам таҳқирлаб, таъқиб этаётганини сезсангиз, ўзлари ҳал қилишади деб ўтирманг. Чунки доимий босим болангизнинг ўқишга кўнглини совутиш билан бирга руҳиятига ҳам жиддий таъсир кўрсатади. Ўқитувчи, мактаб директорини муаммога жалб қилинг, кутилган натижага эришмасангиз, яқин атрофдаги бошқа мактабга фарзандингизни ўтказинг. Хуллас, бу ҳолни шундай қолдирманг.

«Эрим жуда қаттиққўл»

— Эримни жуда ҳурмат қиламан, оиламизда у бош. Ҳар доим одамлар олдида ҳам, ёлғиз қолганимизда ҳам ҳурматини жойига қўяман. У — яхши ота, фарзандларимиз учун жонини фидо қилишга тайёр, тарбияси билан шуғулланади, тўгаракларга олиб боради, дарсларига қизиқади. Аммо бир масалада ҳеч якдил эмасмиз: эрим болаларни жазолаганига чидаб туролмайман. Тунов куни ўғлим шкафнинг тортмасини синдириб қўйибди. Отаси урмоқчи эди, қўймадим, боламнинг ёнини олиб қаттиқ гапирдим. Боланинг олдида менинг обрўйимни тўкдинг, деб хафа бўлди. Нима қилай, боламнинг калтакланишига чидай олмайман-да.  

Фарида

Маслаҳат: Ёш болани жисмоний жазолаш ўзини оқлайдиган усул эмас. Болага тушунтириш, ибрат кўрсатиш орқали таъсир ўтказиш мумкин. Буни турмуш ўртоғингизга тушунтиришингиз керак. Фақат алоҳида қолганингизда. Боланинг олдида ҳеч қачон эр-хотин икки лагерга бўлиниб кетмаслиги керак. Ота-она тарбияда якдил бўлмаса, бундан бола фойдаланади. У отасини ҳурмат қилмай қўйиши, сизга ундан арз қилиши, ўзига қулай пайтда бу зиддиятни ишга солиб, муродини ҳосил қилишга уриниши мумкин. Яна бир гап, дадасининг важоҳатидан қўрққан фарзандингизни янада қўрқитишга уринманг. Масалан, «Кўрдингми, яна шунақа иш қилсанг, отанг аяб ўтирмайди», деманг. Яхшиси, «Бугун даданг чарчаган, аслида у сизларни жуда яхши кўради», денг. Юқорида ўзингиз ҳам буни таъкидлагансиз. Турмуш ўртоғингиз билан иккингизнинг ҳам кайфиятингиз чоғлигида суҳбатлашинг. Болалар тарбиясида куч қўллаш ҳеч қайси қолипга сиғмаслигини, жисмоний жазо ўрнига болани бирор нарсадан маҳрум этиш (дейлик, компьютерда ўйнашига, телевизор кўришни таъқиқлаш, ўртоқлари билан айлангани кўчага чиқармаслик) яхшироқ самара беришини тушунтиринг. Боланинг бирор ёмон қилиғи учун  агар у шундай жазоларни қўлласа, уларнинг бажарилишини ўзингиз назоратга олишингизни айтинг.

 

Оналар фикри

— 7 яшар бола ҳали ўзини ҳимоя қила олмайди, шу сабабли болалар ўзлари ҳал қилиб олишади, деган позицияни ёқламайман. Катталар болаларнинг боғча-мактабдаги муаммоларига, албатта, аралашиши керак.

Назира

— Бола ўзи тенгилар билан муносабатда ўзини ҳимоя қила олиши керак. Бўлмаса, бутун умр уни паноҳингизга олиб юришингизга тўғри келади. Каттароқ ёшдаги бола урса ёки босим ўтказса, аралашиш мумкин деб ҳисоблайман.

Элмира

— Болалариимзга ўзини хафа қилдириб қўймасликни ўргатишимиз керак. Ҳар қандай тажовузга муносиб жавоб берсин. Спорт секциясига берасизми, уйда боксчилар урадиган чарм қоп осиб қўясизми — хуллас, болада доим жасорат бўлиши керак.

Турсуной

— Мен ҳеч қачон боламни хафа қилдириб қўймайман. Бориб ўша ўқитувчисига ҳам, фарзандимни хафа қилган ярамаснинг ота-онасига ҳам кимлигимни кўрсатиб қўяман. Мактабда ҳамма мендан қўрқади...

Тамара

— Йўқ, аралашмаслик керак. Ўзини ҳимоя қилишни ўрганмагунча бола шахс бўлиб шакллана олмайди. Албатта, муштга мушт билан жавоб бериши шарт эмас-ку! Муроса, дипломатияни ишга солсин, зиддиятларни мустақил бартараф этишни ўргансин.

Лола

Шаҳноза СОАТОВА

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!