Нега кўнглингиз султонини сева туриб, у билан бирга бўлишни истамаяпсиз?

16:30, 01 декабрь

Сарлавҳага кўзингиз тушиши билан қачондир ҳаётингизда содир бўлган ёки ҳозир ҳам мавжуд муаммони эсладинги-зу, этингиз увишди. Тўғри-да, ахир эр-хотин муносабатларида жинсий яқинликнинг аҳамияти катта. Аммо айнан шу масалада жуфтингизни ёқтирмай қолсангиз-чи? Аксига олиб, унга буни тушунтиролмасангиз ёки «бефарқлик», «ўзгариб» қолганликда айбланиб, жазолансангиз... Хўш, нега шундай бўлади? Нега кўнглингиз султонини сева туриб, у билан бирга бўлишни истамаяпсиз? Бунинг сабаби нима? Келинг, ечимини топишга уриниб кўрамиз.

 

Ортга қайтамиз...

Хушингизни ўғирлаган жуфтингизни қайси хислатлари учун севиб қолгансиз? «Кўркамлиги, ҳамиша ўзига қараб юргани учун» деб лабингизни тишламанг. Бугун ҳаммаси бошқача бўлса, бунга фақат ўзингиз сабабчисиз. Кўзгуга қараса, «Кимга ёқмоқчисиз?» каби пичинг қилавериб, мана, шаҳзодангизни соч-соқоли ўсган эркакка айлантирдингиз. Шу ҳолатда сизга яқинлашса, албатта, рад этасиз-да.

Нимадан норозисиз?

Яқинликдан нима қайтараяпти, қаппайган қорними ёки ундан келаётган нохуш ҳид? Жавоб беришга ийманаётган бўлсангиз, бу ҳам сизнинг муаммонгиз эканлигини билиб қўйинг. Қорин қўйишига олиб келманг эди. Қоматингиз учун парҳезларни ахтаравермай, «Бегим тўлишиб кетаяпсиз, машқ қилиб туринг» десангиз, асакангиз кетмасди. Ёки яқинлик қилишдан аввал хушбўй атирлардан фойдаланишни ўргатинг эди, аёллик макрингизни ишга солиб. Ахир уддалардингиз. «Сиздан таралаёган ифорни жуда ёқтираман» тарзида.

«Асал ойи» тугади, дейсизми?

Тўйдан кейинги биринчи йил давомида жинсий яқинлик иккингиз учун ҳам исталган эди. Жуфтингизнинг эркаловчи сўзларидан ўзингизни дунёдаги энг бахтли аёл билардингиз. Энди-чи? «Эркаламайди», «қўрс», «фақат ўзини ўйлайди» дейсиз. Ўйлаб кўринг, қачондан бери шундай? Балки бунга бирор ҳолат сабаб бўлгандир? Эҳтимол турмушдаги муаммоларни ётоққа аралаштириб, эҳтиросларнинг сўнишига олиб келгандирсиз. СИЗ деяётганимизга ранжиманг. Чунки эркаклар яқинлик вақти бошқа масалаларга чалғишни ёқтиришмайди. Аёлларда эса аксинча.

У сизни хафа қилган...

Ҳа, муаммонинг бу томони ҳам бор. Одатда эркакнинг бирор ножўя ҳаракати, хатоси ёки қаттиқ ранжитиши туфайли унга нисбатан қизиқиш сўнади. Айниқса, аёлини ҳақорат қилса, камситса ёхуд оёқости қилса, ҳиссиётлар секин-аста йўқолиб боради. Бу аёлнинг руҳиятига қаттиқ таъсир этиши билан оғриқлидир. Айнан шу ҳолатларнинг тез-тез такрорланиши яқинлик борасида муаммоларни пайдо қилади.

Агар бу ҳолат сизга таниш бўлса, жуфтингиз билан суҳбатлашинг. Муомала-муносабатидан норози эканлигингизни билдиринг. Бунга ҳаққингиз бор! Шунга яраша ўзингиз ҳам муносабатингизни ўзгартиринг. Ўзгаришларни сиз бошлаб беринг, у ҳам ортингиздан эргашади.

Уйғунликни пайдо қилинг...

10-15 йил эҳтиросларнинг сўниши учун асос бўлолмайди. Қайнона-келин можаролари, бирин кетин фарзандларнинг туғилиши – булар ҳам муҳаббат алангасини сўндирмаслиги лозим. Истасангиз, «асал ойи»ни қайтара оласиз. Аммо бунинг учун бир-бирингизни эшитишни, тушунишни ва севишни ўрганишингиз керак. Бир-бирингизнинг қизиқишларингиз, фикрларингизни ҳурмат қилиш ҳам муҳим. Сиз «боғдан», у «тоғдан» келиб турса, уйғунлик қаердан пайдо бўлсин?

Муаммолар ҳаммада бор!

Эрингиз жуда содда. Омадсиз. Пухта эмас. Эҳтимол сизни яқинликдан қайтараётган сабаблар шулардир? Балки моддий томондан имкониятининг чекланганлиги ёки бошқаларга ўхшаб, уддабурон эмаслиги туйғуларингизни имтиҳон қилаётгандир? Хулоса қилиш ўзингизга ҳавола, бироқ ўткинчи нарсаларни деб муносабатларга дарз кетказиш... Кескин фикр бўлса ранжиманг, аммо ҳар бир омадли эркак ортида кучли аёл туради. Ўша аёлга айланинг, кўрасиз, турмуш ўртоғингиз қандай ўзгаради!

 

«Эрни эр қиладиган ҳам қаро ер қиладиган ҳам хотин». Юқоридаги фикрларни ўқиган бўлсангиз, нега айнан шу мақол билан тугаллаётганимизни тушундингиз. Муносабатларга аввалги эҳтиросларни қайтаришга ҳали ҳам кеч эмас. Салгина эътиборли, салгина уддабурон бўлинг. Гина-кудуратни унутинг!

 

Шифокор-сексопатолог Дилмурод ЭРГАШЕВ тавсиялари асосида Маржона тайёрлади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!