Эрни эр қиладиган – хотин

10:48, 02 декабрь

Гўштсиз, ёғсиз тайёрланган хонимни дастурхон устига қўяр эканман, эримнинг ҳеч бир истиҳоласиз овқатга чанг солганидан жиғибийроним чиқиб кетди:

— Дадаси, бу уйдаги охирги ун, охирги картошка, умуман бу уйда мен пиширган охирги овқат, маза қилиб енг!

— Овқатни заҳар қилма, болаларни олдида жанжал чиқарма!

— Етти қўшнидан сўраб тайёрланган овқат, аслида, мен учун заҳар, болаларингиз эса сиздан кўра уйдаги аҳволни яхшироқ билади. Буларнинг ранг-рўйига қаранг, қачон тузукроқ овқатланиб, қачон янги кийим кийганини эслайсизми ўзи? — ичимдаги аламни босишга ҳар қанча уринмай, хўрлигим келиб, тилимни тия олмай қолдим, яна жуда кўп нарсаларни айтиб юбордим, дастурхонга эмас, отасининг важоҳатга минишидан қўрқиб, мўлтираб турган уч ўғлим ҳам кўзимга кўринмади. Икки йилдан бери уйга бир сўм олиб келмаётгани, мени ишдан беайб бўшатишди, деб бутун ер юзини ёмонлаб, кун бўйи телевизор кўриб, сўкиниб ўтиришини, болаларнинг на эгни-бошига, на ош-овқатига, на дарс тайёрлашига ёрдам бериши, ҳатто қув-қув йўталаётган кенжа ўғлим учун дори олиб беришга ҳам бирор тийинимиз қолмаганини йиғлаб гапириб ташладим. Ҳали ҳеч қачон болалар олдида тилга олмаганим — пулсиз, ишсиз қолгани учун ташлаб кетган иккинчи хотини ва қизи, икки йилдан бери йиғилиб ётган алименти, менинг тупроққа қориштирилган ғуруриму изидан зор йиғлаганларим, эримнинг ўз мансабини суъистеъмол қилиб, давлат мулкини талон-тарож қилгани учун акасию отаси ўз уй-жойини, машинасини сотиб,  давлатга қайтарган миллионлаб пуллари ҳақида эслатиб қўйдим. Буларни ҳаммасини айтиб, енгиллашмадим, аксинча, қандай қилиб шунча муаммо билан яшаётганимизни ўйлаб, кўз олдим қоронғилашиб кетди. Худди шу пайт олдимдан хоним тўла лаган учиб ўтиб, деворга бориб урилди.

— Бўлди, қиласанми ёки йўқми? — эрим дастурхондан отиш учун яна бирор нарса қидира бошлади. Кичик ўғилларим изиллаб йиғлай бошлади, каттаси эзилганча менга қаради, нигоҳида «Ойи, гапирманг» деган ялиниш борлигини кўрдим. Тилимни тийишим кераклигини билдим, лекин ерга лаган синиғига қоришиб ётган хонимни кўриб, бошим қизиб кетди: 

— Овқатни сиз учун эмас, болаларим учун қилгандим, ундан кўра тепкилаганингиз яхшийди!

...Ҳа, ўша куни болаларимнинг кўз олдида менга ташланди. Каттам жон ҳолича устимга ётиб олиб, мени ҳимоя қилмагунича эрим тинчланмади. Кейин... эрим уйдан чиқиб кетиб, орадан 3 кун ўтгандан сўнг қайтиб келди. Бири тўққиз ёшни тўлдирган, иккинчиси еттига қараб кетаётган, кенжаси икки ёш бўлган фарзандларим қўрққанидан яна бир бурчакка ғужанак бўлиб олишди.

— Менга қара, мен иш қидириб кўрдим, аммо ўзимга мосини топомадим. Туғруқ таътилингни қисқартиргин-да, ишингга қайт, мен болаларга қараб тураман, ўртоғим яхши таклиф бераяпти, ўша иш ўхшагунча биттамиз ишлаб турганимиз яхши.

Индамадим, нима қилай, ўзимга эр керак эмас, лекин бу уч ўғилга ота шарт! Ортиқча гапириб ҳам ўтирмадим. Гарчи ишлашим ҳақидаги таклифни ўзим аввалроқ бир неча марта айтган бўлсам-да,  эрим унамаганди. «Сен кетсанг, болаларга ким қарайди, мактабга ким олиб бориб келади» деб, рухсат бермаганди.

Ҳамшира бўлиб ишимни давом эттирдим, орадан 1 йил ўтса ҳам эрим иш тополмади. Уйдаги тўрт эркакни боқиш, қарзларни ёпиш учун кечаси билан ошхонада нарса пишириб, ишхонада шифокорлар, беморлар, ҳамкасбларга қуймоқ, сомса, хоним кабиларни сотиб юрдим. Кейинроқ бош шифокор буни тақиқлагач, даромадимнинг ҳам пайи қирқилди.

— Дадаси, ёнимиздаги бозорчани гаплашиб келдим, институтнинг олдида жойлашган, катта термосга қайноқ сув солиб, хонимми, сомсами тоғорага солиб берсам, сиз талабаларга сота оласизми? Уларнинг кўпчилиги эрталаб ётоқхонада чой ичмайди, биз қаҳва, пишириқни арзонроқ берсак, клиентимиз кўпайиб кетади. Ҳеч бўлмаса, рўзғоримизни бир учидан кўтариб турарди. Мен ишга борсам, бунга улгурмайман. Эрталаб атиги икки соатда сотиб бўласиз, жон дадаси... Биров сизни танимайди, кепкани бостириб кийиб олсангиз бўлгани, сизни танишларингиз у кичик бозорчанинг яқинига ҳам йўламайди. Нима бўпти, тирикчиликнинг айби йўқ-ку!

Рози бўлишига умуман кўзим етмаса-да, биринчи марта эримга маслаҳат солганимгами, у негадир мен томон ён босди.

— Бозорга ҳеч қандай тўлови йўқ эканми? Харажатларингни ҳисоблаб чиқдингми, устига қанча қўясан?

— Ҳали ҳеч нарсани ҳисобламадим, сиз банкда ишлагансиз, мендан яхши биласиз-ку. Ижарага машина ҳайдаб, кира қилиб топадиган фойдангиздан яхши бўлади, мени айтди, дейсиз. Секин-аста, бошқа нарсаларни ҳам сотамиз, алоҳида раста оламиз, эрта тонгда Қўйлиқдан бозор қилсак, анча фойда қолади...

Эрим аввал банкда ишлагани учун ҳам бизнес режа нималигини яхши биларди. Эртага бориб, бозордагилар билан гаплашиб кўраман, деб менга умид бағишлади. Бироқ орадан бир ҳафта ўтса ҳам ўрнидан қўзғалмади, «Кўчада хоним сотувчи бўлиш учун институтда ўқимаганман», деб унамай уйга ётиб олди. Бу орада бир шифокоримиз «Болаларимни мактаб, тўгаракка олиб бориш учун ҳайдовчи ёлламоқчиман, ўз машинамни бераман», деб қолди. Дарҳол «Хўжайнимга беринг шу ишни, жон деб ишлайди», деб унга ялиндим. Маошли иш, шунингдек, қимматбаҳо машина ҳайдашини эшитиб, эримнинг дили ёришгандек бўлди.

Шундай қилиб, эрим ўша оиланинг ҳайдовчисига айланди, афсуски, унинг кўчада қимматбаҳо машина ҳайдаб юрганини кўрган иккинчи хотини ва бошқа қарздорлар уйимнинг турумини бузиб юборай дейишди. Қўли пул кўра бошлагандан кейин турмуш ўртоғимда ҳаётга сал бўлса-да қизиқиш уйғонди. Ора-сира «Сен айтган анави ишни қилиб кўриш керак», деб қўярди. Бир сафар якшанба куни эрталаб туриб, катта тоғорани тўлдириб, хоним тайёрладим. «Ҳеч бўлмаса, бозорчагача кўтаришиб юборинг, ўзим сотаман, сиз кетаверасиз», деб эримни зўрға уйғотдим. Иккаламиз биргаликда бозорчага қараб кетаётиб, уришмасдан, хотиржам гаплашдик:

— Бобом катта новвой бўлган. Пиширган патир, нонларини сўраб, Тошкентнинг ҳар томонидан одамлар келар экан. Балки бобомнинг набираси бўлганим учун хамирли овқатларим яхши чиқар...

— Менинг  бобомнинг бобоси эса ширапаз бўлган, новвот, пашмак деган нарсаларни улардан ошириб ҳеч ким қилолмаган! Олдин одамлар ошпаз, тикувчи, ҳунармандни бошига кўтариб қадрлаган, ҳозир ҳамма менеджер, маркетолог! Оддий сотувчидан «Ким бўлиб ишлайсан?» деб сўрасанг, «Савдо менежери» ёки «консультант-сотувчи» деб жимжимадор гапларни айтади...

— Ўша-да, дадаси, фақат битта ишга ёпишмай, кунда даромад келадиган бир иш ҳам қилиш керак. Нега уяламиз? Масалан, мен уялмайман, ишхонадагилар хонимларимни мақтаб-мақтаб ейишади. Ҳатто бир-иккитасига қандай қилишни ўргатганман ҳам...

Бозорчада соат 6 ҳам бўлмай қатиқ, қаймоқ олиш учун келган ёши улуғлар, ота-онасини йўқлаш учун бозорлик қилаётган ёш оилалар тоғора тўла хонимимни талашиб-тортишиб олиб кетишди. Чеккароқда ишимни кузатиб турган эримнинг ҳам кайфияти очилди.

— Икки соатда 3 кило гўштнинг пулини ишлабмиз-а, хотин!? — деди хўжайиним пулни санаб лаб-лунжини йиғиштиролмай.

Ичимда «Битта картошка ҳам артмай, 70 метр жойга тоғорани кўтариб келгани учун «ишлабмиз» деган эримдан ўргилай» десам-да, ўша пулларнинг ҳаммасини Акром акамга бердим.  «Хўш, 3 кило ун мана шунча бўлади, ёғни мана бунчага олгансан, соф даромадимиз бунча, агар ҳафтада икки марта чиқсак, пулимиз бунчага кўпаяди...»

Акром ака уйга кела-келгунча харажат, таннарх, фойда кабиларни гапириб келди. Ўша кундан бошлаб, нафақат хоним тайёрлашга қарашадиган, балки, ўзи сотиб келадиган ҳам бўлди. Ҳафта давомида ҳайдовчилик, дам олиш кунлари сотувчилик қилишдан орланмай қолди. Мени эса бу орада энг меҳнаткаш ва уқувли деб билиб, бўлимга бош ҳамшира этиб сайлашди. Эримнинг тартиб билан ишлагани, ўз вақтида етиб келиб, болаларнинг ишончини қозонгани учун шифокоримизнинг турмуш ўртоғи автобазага ишга жойлашишига ёрдам берди. Турмуш ўртоғим бир эмас, икки, уч вазифада ишлай бошлади, ҳам иқтисодчи, ҳам ҳайдовчи, ҳам бозорга чиқадиган бўлди. Ҳаётимиз бир текис кета бошлади. Ўзининг керакли, фойдали эканини била бошлаган Акром акамнинг  мен ва болалари билан муносабати ҳам тикланди, иккинчи хотини ҳар тугул бахтини топиб кетди, аммо эримни оталик ҳуқуқидан маҳрум қилмоқчи бўлди, рози бўлмади, оз бўлса ҳам қизи учун алимент тўлай бошлади. Қарзларимиз... бу уммон-уммон муаммо билан ҳали буткул кураша олганимиз йўқ, лекин ҳаракат қилсанг, биринг икки бўлишига, бузишга эмас, тузишга уринсанг, синганни ҳам чегалаб яшаш имкони борлигига, одам катта бахтсизликлар олдида кичик бахтни топишга мажбур эканлигини, бу яшашнинг бирдан бир қоидаси эканини ҳар иккимиз ўз ҳолимизча тушундик... Бизнинг кўп муаммоларимиз иқтисодий қийинчиликлар эди, ҳозир буларнинг аксариятидан халос бўлдик... Кўпинча ишхонада, маҳаллада, айниқса, қариндошлар орасида «Эрингизни тушкун ҳолатдан олиб чиқиб кетдингиз-а, одамлар қаторига қўшдингиз-а» дейишади. Йўқ, менинг хатоларим ҳам етарлича. Неча минг марта ажрашаман, деганман, неча минг марта эримни отамдан қолган уйдан ҳайдаб чиқаргим келган пайтлар бўлган, айтмаган, уришмаган гапимиз қолмаган. Ҳар доим ҳам у истаган гап айтолмагандирман, хиёнат қилиши учун ўзимнинг ҳам етарли айбим бўлгандир, даста-даста пулларининг келаётган боғини суриштирмагандирман, хуллас... Муҳими, иккимиз ҳам ўзгардик, энди ҳаётимиз, турмушимиз ҳам ижобий томонга ўзгаришига ишонаман...

Азиза ҚУРБОНОВА оққа кўчирди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!