Номсиз бармоққа узук тақиш мумкин эмасми?

11:48, 02 декабрь

— Бир танишим динимизда қўлнинг номсиз бармоғига узук тақиш мумкин эмас, деб айтди. Мен шу бармоғимга кумуш узук тақиб юрардим. Энди иккиланиб қолдим, танишим айтган сўзларда жон борми?

 

Саволга Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туман бош имом хатиби, «Шайх Зайниддин» жоме масжиди имом хатиби Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли жавоб берди:

 

— Кўпинча, етарлича диний билимга эга бўлмаган кишилар аслида рухсат этилган нарсаларни мумкин эмас дейишлари сабаб турли тушунмовчиликлар юзага келади. Абу Бурдадан ривоят қилинган ҳадисда «Али ибн Абу Толиб «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мени манави ва манави бармоғимга узук тақишдан қайтарганлар», деб ўрта ва ундан кейинги бармоғига ишора қилди» (Муслим ва Насоий ривояти).

Бу ривоятда эркак киши ўрта ва ундан кейинги бармоғига узук тақиши мумкин эмаслиги айтилмоқда. Ўрта бармоқдан кейин номсиз ёки кўрсаткич бармоқ келади. Ривоятда булардан қай бири назарда тутилгани бошқа ўринларда зикр қилинган. Абу Бурдадан ривоят қилинади: «Мен Алининг «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мени кўрсаткич ва ўрта бармоққа узук тақишдан қайтарганлар», деб айтганини эшитганман» (Насоий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

Демак, мусулмон киши ўрта ва кўрсаткич бармоғига узук тақмайди. Жимжилоғига, яна номсиз бармоғига узук тақиш мумкин.

muxlis.uz сайтидан олинди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!