Рашкнинг сабабини аниқлаб, давосини топишнинг 5 чораси

14:31, 02 декабрь

Мақтанг!

Сабаб: Севган инсонини йўқотишдан қўрқиш. «Агар у мени ташлаб кетса, ҳеч кимга керак бўлмай қоламан», деб ҳисоблайди ва ташлаб кетмасликларининг чорасини олдиндан кўрмоқчи бўлади.

Ечим: Бу тоифа кишиларнинг ўзига ишончини ошириш керак. Яъни унинг дунёдаги энг меҳрибон турмуш ўртоқлигини айтиб, мақтаб турилса, рашк хуружи чекинади. Уларнинг атайлаб рашкини келтириш ярамайди, унутманг.

 

Очиқча гаплашинг!

Сабаб: Арзимган нарсада ҳам хиёнат соясини кўради. На ишонади, на тинч қўяди. Ҳар дақиқада норозилигини билдириб туриш у учун одатга айланган.

Ечим: Очиқчасига гаплашиб олинг, унинг шубҳа-гумонлари сиз учун хақоратомуз туюлишини тушунтиринг. Лекин энг асосийси, ўзингиз ҳам унинг рашк қилиши учун сабаб бўла оладиган вазиятларга тушмасликка ҳаракат қилинг.

 

Эътиборингизни қизғанманг!

Сабаб: Жуфтингизнинг сизга беэътиборлиги ёки сизнинг унга бефарқлигингиз.

Ечим: Ҳамиша севган инсонингизнинг эътиборида бўлишга эриша олиш катта санъат ва ютуқ! Фақат ошириб юборилмаса бўлгани. Бу эътибор рашк асорати сифатида назорату шубҳага айланиб қолмасин тағин?!

 

Сукут сақланг!

Сабаб: Берухсат қилинган кичкина ишни ҳам ўзига қарши кўтарилган исёндек қабул қилади. Бўйсиндириш учун тилини қисиқ қилувчи баҳоналар қидиришдан чарчамайди.

Ечим: Ўзингизни оқлашга уринманг. Бу жанжални авж олдиради. Жим эшитиб, бир-икки кун ўтгач, вазиятга ойдинлик киритинг.

 

Қасдма-қасд иш тутманг!

Сабаб: Зерикиш, мақсад йўқлиги, ишсизлик (айниқса, эркакларда) беҳуда рашкка сабаб бўлади.

Ечим: Аввало хизматларингиз, топаётгани пулингиз, ишдан чарчашингизни миннат қилманг. Турмуш ўртоғингизни руҳлантиринг. У билан келажак ҳақида режалар тузинг. Бу билан унинг ишончини оширасиз.  

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!