Дунёни тескари кўрадиган бола

14:36, 02 декабрь

Махедра чақалоқлигиданоқ, дунёда мавжуд нарсаларнинг оёғини осмондан қилиб кўришга маҳкум этилганди, деб хабар берди “Nonbox.ru” нашри.

Махедра туғилганда, мускуллари жуда заиф бўлганидан, ҳатто бошини ҳам тутолмасди. Туғма миопатия уни жуда нимжон қилиб қўйганди. Унинг баъзи бир қўшнилари “Бу бола эмас, балки тавқи ланъатдир!”, деб ҳисоблашарди. Махедрани даволатишга ота-онасининг пули йўқ эди, улар тақдирга тан берганди. Аммо Махедрага ёрдам берадиган, келажакка ишонч уйғотадиган одам топилди.

Ҳиндистонлик Махедра исмли болакайнинг касалликдан азият чекаётганидан хабар топган Жули Жонс исмли аёл унга ёрдам беришга қарор қилди.

“Касбим болалар билан боғлиқ бўлгани учун, бир нафас бўлса ҳам Махедрани хаёлимдан чиқара олмадим”, дейди у.

Жули болани операция қилиш учун одамлардан пул йиғишга киришди. Натижада Махедра ҳақида телевизорда кўрсатув намойиш этилди. Керакли маблағни тўплаш учун Жули ижтимоий тармоқларда саҳифа ташкил этди. Қийинчилик билан бўлса-да, операция учун пул йиғилди ва бир неча босқичдан иборат бўлган операция муваффақиятли тарзда амалга оширилди. 

Жулининг ҳинд тилини тушунмаслиги Махедра билан мулоқот қилишига халақит қилмади. Аёл операция учун йиғилган пулнинг қолган қисмига Махедра билан алоқада бўлиш учун IPad сотиб олиб берди. Энди улар бемалол ижтимоий тармоқ орқали мулоқот қилишмоқда.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!