Лола Каримова ўзбек палови ЮНЕСКОнинг маданий мероси рўйхатига киритилганини маълум қилди

15:39, 02 декабрь

Лола Тиллаева-Каримова ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида  ўзбек палови ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилганини маълум қилди.

“Азизлар, ўзбек палови маданияти ва анъаналари ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилди.

Биз ушбу янгиликдан ниҳоятда хурсандмиз. Бунинг аҳамияти нимада ва бу нимани англатади, деб сўрашингиз мумкин.

Инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхати миллатлар, жамоалар, гуруҳлар ва шахслар томонидан тан олинган анъаналар, урф-одатлар, билимлар ва уларга тегишли воситалар, асарлар ва маданий маконларни асрашга йўналтирилган. Мазкур рўйхат ушбу нуфузли халқаро ташкилот томонидан тасдиқланадиган жуда муҳим ҳужжатдир. 

Бизнинг ЮНЕСКОдаги Доимий ваколатхонамиз фаолияти мобайнида, яъни 2008 йилдан то 2016 йилгача бўлган давр ичида, ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига шунингдек Наврўз байрами, Шашмақом, Катта ашула, Аския санъати, Бойсун маданий муҳити киритилди. 

Рўйхатга киритиш жараёни икки йил ва ундан ортиқ вақтни талаб этади. 

Ҳозирда бизнинг ваколатхонамиз янги лойиҳалар устидан иш олиб бормоқда, ва анъанавий таомимиз бўлмиш палов билан боғлиқ урф-одатлар ЮНЕСКОнинг рўйхатидан жой олгани тўғрисидаги хабардан биз жуда мамнунмиз. 

Палов ўзбек халқининг кундалик ҳаётида ҳамда тўй ва маракалар, эҳсонларда ўртага тортиладиган таомдир. Ўзбек анъаналарига кўра, мезбон ўртага палов тортганидан кейингина меҳмонларга кетишга рухсат берилади. Асрлар оша авлоддан авлодга ўтиб келаётган палов билан боғлиқ урф-одатлар халқимизнинг маданияти ва қадриятларининг муҳим қисми ҳисобланади”, — деб ёзди Лола Каримова.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!