Фолбинлик қилганларнинг гуноҳлари кечирилмайдими?

10:58, 12 декабрь 2016

Бу саволни беришга сал иймандим-у, аммо на илож... Мен анча йил аввал фолбинлик қилганман. Бунинг ширк эканини билмагандим. Бундай иш билан шуғулланувчиларнинг охирати куйиб кетиши ҳақида айтишса ҳам, қулоқ солмаганман. Фолбинга ҳам борганман, бунинг ҳам ширклигини билмагандим. Ҳозир минг пушаймон ила бу ишдан четландим. Наҳот энди мен бу ишларни қасддан қилган бўлиб, тавбам қабул бўлмаса? Энди борар жойим аниқ жаҳаннамми?!

 

Саволга Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туман бош имом хатиби, «Шайх Зайниддин» жоме масжиди имом хатиби Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли жавоб беради.

 

— Аввало, вақтида хатонгизга иқрор бўлиб, тавбага юзланганингиз яхши бўлибди! Аллоҳ бардавом қилсин!

Яратган Зот бандаларига жуда меҳрибон. Одам боласи билиб-билмай гуноҳга қўл уриб, кейин астойдил тавба қилса, гуноҳи қанча катта бўлмасин, уни кечиради. Бу ҳақида шундай марҳамат қилинган: «(Эй Муҳаммад, турли гуноҳлар билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилади. Албатта Унинг Ўзи мағфиратли, меҳрибондир», деб айтинг» (Зумар сураси, 53-оят).

 Шундай экан, сиз Аллоҳга ҳақиқий тавба қилинг, солиҳ амалларда бардавом бўлинг! «Гуноҳим кечирилмаса-я?», деб хавотир олманг. «Бошқа қилмайман, тавба қилдим», деб Аллоҳга сўз бердингизми, бўлди, У Зот гуноҳингизни кечиради. Бундан кейин шариатга мувофиқ яшасангиз бўлгани.

Шу ўринда бир муҳим нарсани эслатиб ўтайлик. Тавба қилган одам ҳар доим ўша гуноҳини эслаганда, қилмишига пушаймон бўлиши керак. Баъзи кишилар: «Биз гуноҳларимизга тавба қилганмиз», дея туриб ҳам ўша гуноҳни эслаганларида, қалбларида заррача пушаймонлик ҳис қилмайдилар. Аксинча, гуноҳ қилиб юрган чоғларини ёдга олиб, «Аммо лекин ўша пайтлар зўр эди-да», деб қўядилар. Уларнинг бу гапи тавбаларининг ҳақиқий эмаслигини кўрсатади.
Хулоса қилсак, ҳар бир гуноҳкор чин дилдан тавба қилса, Аллоҳ унинг барча гуноҳларини кечиради. Бу ҳақда Имом Ғаззолий (раҳматуллоҳи алайҳ) шундай деган: «Аллоҳга бирор нарсани қилиш вожиб эмас. Лекин Аллоҳ баъзи нарсаларни Ўзига вожиб қилиб қўйган. Агар кимда-ким чин дилдан тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилиб, фазлу марҳамати билан гуноҳларни кечириб юборади».

muxlis.uz сайтидан олинди

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!