«Иккинчи турмушдан уй-жой, алимент даъво қилоламизми?»

15:07, 15 декабрь 2016

— Қизим икки нафар фарзанди билан ажрашди. Қонуний никоҳи бўлмагани боис куёв билан ихтиёрий равишда ёрдам кўрсатилишига келишишди. Бу орада бир йигит қизимга оғиз солди. «Болаларини фамилиямга оламан, оталик қиламан», деб ғамхўрлик қилаётганини кўриб, рози бўлгандик. Набираларимнинг отаси фақат қизининг насаби ўзгаришга розилик берди. Ҳаммаси қонунан амалга оширилган, «ЗАГС»дан ўтишди. Алоҳида яшашлари учун квартирага ҳам чиқардим. Аммо кўп ўтмай куёвнинг касали борлиги маълум бўлди. Ҳозир қизим меникида, ажримга бериш тадоригини кўраяпти. Гарчи қайнонасиникига келин бўлиб тушмаган бўлса-да, айни вазиятда уй-жой борасида бирор нима даъво қилоладими? Яна бир савол набирам учун алиментга бергандик, аммо «Мен фақат фарзандликка олганман, ўзимни болам эмас», деб куёвим моддий ёрдамдан бош тортаяпти. «Алиментга берганимизга олти ой бўлди, уч ойдан сўнг жазога тортилмасмиди?» деб ижрочиларга юзлансам, «Шаҳарда шундай вилоятларда эса 12 ойдан ўтсагина, жазога жалб қилинади», дейишди. Қонун ҳамма жойда бир эмасми? Ушбу саволларимга ечим топишда кўмак берсангиз?..

Исми сир тутилди.

Мурожаатга адвокат Нафиса ИБРАГИМОВА жавоб беради.

Эслатиб ўтамиз, мутахассис изоҳи тавсиявий характерга эга.

— Моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами уч ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 122-моддасида белгиланган, вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш жиноят таркибини келтириб чиқаради. Қарздор томонидан уч ойдан ортиқ муддат давомида алимент тўланмаганлик ҳолатида суд ижрочиси томонидан ҳудудий прокурорга жиноят иши қўзғатиш ҳақида тақдимнома киритилиши мумкин. Лекин бу норма, ундирувчи томонидан, ундирувни ўз вақтида таъминланмаганлиги, қарздорга нисбатан тегишли чоралар кўрилмаганлиги учун ҳудудий прокурорга шикоят келтириш ҳуқуқини чекламайди. Суд ижрочисининг ҳаракатларидан норози бўлсангиз, унинг ҳаракатларини қонунсизлиги юзасидан юқори турувчи ижро органига ёки ҳудудий прокурорга шикоят келтириб, қарздорга нисбатан жиноят иши қўзғатишини сўрашингиз мумкин. Қизингиз доимий яшашлик учун оила аъзоси сифатида қайнонасининг уйига киритилмаганлиги (яъни, келин бўлиб тушмаганлиги), уни бу турар-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини истисно этади.

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!