«Қайнопамнинг макрига чув тушдик...»

11:03, 16 декабрь 2016

— Биз яшаб келган ҳовли қайнота-қайнонамнинг номида эди. Эрим оилада ягона ўғил. Эр-хотин биргалашиб, ҳовлини таъмирладик, имкон қадар эпақайга келтириб олгандик. Бироқ қайнопам кекса ота-онасининг кўзини шамғалат қилиб, уйни ўз номига расмийлаштириб олибди. «Ўзимни болам-ку», деб улар ҳам қандай ҳужжатни имзолашаётганини билишмаган. Ҳаммаси ойдинлашгач эса қайнопам оиласи билан кўчиб келиб, бизни уйдан чиқариб юборди. Ҳозир ижарада яшаяпмиз. Ваҳоланки менинг ҳам, эримнинг ҳам «прописка»миз ўша ҳовлида. Нега бизнинг розилигимизни олмай уйни ўз номига ўтказиб олган? Юзага келган вазиятда бизнинг ҳам бирор ҳақ-ҳуқуқимиз борми?

Исми сир тутилди.

Мурожаатга адвокат Нафиса ИБРАГИМОВА жавоб беради.

Эслатиб ўтамиз, мутахассис изоҳи тавсиявий характерга эга.

 

— Уй олди-сотди шартномаси расмийлаштириш йўли билан қайнопангиз эгалигига ўтган бўлиб, бунда уй рўйхатидаги доимий яшовчилар, яъни сизларнинг розилигингиз олинмаган ҳолатда, олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраб фуқаролик судига мурожаат этишингиз мумкин.

Ота-онангиз томонидан уй қайнопангизга ҳадя қилинган ёки васиятнома асосида қолдирилган ҳолатда ҳам сиз оилангиз билан уй     рўйхатида бўлганингиз учун турар-жойдан фойдаланиш ҳуқуқингиз сақланиб қолади. Мазкур ҳолатда ҳам, уйга киритишни сўраб фуқаролик судига мурожаат этишингиз мумкин. 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!