Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси фарзанди олиб қўйилган ўзбекистонлик аёлга ёрдам бермоқда

15:24, 06 январь

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ўзбекистонлик фуқаро, фарзандини полиция олиб қўйган Нилуфар Мамасаидованинг шахсини тасдиқлади, деб хабар берди “Radiovesti.ru” нашри.

Москва шаҳрининг Кунцево туман ИИБ декабрь ойида ўзбекистонлик Нилуфар Мамасаидованинг бир ёшлик қизини олиб қўйган. Асли андижонлик бўлган аёл икки йилдан бери Россия Федерацияси ҳудудида бўлган, қизини ҳам Россияда дунёга келтирган. Қизи туғилгандан кейин унинг турмуш ўртоғи мамлакат ҳудудидан депортация қилинган, Нилуфар эса қизи билан Россия Федерациясида қолган. Нилуфар Мамасаидовани ҳимоя қилаётган адвокатнинг сўзларига қараганда, декабрь ойининг охирларида шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини йўқотган аёл ИИБга ариза билан мурожаат этган. Полиция ходимлари Нилуфар Мамасаидованинг уйига келиб, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари йўқлиги учун уни вақтинча сақлаш ҳибсхонасига уч кунга қамаган ва қизини олиб қўйган. Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ИИБга Нилуфар Мамасаидованинг паспорт маълумотлари билан бирга шахсини тасдиқловчи маълумотнома берди. 

Нашрнинг хабар беришича, айни кунларда Нилуфар Мамасаидовага фарзандини қайтариш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!