Хизмат вазифасини суистеъмол қилган ҳуқуқ ҳимоячиси

10:05, 09 январь

Шаҳрисабз туман ИИБ ҳузуридаги "Қўриқлаш" бўлими милиция ходими З.Шодмонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) “Танҳоз” постида ҳеч қандай йўл ҳаракати қоидасини бузмаган А.Асадовга автомашинани четга олишни буюрди. Бу буйруқнинг эса ўз мақсади бор эди. Бу ҳақида “Ҳуқуқ” газетасининг 50-сонида батафсил берилган. 

ИИБ ходими З.Шодмонов ҳайдовчининг ёнига келиб, назорат-текширув тадбири ўтказилаётгани учун ҳужжатларини кўрсатишни сўради. А.Асадов инспекторнинг талабига кўра, машина ҳужжатларини унинг қўлига тутқазди. Инспектор ҳужжатларни синчковлик билан текшираркан, кўнглидаги ниятини ошкор қилишни истамай турарди. Машина ҳужжатлари жойида бўлса-да, ҳайдовчининг фуқаролик паспорти йўқлиги унинг учун яхшигина баҳона бўлди.

— Фуқаролик паспортингиз йўқ экан, шу сабабли машинангизни жарима майдончасига қўйишга мажбурман.

А.Асадов инспектор билан узоқ тортишди. Ҳатто бу камчилик учун узр ҳам сўради. Бироқ, З.Шодмонов қонунга бўйсунишини рўкач қилиб, айтган гапида туриб олди.

— Наҳотки бир иложи бўлмаса, — деди А.Асадов ИИБ ходими З.Шодмоновга умидвор оҳангда. — Келишиб олсак бўлади-ку?!

З.Шодмонов учун бу айни муддао эди. Ҳайдовчининг айни вақтда ҳамма нарсага тайёрлигини англаб, ундан машинани қайтариб олиш эвазига 300 минг сўм беришини айтди. Ҳайдовчининг эса ёнида бунча пул йуқлиги боис ялинишга тушди. З.Шодмонов "сал юмшаб", 250 минг сўмга рози бўлди. А.Асадов чўнтагини кавлаб, ёнидаги 200 минг сўмни З.Шодмоновга узатди. Қолган 50 минг сўмни кейин келтириб беришни ваъда қилди. Аммо инспектор ҳам анойилардан эмасди. Ҳайдовчи кетса, бошқа қайтиб келмаслигини яхши биларди. Шу боис 50 минг сўм звазига ҳайдовчининг қўл телефонини гаровга олиб қолди.

А.Асадов эртаси куниёқ унинг устидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилди. З.Шодмонов телефонини олиб кетиш учун келган А.Асадовдан 50 минг сўмни пора тариқасида олаётган вақтида ашёвий далил билан қўлга олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан З.Шодмоновга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, суд ҳукми билан тегишли жазога тортилди.

ИККИ ДУНЁСИГА ЎТ ҚЎЙГАН ОҚПАДАР
Ёхуд ўз ота-онасини тириклайин ёқишга қасд қилган кўрнамак

Ўз ота-онасига қасд қилиш — ҳатто ҳайвонларда ҳам учрамайдиган ҳолат. Аммо айрим одамлар борки, уларни ҳайвондан ҳам баттар деб юборасан, беихтиёр. “Ҳуқуқ” газетасининг 2016 йил 15 декабрдаги 50-сонида акс этган Фарҳод Эгамов қилмишини эшитган борки, эти жимирлайди. 

Россияга ишлашга кетиб, 11 йил давомида бирор марта ота-онасини йўқламаган Фарҳод Эгамов уйига қуруқ қўл билан кириб келди.  Шундай бўлса-да, Носир ота билан Шабон ая фарзандларини кечириб, яна бағирларига олишди. Бир эмас, беш марта уйланиб ҳам ҳаёт, оила қадрини англашга маънан ожиз Фарҳод Эгамов аввалги хотинидан туғилган ўғли учун алимент тўлаши ҳақидаги суд ижро варақасини кўрди-ю, унда яна Россияга кетиш илинжи пайдо бўлди.

—  Менга пул топиб беринглар, Россияга кетаман.

—  Ўша жойда пул экиб қўйилмагандир?! Бинойидек қурилишда ишлай оласан. Шу ерда хотин, бола-чақанг олдида бўлганинг маъқул, — деди Носир ота жаҳли чиқиб.

—  Отанг тўғри айтадилар, болам. Мана, қизалоғинг Ситорабонуни қара, "дада"лайдиган бўлиб қолди. Комилжонинг ҳам катта бўп қолди.

—  Кетаман дедимми, кетаман! Пул бермасаларинг, оғилхонадаги сигирни сотиб бўлса ҳам кетаман!

Фарҳод қариб қолган ота-онасига суянч бўлиш, уларни боқиш, кўнгилларига қараш ўрнига яна Россияга отланди. Аммо фуқаролик паспортига тақиқ қўйилгани боис, Астрахандан ортга қайтди. Чўнтагида ҳемири йўқ, ярим тунда уйига кириб келган ўғилга ота-онаси пул топиб бера олишмади. У хотинининг тилла зирагини такси ҳайдовчисига кира ҳақи ўрнига бериб юборди.

Ота ноқобил фарзандидан безиб бўлган эди. Келини Хуршида қайнотасининг олдига ўғлига насиҳат қилишларини сўраб келганида, ўйлай-ўйлай, бир қарорга келган ота ўғлини ҳузурига чақирди.

—  Якшанбагача сенга муҳлат. Рўзғорингни алоҳда қилиб бераман. Инсон яшаш учун ҳаракат қилиши керак. Қачонгача онанг билан менинг пенсиямга яшайсан, ахир! Виждон борми, сенда?!

Бу каби танбеҳу жанжаллар кунора давом этар, ота-она ва ўғил ўртасидаги муносабатга аллақачон дарз кетиб бўлганди.

2016 йил 25 январь кеч соат 18:00 ларда божасининг тўйига отланган Фарҳоднинг кўзига қариб қолган ота-онаси энг хавфли душмандек кўриниб кетди. Тўйда спиртли ичимлик истеъмол қилган Фарҳод уйга қайтди.

Ётган хоналарига қўққисдан кириб келган ўғлини кўриб, қўрқиб кетган она бир чўчиб тушди. Ўғлининг жаҳл ва қаҳрини кўриб, юраги тубида оғриқ сезди.

—  Мени ҳайдаганларинг учун бу уйни ёқиб юбораман! — деб бақирди Фарҳод.

Аслида ота-онасини тириклайин ёқиб юборишни режалаштирган ўғил қўшни қишлоқлик танишидан 2 та елим идишда бензин ҳам келтириб қўйган эди.

Хона ичига бензин сепиб, ўт қўйган кўрнамак фарзанд эшикни орқадан танбалаб қўйди. Дод-фарёдни эшитиб, ёрдамга келган келин қайнона-қайнотасини қутқариб қолди.

Суд ҳукмига кўра, Фарҳод Эгамов 16 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!