Гепатитга қарши вакцина ишончлими?

12:07, 09 январь

Инфекцион касалликлар орасида ошқозон-ичак хасталикларини қўзғатувчи унсурлар ва ОРВИдан сўнг вирусли гепатит учинчи ўринни эгаллайди. Асли гепатитнинг саккизта тури мавжуд бўлиб, болалар ўртасида А, В ва С гуруҳига мансуб бўлганлари кўпроқ учрайди. Бугун кунга келиб вирусли гепатит тарқалишининг олдини олиш мақсадида эмлаш чоралари амалга оширилмоқда. Бироқ вакцинанинг фойдасига иккиланганлар, гепатит юзага келганидан сўнг ҳам эмлатиш мумкинми дея қизиққанлар ва даволаш чораларидан кейинги парваришни суриштирган кўп. Фаҳмлаганингиздек, бугун барча саволларга батафсил жавоб берамиз.

Мутахассис – олий тоифали шифокор-педиатр Магина АРТИКОВА.

Сариқ касаллиги бу...      

Жигар ҳужайраларининг зарарланишидир. Хасталик гепатит чақирувчи вируслар, кимёвий моддалар ва механик таъсирлар натижасида келиб чиқади. Вируслар сабаб юзага келган гепатит юқумли бўлиб, атрофдагиларга ҳам хавф туғдириши мумкин.

 

Инфекциянинг юқиш йўллари

Касаллик қўзғатувчи вируслар ташқи муҳитга чидамли бўлиб, юқори ҳарорат таъсиридагина парчаланиши  мумкин. Гепатитнинг турига кўра унинг юқиш йўллари бир-биридан фарқ қилади, мисол учун, А ва Е гепатити энтерал, яъни оғиз орқали юқувчи саналади. Кир қўллар, гигиена талабларига мос келмайдиган нарса-буюмлар, чанг билан қопланган ўйинчоқлар боланинг қўлига тушиб қолгудек бўлса, бармоқ терисига ўрнашиб қолган вируслар оғиз орқали организмга тушади.   

А гепатитига қарши табиий иммунитет гўдакнинг бир ёшига қадар сақланиб қолинади, 2-10 ёш оралиғи эса касалликнинг келиб чиқиш эҳтимоли юқори бўлган даврлар ҳисобланади. Маълумотларга кўра, вирусли гепатит билан оғриган болаларнинг аксариятини 3-9 ёшли кичкинтойлар ташкил қилади.

А гепатитининг куз-қиш мавсумида авж олиши айни ҳақиқат, аммо касалликнинг бошқа турлари мавсум танламайди.

В ва С гепатити парентерал — тери ва шиллиқ қаватлари бутунлигининг бузилиши туфайли зарарланган қон ва препаратлар орқали юқади. Бунда вирус ташувчиси ёки бемор фойдаланган тиббий асбоб-анжомлар, қон қуйиш муолажаси, санитария гигиена талабларига риоя қилинмаган, етарлича стерилланмаган ускуналар хавф омили бўлиши мумкин.

 

Белгилари қандай?

Вирусли гепатитнинг кечиши яширин, сариқлик олди, сариқлик пайти ва соғайиш каби даврийлик билан характерланади.

Гепатит одатий ва ноодатий кўринишда ҳам кечиши мумкин. Биринчиси, барчага яхши таниш бўлган тери ранги ва кўз шиллиғида сариқликнинг пайдо бўлиши билан ифодаланса, иккинчиси эса сариқлик аломатларисиз номоён бўлади.

Тиббиётда гепатитнинг енгил, ўрта ва оғир даражалари таснифланади. Шаклига кўра эса ўткир, давомли ва сурункали кўринишлари бор.

Гепатит билан бир марта оғриган болакай қайта касалланиши мумкин, қачонки иммунитети сустлашса, даволаш чоралари тўлиқ бажарилмаса ва муолажадан кейинги тавсияларга амал қилинмаса.

 

Грипп билан адаштирманг!

Гепатитнинг бошланиши ҳамиша ҳам сариқлик билан кузатилмайди. Тумов, тана ҳароратининг кўтарилиши, иштаҳасизлик, лоҳаслик кабилар кўпинча грипп аломатларига ишора қилса-да, асли гепатит белгилари бўлиши мумкин. Бундан ташқари, болакай ошқозон ҳамда жигар атрофидаги оғриқдан шикоят қилиши, кўнгил айниши, қайт қилишдан безовталаниши мумкин. Бош айланиши, уйқучанлик, сурункали чарчоқ, рангпарлик ҳолатлари ҳам тиббий таҳлиллар ўтказилиши учун асос бўлиб хизмат қилиши лозим. Негаки булар ҳам гепатит белгиларига тахмин қилинади.

А гепатитидаги сариқликолди ҳолати бир ҳафта давом этиб, еттинчи кунга келганда жигарнинг катталашиши ва пешоб суюқлиги рангининг ўзгариши юз беради. Сариқлик даври бошлангач эса кўз ости шиллиқ қавати, тил, терида касаллик аломатларига хос ўзгаришлар кузатилади.

Сариқлик ҳолатининг давомийлиги енгил турида 2 ҳафта атрофида, ўрта даражада 1 ой, оғир кўринишларида 1,5 ойгача сақланиб қолинади.

 

Қичишиш ҳам бор!

Эҳтимол бу ҳақида билмассиз, гепатитга хос бўлган, аммо нисбатан кам учрайдиган ҳолатлардан бири баданда қичишишнинг пайдо бўлишидир. Шуниси қизиқки, хасталик фош бўлгач, боланинг умумий аҳволи аста-секинлик билан ўнглана бошлайди. Иштаҳасизлик, кўнгил айниши, қайт қилиш кабилар ўтиб кетади, фақат жигар ва талоқда катталашиши ўзгармайди.

 

Сариқликсиз тури

Бунда гепатитга хос барча аломатлар юз берса-да, қонда билирубин миқдори ўзгармайди. Айрим болаларда сийдик рангининг тўқлашиши, ахлатининг эса оқариши кузатилади. Касалликнинг сариқликсиз кўриниши шуниси билан хавфлики, гепатитнинг ўз вақтида аниқланиши кечикиб, сурункали тус олиши мумкин.

 

Ташхислаймиз!

Ферментлардаги ўзгаришларни аниқлашда энг ишончли таҳлил-қон намунасини лаборатория шароитида текширишдир. Бундан ташқари, сийдик ва ахлат текшируви, қоннинг серологик ҳамда биокимёвий текшируви, қорин бўшлиғи аъзоларининг УТТси амалга оширилади. Қонда лейкоцитлар миқдорининг камайиши ва моноцитларнинг ортиши гепатит мавжудлигини тасдиқлайди.

 

Муолажа шартлари билан танишмисиз?

Гепатитнинг қандай тури аниқланмасин, муолажа стационар шароитида ўтказилгани маъқул. Шифокор назоратида танланган комплекс даво чоралари касаллик қўзғатувчи инфекцияни бартараф этиш, жигар фаолиятини тиклаш ва боланинг умумий аҳволини яхшилашга қаратилади. Бунда бемор болакайнинг ёшига мос равишда танланган парҳез, дезинтоксикацион усуллар, сорбентлар, гепатопротекторлар, сийдик ҳайдовчи препаратлар, витаминлар гуруҳи, антибиотиклар, вирусга қарши воситалар тайинланади. Муолажа ҳар бир бола учун индивидуал тарзда олиб борилади.

Муолажа якунига етгач, қайта тиббий таҳлиллар ўтказилиб, сўнг шифокор хулосаси эълон қилинади.

 

Таомнома муҳим масала!

Муолажанинг илк кунларида буғда тайёрланган таомлар, ёғсиз котлет, балиқ, суюқ овқатлар тавсия этилади. Дудланган,  зиравор қўшилган, аччиқ, шўр ва консерва маҳсулотлари чекланади. Кун давомида 4-5 маҳал оз-оздан таомланиш, кўпроқ суюқлик ичиш лозим.

Даво чоралари тугаганидан кейин ҳам парҳезга амал қилиш кераклигини ёдда тутинг. Фарзандингиз сут-қатиқ маҳсулотлари, айниқса, творогни кўпроқ истеъмол қилгани маъқул. Манний ва сули ёрмасидан сутли бўтқалар, қайнатилган гуруч ҳам айни муддао. Янги чиқарилган тарвуз шарбати, туршак, мева қоқларидан тайёрланган компотлар ҳам фойдалидир.

Ёғли, қаттиқ қовурилган қайлалар, ёнғоқ, қўзиқорин, шоколад, печенье, ҳолва, пирожний, музқаймоқ, тухум таомномадан четлатилади.

Минерал сувлар фақат муолажадан кейингина истеъмол қилиниши мумкин.

Даволаш чораларидан сўнг бола олти ойгача диспансер рўйхатида туради. Шу муддат давомида тиббий таҳлилларни топшириш, парҳезга амал қилиниши шарт. Диспансер рўйхатидан ўчирилгач ҳам тақиқланган маҳсулотларни истеъмол қилмаслик, имкон қадар жигарга оғирлик туширмасликка эътибор бериш лозим.

 

Жисмоний фаоллик ман этиладими?

Вирусли гепатит бола организмини заифлаштириб қўяди. Жигар зўриқмаслиги учун маълум муддат фаол жисмоний ҳаракатлар, спорт машқлари, югуриш, сакраш, оғир юк кўтариш чекланади. Агар фарзандингиз мактаб ё коллеж ўқувчиси бўлса, даволовчи шифокор  томонидан берилган тиббий маълумотнома жисмоний тарбия дарсларидан озод этиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

 

Вакцинага ишончлими?

В гепатитига қарши эмлашнинг биринчи босқичи гўдак дунёга келганидан сўнг туғруқхонада амалга оширилади. Бир ойдан сўнг иккинчиси, олти ойдан кейин эса учинчи бора эмланади. Шундан сўнг бола яна 3 турда, бепул равишда оилавий поликлиникаларда гепатитга қарши вакцина билан эмланади. Гепатит А га қарши эмлаш эса иммуномарказларда ўтказилиб, бир йилда икки марта бажарилади. Вакцина турига кўра касалликдан ҳимоя қилувчи тизимнинг яроқлилиги ўн йилдан ўн беш йилгача дея изоҳланади. Эмлаш ишлари боланинг 2 ёшидан бошлаб ўтказилиши мумкин.

Шу ўринда савол туғилади, гепатит эмланган болаларга юқмайдими? Мутахассислар фикрича, вирусли гепатитга қарши вакцина тўлиқ, барча қоидаларга  риоя этилган ҳолда бажарилган бўлса, юқиш хавфи бўлмайди.

 

Кимларга эмлаш мумкин эмас?

А вирусли гепатити билан касалланиб бўлган болалар эмланмайди, бошқа қарши кўрсатмалар мавжуд эмас.

Самира УЛУҒБЕКОВА тайёрлади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!