«Эрим мени маъшуқалари билан солиштиради!»

16:08, 09 январь

– Ўзимга яраша чиройим бор, қадди–қоматим ҳам бинойидек. Болалар тарбияси, рўзғор, иш, қайнота-қайнона хизмати, хуллас барига бирдек улгуришга ҳаракат қиламан. Аммо нима қилсам ҳам эрим мендан норози бўлаверади. Авваллари «Муомалани билмайсан» дерди, қўлдан келганча ўзгаришга ҳаракат қилдим. Кейин «Ўзингга оро бериб юрсанг-чи, қачон қараса бир хилсан» дейдиган одат чиқарди, бунисига ҳам кўндим. Энди бўлса кўча–кўйдаги аёллар билан солиштираяпти. Бирини хипчабел дейди, иккинчисининг ичкийимини гапиради, бошқасининг нозик қўлларию узун оёқлари тилидан тушмайди. Хуллас, яқин-яқиндан бери ётоқхонамиз эримнинг маъшуқалари муҳокама қилинадиган жойга айланди. Эътирозлар, кунда-кунора бўладиган жанжаллардан рости, чарчадим. Инсофга келиб қолар деганим сари баттар авжига чиқаяпти. Ҳаммасидан ҳам мени бошқа аёллар билан таққослаётганига чидолмаяпман. Ўзимга нисбатан ишончим сўниб бораётгандек... Нима қилишни ҳам билмай қолдим. Эҳтимол, бирор йўл–йўриқ кўрсатарсиз деган умидда мурожаат қилаётганим...

Исми сир тутилди.

«Эркаклар ортиқча эътибордан эсларини йўқотишади!» Аччиқ бўлса-да, тан олишимиз керак бўлган ҳақиқат бу! Бир тарафдан уларни талтайтириб юборган ҳам ўзимиз. Жуфтимнинг назаридан қолмай, деб шейпинг, фитнес машғулотларига қатнаймиз, парҳез тутамиз, соч турмакларию пардоз андоз учун пулни аямаймиз. Барчасидан кўзланган мақсад бир – бегимизнинг кўнглини забт этиш! Хўш, ўзимиз-чи, нега шу ишларни ўзимиз учун бажармаймиз? Эҳтимол дарду хаёлни ўғирлайдиган «Эрим! Эрим! Эрим!» номли «касал»га чалингандирмиз? Етар бас! «Хасталик» сурункали тус олмасидан, муолажани бошлаймиз! Чўчиманг, энди бевафо ёрлар қўрқишсин сиздан! Шундай ўзгарингки, эргинангиз лабини тишлаб, ўтирса ҳам, турса ҳам сиздан бошқасини демасин!

Арқонни узунроқ ташланг!

Манипуляция қилиш бу – эркакларнинг асосий қуроли. «Нега кеч келдингиз?», «Менга қарамай қўйдингиз», «Ишдан бошқасини ҳам ўйлайсизми ўзи?» каби саволларингиз ҳавога учаяптими, билингки асабийлашишдан наф йўқ. «SMS»лару «Телеграмм»даги ёзишмаларингиз ҳам «қанотчаларсиз» қолаяптими, тинчланинг, у шунчаки манипуляция қилаяпти, холос. Соддароқ тилда айтганда, дийдиёларингиздан безиб, «Овозсиз режим»га ўтиб олган. Истасангиз шу тариқа давом этиши мумкин.

Нима қиласиз: Авваламбор, ёзишмалару қўнғироқларни тўхтатинг! Рўзғор учун бирор зарур харид керак бўлса, икки оғиз гап билан билдирсангиз бас: «Қайтаётганингизда нон ола келарсиз». «Қачон қайтасиз?», «Қаердасиз?», «Ёзганим билан, барибир, жавоб бермайсиз, биламан» кабилар керакмас! Ғурурли бўлинг! Уч–тўрт кун шунчаки ўз ҳолига ташлаб қўйинг. Қани, қандай муносабат билдираркин. Бордию шунда ҳам ўзгармаса «План-Б»ни ишга соласиз!

Қоматингизни кўз–кўз қилинг!

«Кун сайин тўлишиб кетаяпсан, салгина ўзингга қара» дея ёрингиз пичинг қилди-ю, хаёлингиз ёввойи каптардек учди–кетди: «Эрим хипчабел хонимчаларга илакишиб қолган!» Шу кундан бошлаб, жиззаки, асабий ва тунд кайфиятда юришни одат қилсангиз, ошқозонингизни азобга қўйиб, очлик эълон қилишни бошласангиз, кейин аттанг қиласиз. Пахмоқ тунги либосларга яширинишни ҳам ўйламанг, зеро бу чора эмас!

Нима қиласиз: ҳар тонг кўзгу қаршисига туринг-да, ўзингизни мақтанг! Қаранг, қандай офатижон аёлсиз! Лўппи юзларингиз, салгина тўлишган белингиз ҳам ўзингизга жуда ярашган. Озишни ният қилган бўлсангиз, унли маҳсулотларни камайтиринг. Аммо вазн муаммосидан комплекс пайдо бўлмасин. Ҳадеб қоматингизни гапга олаётган эрингиздан аччиқланманг, семирдинг дейдими, «Сиз яхшисиз-да дадаси, шунга ҳам тўлишиб юрибман» денг. Буни устига семиришнинг ҳам фойдаси бор, кўкраклар шаклга киради. Шуни ҳам ёргинангизга би-и-р эслатиб қўйинг-чи...

Ўйинига қўшилинг!

Ўтган-кетган аёлни қуруқ қўймайдиган эрингиз маъшуқаларининг таърифини келтириб, достон ўқияптими? Ўзингизни босинг! Жанжал кўтарсангиз сиздан совийди, индамасангиз, тағин бир бало, жазманларининг сочини юлсангиз-у, уламасочларнинг янгиси топилади-да. Демак, «План-Б» ўйин ичида ўйин ўйнанг.

Нима қиласиз: «Фалончихоннинг бели чумолиникидан ҳам нозикки, қучоқласанг, бағрингга кириб кетади» Сизнинг жавобингиз: «Ростанми, буни қандай билдингиз? Кафтингиз билан ўлчадингизми ёки сантиметрдами?», «Бағрингизга сиғдими ишқилиб, қани менам бир синаб кўрайчи...» буёғи ўзингизга ҳавола. Нишонни аниқ олсангиз, бўлгани. Тўғри, осон бўлмайди. Иккиланасиз, тилингиз ҳам айланмай қолади, лекин кутилмаган зарба эркакни саросимага солади-да. Қолаверса, «Нега хотиним рашк қилмаяпти? Ё мендан кўнгли совудими? Ўзгариб қолибдими?» дея ўзидан ҳавотир ола бошлайди. Сиз бўлса, пинагингизни ҳам бузмай, барча жазманларига истеъфо берасиз. Буни ақл билан мот қилиш дейдилар.

Бугун комедия, эртага фентези!

Эр-хотин муносабатлари совуқлаша бошлагач, табиийки, яқинлик масаласида ҳам кайфиятсизлик пайдо бўлади. Терс ўгирилиб ухлаш, физиологик эҳтиёжлар учунгина муносабатга киришиш ёхуд зўрма–зўраки туйғулар ифодаси... Яшин тезлигида миянгиз кераксиз ахборотларга тўла бошлайди: «Сендан кўнгли совиган», «Бошқаси бор, у билан ётоғи ҳам бир» Ваҳоланки, бу шунчаки араз ёки айни дам руҳий мувозанатнинг бузилиши сабаб келиб чиққан ўзгаришлар бўлиши ҳам мумкин. Хўп, майли, бирор кимга ўралашиб қолди ҳам дейлик, ич-этингизни тирнаб, кинначию фолбинларга югурганингиз иш берадими, сизнингча?

Нима қиласиз: дастлаб, қаддингизни тик тутинг! Нигоҳларингизга сеҳр, лабингизга табассум ҳадя этинг-да, муомалангизни тўғирланг. Турмуш ўртоғингиз бошқа пари-пайкарни хаёл қилаётганини сезсангиз ҳам сир бой берманг. Сиз улардан юз чандон яхшисиз! Турланинг! Эҳтиросларингизни ошкор қилинг, яқинлик пайти нималарни истаяпти, сўранг. Бугун «иштаҳаси»ни қитиқлашни уддаладингизми, демак эртага кутилмаган томоша кўрсатинг. Сўнг бироз танаффус берасиз. Ҳа, энди бу ишни у эмас, сиз бажарасиз! Фақат олдиндан келишиб олайлик, рашкингизни зинҳор сездирмайсиз! Эрим билмайди деманг, билади, ўзича солиштиради ҳам. Ана шунда сиз кўпроқ очко тўплашингиз керак.

Айёрроқ бўлинг!

Ожиза эканлигингизни кўрсатгингиз келмайди, айниқса, у сизни ранжитган бўлса. Қулоғим тинч бўлсин деб, қилаётган муомаласини ҳам сезиб юрибсиз. Телефонига келаётган «SMS»лар, яширин рақамдан бўлаётган қўнғироқлар ҳам ғашингизни келтираяпти. Бугун-эрта аниқ портлайсиз ва шусиз ҳам совуқлашиб бораётган муносабатларингизда музлик даври бошланади.

Нима қиласиз: тўпалон кўтаришга ҳар доим улгурасиз, яхшиси, ўз устингизда ишланг. «Ишхонага олиб келишганди, танлашиб юборинг, сизга қайси бири кўпроқ ёқди» дея ичкийимлар тўпламини кўрсатинг. (Олиб-сотарларни кутиш шарт эмас, дўкондан уч-тўрт хилини харид қилиб олаверинг. «Мониторинг»дан ўтмаганини бирор кимга совға қиласиз) «Сиз», «Биз» сўзлари забонингиздан тушмасин, аммо ўзингизни ҳам унутиб қўйманг. «Мендек аёлни севмай бўларканми?», «Манаман дегани ҳам олдимда ип эшолмайди, ишонаверинг!» жуфтингиз билан суҳбатлашганда шу каби иборалардан фойдаланиб, ўзингизга нақадар ишончингиз баланд эканлигини эслатиб туринг. Қулоқ орқали қабул қилинган ахборот мияда сақланиб қолади.

Сексопатолог, оилавий муносабатлар бўйича психотерапевт Диля ЕНИКЕЕВИЧнинг

«Уни ўзингга ром эт» асари асосида Маржона тайёрлади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!