ОАВ: Трамп куёви Жаред Кушнерни бош маслаҳатчиси этиб тайинламоқчи

12:26, 10 январь

АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп ўз куёви 35 ёшли Жаред Кушнерга Оқ уйнинг бош маслаҳатчиларидан бири бўлишни таклиф этди. Бу ҳақда BBC Russian хабар бермоқда. 

Кушнер президентнинг қизи Иванка Трамп билан турмуш қурган.

У Трампнинг сайловолди кампаниясида фаол иштирок этган. Агар Кушнер қайнотасининг таклифини қабул қилгудек бўлса, у Оқ уйда ички ва ташқи сиёсат масалалари билан шуғулланади.

Қайнотаси каби давлат бошқарувида тажрибага эга бўлмаган Кушнернинг давлат маслаҳатчиси этиб тайинланиши ОАВда айрим мунозара ва баҳсларга сабаб бўлмоқда. 

Айримлар Трампнинг бу қарори таниш-билишчиликни тақиқлайдиган қонунни бузиши ҳақида гапирмоқда.

Америкалик тадбиркор Жаред Кушнер 25 ёшида New York Observer газетасини сотиб олган. Трампнинг сайловолди кампанияси пайтида у интернет-стратегиялар билан шуғулланган эди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!