Бухоро вилояти ҳокими: “Эскича фикрлаш, эскича ишлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”

13:57, 10 январь

Жорий йилнинг 9 январ куни бўлиб ўтган навбатдаги ҳокимлик соати йиғилишида Бухоро вилояти ҳокими Ў. Барноев ҳар бир ҳудуд ва соҳа раҳбари олдига ана шу талабни қўйди, дея хабар беради ҳокимлик аппарати ахборот хизмати.

Йиғилишда вилоят ҳокимлиги аппарати ходимлари, шаҳар, туманлар ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари, корхона, ташкилот, муассаса раҳбарлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашдилар.

Дастлаб вилоят ҳокими давлат идораларида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш сифатига эътибор қаратди.

- Ўтган кунлар давомида вилоятнинг деярли барча ҳудудларида тадбиркорлар очиқ мулоқотлар ўтказдик, куни кеча эса жисмоний ва юридик шахсларнинг қабулини уюштирдик, - деди Ў. Барноев. – Мурожаатларни таҳлил қилганда уларнинг аксарияти тегишли ҳудуд ёки тизим даражасида ҳал этилиши мумкин бўлган муаммолардир. Фақатгина айрим шаҳар ва туманлар ҳокимлари, ташкилотлар раҳбарларининг эътиборсизлиги, сансалорлиги, пастга тушиб, одамлар билан гаплашмаётганлиги туфайли аҳоли ўз мурожаатини вилоят ҳокимигача кўтариб келишга мажбур бўлмоқда. Мана масалан, қўлимда тадбиркорнинг янги иш бошлаши учун банкдан кредит ажратишни сўраб ёзган аризаси турибди. Банк раҳбарияти тадбиркорни ўзидан атайин узоқлаштириш учун у қабул қила олмайдиган юқори фоизли кредитни таклиф этишган. Ҳолбуки, давлатимиз раҳбарияти томонидан соҳага юксак даражада эътибор қаратилаётган, бир нафар бўлсада янги иш ўрни яратиши учун уларга кўплаб имтиёз ва имкониятлар яратилаётган бир вақтда банклардаги бу каби бюрократик тўсиқларини қандай изоҳлаш мумкин?!

Энди бундай эскича фикрлаш, эскича ишлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Вилоят ҳокимлигига келган ҳар бир мурожаат ижроси мониторинги бўйича янги тизим шакллантирилади. Энг кўп мурожаат келиб тушган соҳа ёки ҳудуд раҳбари огоҳлантирилади, керак бўлса айнан ана шу масала бўйича лавозимидан озод қилинади.

Шундан сўнг вилоят раҳбари ободончилик борасида олиб борилаётган ишларни ҳам танқидий муҳокама этиб, кўчалар, турар-жойлар, кўп қаватли уйлар атрофини тозалаш, ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш, туман ва қишлоқ марказларини янги меъморий талаблар асосида қайта бунёд этиш бораида тегишли кўрсатмалар берди.

Вилоят раҳбари мазкур масалалар ечимини таъминлаш бўйича тегишли топшириқларни берди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!