“Тез уйга етиб келинг, мен сизни ҳаммадан рашк қиламан”

15:32, 11 январь

Кўзим илинибди. Туш кўрдим. Тушимда қандайдир катта илмий лабороторияда компьютер вирусларини ишлаб чиқарадиган хакермишман. Яна қанақа вирус денг? Эркакларнинг хотирасидан маълум нарсаларни ўчириб ташлайдиган вирусмиш. Бу ихтирони сотиб олиш учун аёллар бутун дунёдан буюртма бераётганмиш... Уларнинг орасида биттагина эркак “Фақат менга сотинг. Айтган пулингизни бераман дермиш”. “Сиз нима қиласиз уни?” десам, “Ҳар куни хотинимнинг дийдиёларини ўчириб тураман. Мениям тушунинг, хотиним ўта рашкчи, ҳеч қаер қолмади у титкиламаган. Қачон қарама, мен тушган расм борми, видеолавҳаларми, телефон, э-ҳе... Илтимос, менга сотинг шуни” дермиш. Яхшилаб қарасам, рўпарамда турган турмуш ўртоғим эмиш. Уйғониб кетдим...

Туф-туф. Ие, дадаси ҳалиям келмабдилар-ку. Шартта телефонга қўл чўздиму, тушим эсимга тушди. Э-ҳа, ошга бораман деганларида, ўзим кузатиб қўювдим-ку. Йўқ, балки қулоғимга лағмон оси-и-и-б кетган бўлса-чи. Соат 5 бўлибди. Кетганларида 4 эди. Хўш, кеча телефонларига уюштирилган “разведка” ҳам иш бермади. Уфф... Тушимда нима деди? “Хотиним рашкчи” дедими? СМС ёздим: “Тез уйга етиб келинг. Мен сизни ҳаммадан, ўтмишдан, кечмишдан, келажакданам рашк қиламан”. Чунки мен РАШКЧИМАН.

Ишонасизми, йўқми? Шу иқрордан кейин барча ҳатти-ҳаракатларим, айтганидек, дийдиёларим, жанжалларга ўзим, асоссиз ўйларим сабаблигини тушундим. Агар сизни ҳам шубҳа-гумонлар ич-этингизни кемираётган бўлса, худди мен каби иш тутинг.

Буларни психологик китобдан ўқиб олдим:

  1. Эрингизнинг бўйдоқлик пайтидаги ишқий муносабатлари ҳақида, агар, ҳали турмуш қурмаган бўлсангиз, сиздан аввалги ишқий саргузаштлари ҳақида, умуман, ўйламанг. Кундаликларидан ўқиган тафсилотларни миянгиздан чиқариб ташланг. Чунки, энг асосийси, у сиз билан бирга. Нима учун бошқа қизларни эмас, айнан сизни танлади? Демак, ҳаммадан кўра сиз унга кўпроқ ёқасиз.
  2. Агар ёнида аввал учрашиб юрган  қиз билан боғлиқ  фотосуръат, хатларни сақлаб юрган бўлса, бу ўша қизни эслаб юрибди, дегани эмас. Демак, у ҳақиқий романтик. Бу нарсалар унга фақатгина туйғуларни эслатади. Ким билан, қачон, унинг учун бунинг аҳамияти йўқ.
  3. Баъзида сиз учун оғирроқ вазиятлар ҳам бўлиши мумкин. Масалан, ўша қиз ҳар хил нарсаларни баҳона қилиб, ҳар хил илтимос ва талаблар билан эрингизга (йигитингизга) мудом телефон қилиб туради. Нозик овоз билан  хархаша ҳам қилади. Лекин бундай мушкул ҳолатдан ҳам чиқиб кетиш мумкин. Биринчи шарт: ҳеч нарса қилмаслик. Агар сиз шунда ҳам босиқ ва мулоҳазакорлик қилсангиз, билингки, марра сизники. Эркаклар жуда камдан кам ҳолларда ортга қайтади. Айниқса, унинг олдида сиздек ақлли ва сермушоҳада аёл турганда.
  4. Хаёлингизда “мен у қизчалик севимли бўлолмайман”, деган фикр бўлса, унда бундай қиламиз: сиз шу туйғуни у билан ўтказадиган бутун бир умрга татбиқ этиб кўринг. Чунки одам доим бугунидан эртаси, эртасидан индини яхши бўлиши учун интилади, ҳаракат қилади. Кеча эришганингиз, сизга ҳозир асқотяпти. Демак, (бўлажак) эрингизнинг аввалги ишқий муносабатлари сиз билан мустаҳкам алоқа, муносабат, кейинчалик оила тузишга асос бўлган. Яъни репитиция. Сиз эса вақтинча ижрочи эмас, сиз ҳаёт саҳнасида эрингиз билан партнёрликда бир умр бош ролни ижро этувчи актрисасиз.

Ўзингизни ҳеч ким билан солиштирманг. Рашкингиз келса, ёзганларимизни ўқинг-у, ўзингизнинг нақадар бетакрор, малоҳатли эканингизни эсланг. Кейинчалик барча изтиробларингиз унут бўлади.

Узр, сизга айтадиган гапларим ҳали кўп эди-ю, эшик жиринглаяпти. Дадаси келибдилар-ку. Ўзи рашк қилсангиз ёқади бу эркакларга, фақат йўлини топиб, кўнглини... – Ҳ-о-о-з-и-и-р–...топиб. Уч марта қўнғироқ бўлди. Энди очсам бўлади.

Дилноза Умарова

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!