Мўъжизавий буғ ёшариш ва озиш кафолатими?

14:58, 12 январь

Қиш мавсумида ҳаммомда буғланиш организм учун фойдали. Қанчалик нафи бор, дейсизми? Буни саҳифамиз орқали билиб оласиз. Қолаверса, у ерда қандай косметик воситалардан фойдаланиш кераклиги ҳақида ҳам батафсил маълумотларга эга бўласиз.

Ундан нима фойда?

Юқори ҳарорат ва буғланиш терини тозалаб, моддалар алмашинувини яхшилайди. Бунда организмдан тер билан бирга зарарли моддаю шлаклар ҳам чиқиб кетади. Шу тариқа совуқдан азият чеккан тери янгиланади, ёшаради, одам эса озади.

Энг маъқули ҳаммомга ҳафтада бир марта бориш керак. У ерда фойдаланиш учун уй шароитида тайёрланадиган ниқоб ва скраблар ҳақида эса қуйида билиб оласиз.

Скраблар

Скраблар буғланиб бўлгандан кейин қўлланилади. Чунки шунда терининг нобуд бўлган қисмлари юмшаб, чуқур ва осон тозаланади. Скраблар терининг нафас олиши ва тикланишига кўмак беради.

Юз учун скраблар

Қуруқ терига: 1 чой қошиқ қаҳва қуйқасига бироз долчин (корица) ва 1 ош қошиқ ўсимлик ёғи қўшинг.

Ёғли терига: 1 ош қошиқ қаҳва қуйқасига 1 ош қошиқ ёғсиз йогурт аралаштиринг.

Сўлғин юз терисига: 1 чой қошиқ асалга шунча творог, 1 дона тухум ва 1 чой қошиқ қаҳва қуйқаси аралаштирилади.

Тана учун скраблар

Қаҳвали: 2 ош қошиқ қаҳва қуйқасига 2 чой қошиқ сметана, бир неча томчи эфир мойи қўшинг.

Тузли: 3 чой қошиқ йирик тузга 3 ош қошиқ сметана ва ҳид бериш учун бироз ванилин қўшинг.

Шоколадли: 3 ош қошиқ какао кукунини 1 ош қошиқдан шакар ва ўсимлик ёғи билан аралаштиринг.

Целлюлитга қарши: ярим чашка қандолат макига 2 ош қошиқ асал, 5 чой қошиқ зайтун ёғи, 2 томчи ҳидли цитрус меваси ёғини солиб, яхшилаб аралаштиринг.

Ниқоблар

Ниқоблар скраб ёрдамида тери тозалангандан сўнг буғхонага иккинчи марта кираётганда ишлатилади. Буғланиш давомида ҳам ниқоблар ювилмаслиги керак. Улар терлаш, терининг тозаланиши, фойдали моддалар билан озиқланиши жараёнини кучайтиради.

Асал ва қаймоқли ниқоб: 1 ош қошиқ ёғли қаймоқ ёки сметанага 1 ош қошиқ асал қўшинг.

Олмали ниқоб: яримта олмани қирғичдан ўтказиб, 1 ош қошиқдан асал ва ўсимлик ёғи, 1 дона тухум сариғи аралаштиринг.

Буғланиш кимларга тавсия этилмайди?

Агар гипертония, купероз (томирларнинг терига яқин жойлашуви), инфекцион ёки тери касалликлари, сурункали хасталикларнинг зўрайган пайтини бошдан кечираётган бўлсангиз, буғланиш зиён қилади. Шунингдек, бақувват овқатлангандан ва спиртли ичимлик ичгандан сўнг ҳам ҳаммомга тушиш таъқиқланади.

Суюқлик ўрнини тўлдиринг!

Ҳаммомдан чиққандан сўнг йўқотган суюқлик ўрнини тўлдиришга эҳтиёж сезасиз. Бир пиёла исиқ чой ичиб олсангиз, чанқоқни босиш билан бирга тери эластиклигини ҳам сақлаб қолган бўласиз. Ҳаммомга отланаяпсизми? Ўзингиз билан олинадиган буюмлар рўйхатига резавор мевали морс ёки наъматак ҳамда лимонли чой солинган термосни ҳам киритиб қўйинг.

Дилноза УМАРОВА

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!