«Овсинимнинг чўрисиманми?»

14:25, 13 январь

Ҳатто кундошлар бир-бирига пахта отиб турган пайтда, овсин қўлига тошни олади, дегани бежиз эмасга ўхшайди. Овсинидан шикоят қилиб таҳририятга мурожаат қилаётган аёлларнинг ҳасратини ўқиб, бунга ўзингиз амин бўласиз. Овсинчилик,  бу — икки ёки ундан кўпроқ мустақил аёлнинг қариндошлик риштаси билан боғланиб, бир оилада тенг мақомда яшаши, хизмат қилиши, бир-бирига елкадош бўлиб, яхши-ёмон кунларда қўллаши, опа-cингилдек меҳрибонлик кўрсатишидир. Бугун «Менинг оилам» саҳифасига мурожаат қилган аёлларнинг эса бу гапга ҳеч кўнгиси йўқ. Бунга етарли асослари бормикан? Келинг, биргаликда мулоҳаза қиламиз.

«Кимнинг эри кўп топса, ўша ҳақми?»

— 19 ёшимда турмушга чиқдим. Ҳозир 2 яшар болам бор. Овсиним тиббиёт институтида 10 йил ўқиди, кейин ишга чиқиб кетди. Ўтган вақт ичида уйда ўтирганим сабабли овсинимни ҳам, қайнонамни ҳам хизматини қилдим, бировга бир марта буни миннат қилиб, оғиз очганим йўқ. Овсинимнинг боласини 3 ойлигидан бошлаб ўзим қарадим, то онаси ўқишдан уйга келгунча, унинг ўрнини босишга ҳаракат қилдим. Биргина айбим, менинг турмуш ўртоғим рўзғор қилмайди. Ҳозир вақтинча ишсиз, аввал ҳам кам маошли ишда ишларди. Овсиним эса ҳамма нарсани турмуш ўртоғи олиб келиб, таъминлагани учун қўлини совуқ сувга урмайди. «Ҳаммани менинг эрим боқаяпти», деб юзимга солгани-солган. Мен индамай чидайман, тилим қисиқлиги учун ҳам у ишдан келгунча ҳамма ёқни ўзим тартибга солиб, бирорта иш қолдирмайман. Овсиним ишга боради-келади, ҳеч ким унинг мушугини пишт демайди. Шундай бўлса ҳам, қачон қарама мен ва қайнонам, ака-укалар ўртасига совуқчилик тушириб, гап ташиб юради. Яқинда жуда хунук воқеа бўлди. «Шампунимни уйингга олиб кириб кетгансан, беркитиб қўйгансан, у меники», деб роса жанжал қилди, бу катта урушга айланиб кетди. Биламан, бу оддий, майда нарсалар, лекин ноҳақликка чидолмаяпман. Чунки гап-сўз орасида менга катта туҳмат ҳам қилди. «Эрга тегмасингдан аввал ҳар хил йигитлар билан учрашиб юргансан, машинасига ўтириб кетгансан», деб. Бу гапни эшитиб, эсим оғай деб қолди, тўғри, ишга кетаётганимда ака-укаларимнинг маҳалладаги ўртоқларининг машинасига бир-икки чиққандирман, аммо ҳеч ким билан айланишиб юрмаганман. Овсиним нега мен ҳақимда бундай дейди? Ёмон ният билан тўйимдан олдин мени кузатиб юрганми? Тушунолмаяпман, чидолмаяпман. Уйимга кетсаммикан?

Гулчеҳра, Тошкент шаҳри

Мулоҳаза: — Овсин учун уйдан кетиш?! Сизни эрингиз ҳайдадими? Ёки сизга шубҳа қилдими? Ёки қайнонангиз ажратмоқчими? Бургага аччиқ қилиб кўрпа куйдирманг! Агар шундай қилсангиз, унинг гапларини исботлаган бўласиз. Туҳмат бўлиб оёғингизга илашган лойни қоқиб ташлаб йўлингизда давом этаверинг. Назаримизда, овсинингиз олий маълумотли шифокор бўлгани учун ҳам сизга нисбатан ўзини бир поғона баланддаман, деб ҳисоблайди. Кўпинча келинларнинг маълумоти, ижтимоий келиб чиқиши тенг бўлмаса, устига-устак, келинлар фаросатли бўлмаса, оилада мана шундай келишмовчиликлар келиб чиқади. Эмизикли боласини қараб берганингиз учун аслида сизга бутун умр қарз, лекин у буни тушуниб етиши учун яна фарзандли бўлиб, қимир етмай уйда ўтириши керак. Қўяверинг, буниси ҳам бўлиб қолар. Маслаҳатимиз, олишманг, талашманг, биров бу минг йиллик жангда ютганини тарих кўрган эмас. Ҳар жанжалдан сўнг мана шундай куракда турмас айбловлар юзага чиқади. Сизга шу керакми? Бу ерда нозик масала, эрингиз икковингиз ҳам моддий мустақил эмаслигингиздир. Аёл киши борки, эри яхши топганидан кейин тили бир ярим қарич ўсади. Турмуш ўртоғингиз тезроқ ишга жойлашсин, маошнинг қанчалиги муҳим эмас, текинтомоқ бўлиб ўтиргандан кўра ҳар қалай ишлагани маъқул. Ўзингиз ҳам аввал ишлаган экансиз, болангиз икки ёш бўлибди. Шартта боғчага беринг-да, ишга қайтинг. Бир келини ишлайдиган қайнона иккинчисига қаршилик қилмайди. Ишингизни тўғри тақсимласангиз, иш ва уй бир-бирига халақит бермайди. Ҳаракатда — баракат, дейишади. Кимнинг қачон омадини беришини эса ҳеч ким аввалдан билмайди, балки, ё сиз, ёки овсинингиз алоҳида рўзғор бўлиб чиқиб кетар. Шунда ҳаммаси жой-жойига тушади.

 

«Ҳамма у томон…»

10 йиллик тажрибага эга келинман. Оиладаги учинчи ўғилга турмушга чиққанман. Катта ўғил уйланиб-ажрашган, ўртанчаси ҳам икки марта уйланиб-ажрашган, ҳозир учинчи турмуши билан яшайди. Шу қайноғамнинг олдинги турмушидан ўғли бор, биз билан яшайди. Ҳозирги аёли билан ўртасида фарзанд бўлмаяпти. Мана шу болани кичиклигидан мен катта қилиб, хизматини қилдим. Овсиним аёллар сартароши, уйда бўлмайди ҳисоби. Уйдаги ҳамма юмушлар менинг зиммамда. Бу келин ишлаб пул топгани учун қайнонамга даста-даста пул бериб туради, совғалар қилади, шунинг учун тили узун, қайнонамни ўзига қайириб олган. Яқинда эрининг туғилган куни бўлди. Бир кун олдин уйга бозорлик қилиб ташлаб, ойисиникига ётишга кетди. Мен кун бўйи уриниб, пишириб-куйдириб ўтирдим, у киши тайёр дастурхонга рўзғор қилган қаҳрамондек кириб келди. Мана шундай воқеалар кўп, на бир раҳмат, ёки чиройли муомала бўлмагани учун сабрим тугаяпти. Кўп жанжаллашяпмиз, ҳар сафар турмуш ўртоғим менинг ёнимни олади. «Хотинига тарафкашлик қилади», деб эримни гап қилади. Хуллас, оиламизда тинчлик йўқ, ўзим ишлай десам, хўжайиним бунга қарши... Ҳаммасидан ҳам алам қиладигани, ўша ўзим катта қилган бола менга гап қайтарадиган, урушадиган бўлиб қолган. Нима қилсам экан?

Моҳира, Самарқанд вилояти

Мулоҳаза:  — Муаммо мулоҳазасини шу охирги жумладан бошласак: ўз онаси йўқ, она ўрнидаги аёлдан ўзига керакли муносабатни ололмаган боланинг атрофдагиларга нисбатан норозилиги ошиб кетган бўлиш мумкин. Сиз юрагингизни кенг қилинг, мана шу боланинг тилини топинг! Унга осон эмаслигини она сифатида тушунинг! Сиз унга қиммат совға олиб бермассиз, қўлига пул тутқазмассиз, лекин ҳадеб «Сени катта қилган менман, мана бу ишимни қилиб бер», деб бошқаларга ўхшаб тергаманг! Мана шу болани сиз ўзингизга қайиштириб олинг, дўстига айланинг, кўрасиз, атрофингизда ҳамма парвона бўлади. Отаси кимнинг кўпроқ меҳнати сингаётганини тушунади, «онаси» ҳам болага нисбатан ўзгаради. Овсинчиликдаги муаммоингизга келсак, бу ерда учта йўл бор: ё эрингиз бу пултопар келиндан кўпроқ пул топиб, унга қарам эмаслигингизни исботлаши керак, ёки рўзғорни алоҳида қилишингиз, ёки ўзингиз ҳам бир ишнинг бошини тутишингиз лозим. Моҳира, «Ишлашимга эрим рухсат бермайди» деган гаплар урфдан  қолган. Ишлаш учун, албатта, эрталаб янги кўйлак кийиб, эрта кетиб, кеч келиш шартмас. Биринчидан, қозонингизни алоҳида қилинг, аммо унда кўнгли ярим болакайга, албатта, жой бўлсин.  Уйда ўтириб ҳам аёллар даромадини кўпайтирадиган ўнлаб йўли бор. Нега ўша уйда қилиб ўтирган ишингиздан фойда топишни кўзламайсиз? Ҳамма учун пиширадиган «булочка»нгиздан тўрттасини пакетга ўрасангиз, ёнингиздаги дўкон бирпасда сотиб бермайдими? Одамнинг ўзига боғлиқ, кучингиз ва ақлингизни овсин билан курашишга сарфламанг, 10 йиллик келинга бу ярашмайдиган иш. Албатта, уйдаги ишлар баъзан сартарошлик ишидан ҳам кўпроқ одамни чарчатади. Бунинг учун қайнонангиз охирги сўзни айтиши керак: ҳамманг келиб, ўзингнинг овқатингни ўзинг тайёрлаб, ўзингни товоғингни ўзинг юв, деб! Шу қарорга келинса, балки овсинингиз саҳийлик қилиб, унинг ишларини қилаётганингиз учун сизга маош белгилар, ким билади, дейсиз! Хуллас, овсин учун бутун оила билан юзкўрмас бўлиш уят. Пул, бу ҳамма нарса, аммо аслида ҳеч нарса! У иссиқ овқатга айланиши, чиройли кўйлак олиб бериши, ҳатто уйингизни тозалаб бериши мумкин, бироқ муомала ва меҳрни бера олмайди. Сиз ўша овсинингизнинг вақти ва кучи етмайдиган мана шундай қуролларни ишга солинг!   

Овсинлар-у-у-у-у-у, бироз сабрни, бироз одамгарчиликни, озгина меҳрни, бир чимдим макрни оила деган қозонингизга ташлаб юборсангиз, ўртага сузилган «ошингиз» тирик ёки ланж бўлиб қолмайди. Рақобатлашманг! Ҳамма ўз ишини қилса, олам — гулистон!

Азиза ҚУРБОНОВА

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!