Фашистлар врачи Менгелнинг скелети талабалар учун кўргазмали қурол вазифасини ўтайдиган бўлди

16:05, 13 январь

Иккинчи жаҳон уруши даврида фашистлар врачи бўлган Йозеф Менгелнинг склети бразилиялик талабалар учун ўқув кўргазмали қурол вазифасини ўтайдиган бўлди, деб хабар берди “Тvzvezda.ru”. 

Менгел Иккинчи жаҳон уруши даврида концлагерларда асирлар устида ваҳшиёна тажрибаларни ўтказганлиги туфайли Ажал фариштаси номини олган. Эндиликда унинг суяги судмедэкспертликка ўқиётган талабалар учун ўқув қуроли вазифасини ўтайдиган бўлди.
 
Менгелнинг суяклари Сан-Паулу шаҳридаги Тиббиёт университетига топшириладиган бўлди. Ундан кўргазмали қурол сифатида фойдаланишни доктор Даниэль Ромеро таклиф этди. У 1992 йилда Менгел жасади қолдиқларини тасдиқловчи комиссия таркибида бўлган. Шу пайтгача ваҳший фашист врачининг суяклари Университетда пластик қутида сақланган. Даниэль Ромеро Менгелнинг суякларидан талабалар учун кўргазмали қурол сифатида фойдаланиш учун рухсатнома олишга муваффақ бўлди.
 
Нашрнинг ёзишича, Менгел фаолият юритган Освенцим концлагерида бўлган 92 ёшли Карл Гевиртцнинг хотирлашича, у асирликда бўлганида Менгел уни аввал қайноқ сувга, кейин муздай сувга тушишга мажбур қилган.  

“Бу янгиликни эшитиб, нимани ҳис қилаётганимни ҳам билмайман...– деди Гевиртц. – Шафқатсиз, ваҳший врачга боғлиқ оғриқли хотираларим шу даражада кўпки... Унинг мени ва бошқа асирларни ваҳшиёна тарзда қийнаганини бир умр хотирамдан ўчира олмадим”. 

Освенцим конқлагерида Менгел инсон сабр-бардошининг меъёрини ўрганиш мақсадида асирлар устида турли хил тажрибалар ўтказган. У анестезиядан фойдаланмаган ҳолда турли тана аъзоларини кесган, кўчирган, тирик чақалоқларни ёриб, анатомик текширувлар, кислота, ток билан боғлиқ синовларни ўтказган. Ўн минглаб соғлом асирлар унинг тадқиқотлари қурбонига айланган.
 
Иккинчи жаҳон уруши тугагандан кейин Менгел Лотин Америкасига қочиб кетган ва у ерда турли номлар остида яшириниб, яшаган. Шунинг учун уни топишнинг ва судга топширишнинг имкони бўлмаган. Менгел 1979 йилда Бразилияда дам олаётганда, инсульт туфайли вафот этган. У Сан-Паулу шаҳрида бошқа одамнинг исми-шарифи билан дафн этилган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!