Стейк пиширишни биласизми?

16:42, 13 январь

Кўпинча ресторан ва кафеларда еган стейкимизни уйда ҳам тайёрлаб кўришга уринамиз. Афсуски, бу уринишларимиз доим ҳам самарали бўлавермайди. Қуйида айнан стейк тайёрлаш бўйича маслаҳатлар берилган, улардан фойдаланиб ошхонангизни ҳақиқий ресторанга айлантиринг.

1.      Стейк учун мол гўшти айни муддао. Демак, гўштнинг лаҳм ва ёғсиз жойидан танлаб, 1-2 соат аввал маринадлаб қўйинг.

2.      Гўштни қовуришдан олдин, албатта қоғоз сочиқда қурутиб олинг, шунда ёғ сачрамайди. Агар янги харид қилинган гўштдан эмас, музлатгичдагисидан фойдаланмоқчи бўлсангиз, уни эритишга шошилманг. Яхшиси кечқурин музxонадан олиб, музлатгичнинг ўзига қўйинг. Чунки қайноқ сувда ёки микротўлқинли печда эритилган гўштнинг суви қочади ва стейк қуруқ бўлиб пишади.

3.      Музлатиб эритилган гўшт тез қовурилишини ҳам инобатга олиб қўйинг. Гўштни кафтдек-кафтдек қилиб кесинг, шунда у қовурилиш жараёнида қуриб қолмайди.

4.      Товага гўшнинг ярмини қоплайдиган миқдорда ёғ солсангиз кифоя, кўп ёғнинг кераги йўқ. Тагига олдирмайдиган, махсус қопламали товалар стейк учун айни муддао. Қолаверса гўштни қайта-қайта ағдараверманг, бир томони яхшилаб қизариб бўлгандан сўнггина ағдаринг.

5.      Стейкни ўсимлик ёғида қовуринг. Гўшт солишдан аввал товани яxшилаб қиздириб олинг. Чунки гўшт қайноқ идишга тушганда тешикчалари ёпилиб, ичидаги шарбати чиқиб кетмайди.

6.      Гўштнинг ҳар икки томонини 5-10 дақиқадан, қизаргунча қовуриб олинг-да, фольга қоғозига ўраб, қизиб турган газ печига 10-15 дақиқага қўйинг. Тайёр бўлганлигини билиш учун унга асло санчқи санча кўрманг. Ўртасидан пичоқ билан озгина кесиб татиб кўринг.   

7.      Гўштни бир муддат чеккароққа қўйингда, соус тайёрлашга киришинг. Ахир стейкни соуссиз тасаввур қилиб бўладими? 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!