14 январь куни Uzcard фаолиятида узилишлар бўладими?

22:32, 13 январь

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда Ягона умумреспублика процессинг маркази (ЯУПМ) 14 январь куни тўлов тизимлари фаолиятида узилишлар бўлиши ҳақидаги хабарларни инкор этди.

“Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 2017 йил 14 январда барча чакана тўлов тизимлари, жумладан банк пластик карталари асосидаги „Uzcart“ чакана тўлов тизими ҳам белгиланган тартибда узлуксиз равишда ишлашини маълум қилади”, — дейилади Марказий банк хабарида.

ЯУПМ ҳам профилактика ишлари ўтказилиши режалаштирилмаётгани ва Uzcard карталари эгалари тўловларни муаммосиз амалга оширишлари мумкинлигини маълум қилди, деб ёзади Газета.уз нашри.

Жума куни UZMOBILE мобиль оператори SMS хабарномаси орқали ва ўз сайтида Марказий банк тармоқларида профилактика ишлари ўтказилиши муносабати билан 14 январь куни 9:00 дан 18:00 га қадар тўлов тизимлари ишламаслигини хабар қилган эди. Кейинроқ эса компания тўлов тизимлари тўхталишларсиз ишлашда давом этишини маълум қилди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!