Актриса Гвинет Пэлтроунинг Нью-Йоркдаги дўконига ўғри тушди

14:57, 08 декабрь 2015

Таниқли Голливуд актрисаси Гвинет Пэлтроунинг Нью-Йоркдаги дўконидан умумий қиймати 173 465 $  бўлган заргарлик буюмлари ўғирланди, деб хабар беради “ТАСС”.

Полиция маълумотларига кўра, Goop Mrkt дўконидаги ўғирликни уч нафар ўғри содир этган. Улардан иккитаси сотувчини чалғитган, учинчиси эса қимматбаҳо буюмлар турган витринани очган.

“Шанба оғир кун бўлди. Дўкон харидорлар билан лиқ тўла эди. Нью-Йорк шаҳри полициясининг тезкор-оператив ҳаракатлари туфайли мижозлар ва дўкон ишчилари зарар кўрмади”, — дейилади хабарда.

Ҳозирда ўғирлик ҳолати бўйича тергов-суриштирув тадбирлари ўтказилмоқда.

Пэлтроу дизайнерлик либослари ва аксессуарлари дўконининг Манхэттендаги бўлимини 23 ноябр куни очган эди. Худди шундай савдо марказлари Даллас, Лос-Анжелес ва Чикагода ҳам фаолият юритади.  Уларда асосан таниқли Valentino модалар уйи билан ҳамкорликда яратилган кийимлар ва аксессуарлар сотилади.

Гвинет Пэлтроу Лос-Анжелес шаҳрида туғилган. 1998 йил унинг иштирокидаги “Ошиқ Шекспир” фильми катта экранларга чиққач, актриса машҳурлик ва “Оскар” мукофотини қўлга киритган эди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!