“Кўнgoogle”даги сирлар

12:03, 21 декабрь 2015

Аёл зоти қизиқ. Айниқса, унинг кўнгли. Келинг, сизларга мана шу кўнглимни бир очай. Ахир қачонгача билолмай хуноб бўласиз.

Ростини айтсам, кўнглимизни ўзимиз ҳам яхши билмаймиз. Чунки у гўё интернет! Яъни, “google”! Янаям аниғи — “кўнgoogle”! Баъзида истаган нарсангни жуда тез топасан ва қувонасан, айрим ҳолларда излаганларингнинг акси чиқиб, асабларингни шунақа ўйнайдики...

Масалан, тонгда кўз очиб, худди шу “кўнгугл”га “менинг ҳаётим” дея “поиск” бериб, компьютер экранига тикилгандек атрофга боқиб шуларни кўрамиз: чиройли уй, тинч ором олаётган эр, пишиллаб ухлаётган болалар...

Шукрки, бу “қидирувимиз” ҳар доим истакларимиз билан бир хил. Аммо, “бахтли онлар” деб ёзиб “қидирув” тугмасини боссак борми... Кўз “экранимиз”га келган манзара шу бўлади: ижтимоий тармоқлардан бирига кириб олиб, ўзига-ўзи илжаяётган эр, “ғишт” телефонни улоқтириб, “гелекси 6” (бунақаси ҳали чиққанми, йўқми унга қизиғи йўқ) талаб қилаётган 3-синф ўғил, шкафдаги кийимларини бир жойга тўплаб, сиздан ҳали мода олами вакиллари ҳам хаёлига келтирмаган янгисини талаб қилаётган боғча ёшидаги қизалоқ...

Сабаби, турмуш ўртоғимиз танишув сайтини, ўғлимиз энг сўнгги русумдаги телефонни, қизалоғимиз эса ҳали урф бўлиб улгурмаган кийимни бахт деб билади-да!

Биз бояқиш аёлларнинг “кўнgoogle”имиз эса нимани истайди денг: ишда ҳам, уйда ҳам, хуш ва тушда ҳам эримизнинг хаёлида бўлишни, ўғлимизни учувчи, дипломат, миллионер, полвон, ақлли, илмли қилишни, қизимизни эса гўзал, оқила, совчилари кўп, топарман-тутармон куёвли этишни...

Эссиз, буларнинг ҳаммаси хаёл. Чунки мана, турмуш ўртоғим ўзининг шапалоқдек япалоқ телефонига термулганча бу дунёни унутган. Қайси оламда юргани фақат ўзига маълум. Илгари оламлар ўн саккиз минг дейилган бўлса, ҳозир саноғи йўқ: “одно”, “фейс”, “ватсапп”, “инстаграм”...

Очиғи, бу ажнабий сўзлар учар ликопчалар келадиган сайёра каби менга нотаниш ва номаълум. Номини ҳам зўрға эрим ва ўғлимдан билиб олганман.

— Вой-вой, ўлиб қоламан, — кутилмаганда тиззасига шапатиллаб кула бошлади жуфти ҳалолим. — Титиб ташлашибди, гапни ҳам!

— Нима? — дедим жаҳлим чиқиб.

Рости эрим телефонига қараб кулаверса, шунақа оташ ичида қоламанки... Гўё, шу телефони дунёдаги энг парирухсор санам. Аслида телефон эмас, унинг ичидаги оламларда минг-минг “интернет малика”лари бўлиши ҳақида дугоналарим кўпириб сўзлашган:

— Оғзингни оч-и-иб, ўтиравер! Ол, сенам нормальний телефон. Интернетга улан! Эринг билан “дружба” қил! Кейин... кейин кўрасан нечта кундошинг борлигини...

Бу гаплар аёл зотининг у қулоғидан кириб, бунисидан чиқиб кетади, деганлар янглишади. Қайтанга улар қўрғошиндай қуйилиб, миямда айланаверади-айланаверади!

Шунинг учунми, эримнинг саволимни жавобсиз қолдириб, кулиши баттар жиғимга тегди:

— Нега мунча куласиз? Ким у сизни кулдираётган?

— Қулоқ сол. Кулиб ўлиб қоласан! “Фейс”да аёлларга қарата ёзишибди: “Агар 6 март куни совға олсангиз — маъшуқасиз, 7 март куни олсангиз — ҳамкасбсиз, 8 март куни олсангиз — суюкли рафиқасиз! Агар умуман совға олмасангиз — ҳеч кимсиз!” — эрим шундай дея яна кула бошлади. — Боплашибди, аммо! “Тўчна” ёзишибди, а?

Бу гап менга сираям кулгили туюлмади. Қайтанга энг даҳшатли ва нохуш хабар эди гўё.

Ўтира солиб хотирамни ишга солдим: “Ўтган йили қайси куни совға берганди, эрим? Бергандими, ўзи? Ундан олдинги йил-чи?”

Юрагимга ғулғула тушгани учунми, миям ишламай қолди. Бирдан “кўнgoogle” ишга тушиб кетса денг:

“Ўтган йили байрамда совға олмаганманми, дейман? Наҳот, эрим учун ҳеч кимман? Йў-ўқ, олганман! Йў-ўғ-а, бермаган! Берса ёдимда турарди-да! Айтганча, “онамни табриклаб келай” деб ота уйимга кетгандим. Тўққизинчи куни келгандим. Келганимда берганмиди, йўқми?”

— Тўққизинчи март куни совға олса нима бўларкан? — беихтиёр тилимдан шу савол учди.

— Байрам ўтган бўлади! — қаҳқаҳ отди эрим. Сўнг бирдан жиддий тортиб, пичинг билан деди: — Ҳа-а, сизга тўққизинчи куни совға беришганми?

— Йў-ў-қ, — дедим гезариб.

— Унда нега сўраяпсан? — эргинамнинг ҳам кўнглига шубҳа оралади чоғи.

— Эркаклар совға беришни олтинчи мартдан бошлаб юборишаркан-ку, балки кейин берадиганлари ҳам бордир, дедим-да!

— Ҳайит ўтгандан кейин... — эрим шундай деди-ю, яна “япалоқойими”нинг оғушига бармоқлари орқали кириб кетди.    

Мен эса унга тикилганча, яна ваҳимага туша бошладим. Аёллар “кўнgoogle”и шунақа-да!

“Тўчна” ёзишибди!” дедими? Наҳот, олтинчи март куни... Йў-ўқ! 7 март куни ҳамкасбларига совға бериши тайин. 8 март куни-чи? Менга бермаган бўлса, “суюкли рафиқа”си ким? Мен совға олмаганман, демак, ҳеч кимман! Аммо кимдир эримдан совға олган-ку!”

Ичимга тушган олов тану жонимни куйдира бошлади. Овқат қилишни ҳам, якшанбагача роса-а-а йиғилган кирларимни ювишни ҳам унутибман.

— Ойи, қачон мени чўмилтирасиз? — деди қизим бўйнимга осилиб.

— Нари тур, ишим бошимдан ошиб ётибди! — дедим ҳамон диванда ястаниб эримдан кўз узмаётган бўлсам-да.

— Кундалигимни тешириб беринг, — деди ўғлим.

— Тинч қўясанларми, йўқми? Бор, ўйна! — бақириб юбордим.

Аёллар “кўнgoogle”и шунақа! Тез-тез “тормоз” бўлиб, “қотиб” қолади. Қотиб қолган жойга қил сиғармиди, кейин?!

Лекин кутилмаганда ишлаб ҳам кетади: “Бунинг тагига етмасам, бўлмайди? Мана энди синайман! 8 март яқин! Қани, 6 март куни ким совға оларкан? 7 март... майли. 8 март куни... Кўрамиз, кимга совға бераркансиз, дадаси?”

Олтинчи мартни юрагим дукиллаб кута бошладим. Ҳатто, бир дугонамга эримни “интернет”дан топишини буюрдим:

— Эримни топ-да, олтинчи мартдан бошлаб кузат! Қани, нима қиларкан?

Ўзим эса уйда кўз-қулоқман. Ҳатто, чўнтагини, қанча пул олганини, кимга қўнғироқ қилганини зимдан кузатаман. Олтинчи март куни пулимиз анчагина камайса денг! Камига дугонам ҳовлиқиб телефон қилди:

— Эрингнинг интернетга ёзган гапини қара: “Дўстлар! Гўзал ва севимли аёл учун қандай совға афзал?” Менимча, сенга совға танлай олмаяпти!

— Нима? Бугун олтинчи март-ку! — қичқириб юбордим.

— Нима бўпти? Эркаклар бир ой аввал бош қотиришади, — билимдонлик қила кетди дугонам.

Қандай қилиб қизил тугмани босиб қўйганимни билмайман. Юрагимдан куч, оёғимдан мадор кетиб ётиб қолдим. Боғчага ҳам ўғлимни юбордим. Овқат қилиш ҳам “қотиб” қолган “кўнgoogle”га сиғмади:

“6 март куни совға олсангиз — маъшуқасиз!” деганди эрим. Ўзи қайси маъшуқасига совға қидириб юрибди, а? Ким у?”

Жинни бўлай дердим. Ўлганнинг устига тепгандек, эрим жуда кеч келса...

— Қаерда эдингиз? — зўрға сўрадим.

— Ишим чиқиб қолди, — бепарво деди у.

Қўлига қарадим. Совға йўқ. Демак, бериб келган!

Оромим йўқолиб, ўша кеча ухламадим. 7 март парвойимга келмади. Чунки 6 март санасининг “дард”и ҳали тарк этмаганди. Ниҳоят 8 март ҳам келди!

— Байраминг билан хотин! Қизим, байраминг муборак! — деди эрим эрта тонгдан.

Шунақа қувондимки, агар ҳозир ўнта 6 март такрор-такрор келса ҳам парво қилмасдим. “Кўнgoogle”им ҳам ҳисобига пул тушгандек зувиллаб ишга тушди: “Ахир мен суюкли рафиқаман! Мана, эрим 8 март куни табриклаяпти!”

Учиб-қўниб ёнига бордим.

— Озроқ ишим бор! Битказаман-у, келаман! — дея эрим чиқди-кетди!

Жоним бўғзимга келди: “Мен ҳеч кимман? Эрим учун ҳеч ким эмасман! 6 март куни ҳам, 7 март, 8 март куни ҳам у кимларгадир совға беради, фақат менга эмас! Мен унинг ҳаётида йўқман!”

Ўрнимга қайта ётиб, роса йиғладим. Икки болам савол беришга ҳам ожиз.

Эрталаб чиқиб кетган эрим қош қорая бошлаганида ҳам кириб келмаса денг!

Баттар эзилдим: “Суюкли рафиқаси қўйиб юбормаяпти, шекилли. Менам юрибман-да, рафиқасиман, деб. Ош-овқатини мен қиламан, кирини юваман, инжиқлигини кўтараман... Совғани эса... Кетаман, бугуноқ кетаман!”

Жаҳд билан тугунимни тугишга тушдим. Болалар ҳайрон.

— Бувингникида байрам нишонлаймиз! — дедим уларга.

Энди чиқиб кетамиз деб қизимни кўтарган эдим ҳамки, эшик очилди. Шошиб, қизариб кириб келган эримнинг беихтиёр қўлига қарадим: аллақандай қоғоз. Баттар хўрлигим келди. У эса аввал қизининг сўнг менинг юзимдан ўпиб қўяркан, деди:

— Табриклайман! Шуни деб икки кундан буён овораман! Барибир кечикдим. Рассомни зўрға олтинчи март куни топгандим. Чизиш қийин экан. Бир соат олдин амаллаб тугатди. Сабрим чидамай, бошида ўтирдим.

У шундай дея қўлидаги қоғозни авайлаб очди. Унда қизим иккаламизнинг жилмайиб турган суратимиз мойбўёқларда жуда гўзал акс эттирилганди.

Шунча кўзёш қаёқдан келаркан-а? Яна йиғлай бошладим. Айниқса, қоғознинг бир четидаги ёзув “кўнgoogle”имдаги барча кераксиз ахборотларни ўчириб ташлади: “Менинг икки малагим учун!”

КАМИНА

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!