“Эътироф-2015” ғолиби Юлдуз Ражабова маросимга келолмаганига изоҳ берди

11:46, 23 декабрь 2015

“Эътироф-2015”да йилнинг "Энг яхши киноактрисаси" номига муносиб деб топилган актриса Юлдуз Ражабова тақдирлаш маросимига кела олмади. Бунинг сабабини билиш учун актриса билан боғландик.

—Маросимга боришим ҳақида хабар беришганида шаҳардан ташқарида жуда муҳим съёмкада эдим. Об-ҳаво жуда ёмонлиги сабаб ўз вақтида етиб кела олмадим. Қалин қор ёққанди, трактор келиб йўлларни тозалашини кутдик ва шу билан кечаси соат 1,5-2ларда шаҳарга кириб келдик.

Қайси фильмнинг суратга олиш ишларида қатнашаётгандингиз?

—Сир бўла қолсин.

—Ҳозир мукофот қўлингиздами?

—Йўқ, эрталабдан яна съёмкадаман. Тугаши билан Рустам Саъдиевдан бориб мукофотимни қабул қилиб оламан.

—Мукофот олганингизни эшитганингизда кўнглингиздан нималар кечди? Энг яхши киноактриса номига қайси фильмдаги ижроингиз учун сазовор бўлдим деб ўйлайсиз?

—Айни дамда кўнглимдаги қувончни сўз билан таърифлай олмайман. Бунга ишонишим жуда қийин бўлди. Боз устига ўша вақтда етиб бора олмаганим жуда алам қилди. Менимча мазкур мукофот “Сотқин” фильмидаги ролим учун берилди. Шу сабабли энг биринчи ўринда фильм режиссёри Рустам Саъдиевга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Таҳририятдан: Юлдуз Ражабова 2015 йилда жуда самарали ижод қилганини тан олмасдан иложимиз йўқ. Шу кунларда унинг яна ижод билан бандлиги кейинги мукофотга ҳам давогарлик қилиши мумкинлигидан нишона. Darakchi.uz актрисани ушбу мукофот билан қутлайди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!