Аутизм: бола ёлғизликка маҳкумми?

11:57, 04 январь 2016

“Менинг исмим Хон”, “Ёмғир одам” сингари фильмларни қизиқиш билан томоша қиламан.Уларда аутизм билан оғриган беморлар ҳаёти ҳикоя қилинади.Мен ушбу касаллик ҳақида батафсил маълумотга эга бўлмоқчи эдим.

Носир Исломов, Қарши шаҳри

Зулхумор Азизова, болалар психологи:  

— Шахснинг ўз ички кечинмалари ичра ёлғиз қолиши ва борлиқни тўла идрок этолмаслиги — аутизмдир. Статистик маълумотларга кўра, аутизм асосан болалар ўртасида учраб, ҳар ўн мингтадан ўн беш нафари шу касалликка чалинади. Аутизм билан оғриган бола ён-атрофда юз бераётган воқеаларга қизиқмайди, атрофдагилардан ўзи эшитган ҳодисалар мазмунига тушуниб етмайди, бошқалар билан муносабат ўрнатишга қийналади.

Асосий  белгилари

Бу касалликнинг сабаблари тўла ўрганилмаган. Баъзи олимлар ҳомиладорликни ёмон ўтказган оналардан дунёга келган болаларда аутизм пайдо бўлиши мумкин деб ҳисоблайдилар. Айрим олимлар эса бу ҳолга туғруқнинг оғир кечиши сабаб бўлади дея тахмин қилишади. Олимларнинг бошқа бир гуруҳи аутизм наслдан-наслга ўтишини таъкидлайдилар. Бола саккиз ойлик бўлганида катталар уни эркалатганда гўёки сўзларни эшитмаётгандек парво қилмайди (бу вақтда оналар уни қулоқ докторига кўрсатишлари зарур, чунки аутизм туфайли бош миядаги товушларни идрок этувчи пўстлоқ қаватининг иши издан чиққан бўлиши мумкин).

Аутизмга чалинган ўн ойлик болалар соғлом тенгдошлари каби серҳаракат эмас, қиқирлаб кулмайди, онасига ҳам интилмайди. Бир ёшли бўлганда эса янги нарсалар (буюм, ўйинчоқ кабилар) дан чўчийди, хавотирланади, нутқи ҳам кеч ривожланади.

Ўн тўрт ойлик бемор болалар ўйинчоқларни кўрсатганда қувонмайди, олишга ҳаракат қилмайди. Ўн саккиз ойлик бўлганларида бирор буюмни олиб бер деб имо қилмайди, ҳатто ўйин машғулотларига парвосиз қарайди. Қаттиқ товушлар, сув шилдираши ва ёруғликдан қўрқади. Икки ёшга етишгач, ўйинчоқларнинг фақат шаклига эътибор беради, мазмуни билан қизиқмайди. Янги шароитни ёқтирмайди.

Уч ёш ва ундан кейин...

Аутизмни бошдан кечираётган бола уч ёшга тўлганда онаси ёки оиласидагилардан кимнингдир бирор жойга кетишига бепарво қарайди, уларни соғинмайди, чунки ҳис-ҳаяжонлари яхши шаклланмаган бўлади.

Уч ёшдан кейинги йилларда бола тенгқурларига қўшилмайди, одамовилиги яққол сезилади.

Шеърлар ёки матнларни бирпасда ёд олади, лекин уларни ҳис-ҳаяжонсиз шунчаки, мазмунига тушунмаган ҳолда ўқийди.

Гапини кимдир бўлиб қўйса ёки унга ниманидир тушунтирмоқчи бўлишса тезда жаҳли чиқади.

Катталарнинг кўзига тик қаролмайди, агар кимдир тикилиб турса бунга тоқат қилолмайди.

Бир хилдаги режимга риоя қилади. Кимнингдир аралашуви билан бу режимнинг бузилиши унинг кайфиятига ёмон таъсир кўрсатади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!



Гость 08:56, 05 январь 2016
Assalom alaykum Mening ismim Munojat hozir ushbu maqolani uqidim Murodjon uglim 2,5 yoshda huddi maqolada yzilganidik hitch images qiziqmaydi tinqurlari bilan uynamaydi ask so vaqti yogis bilan yoke yiglash bilan u tadi 2,5 yosh bola uynashi Chopin yugurishi kerak emasmi iltimos manga maslahat birding.