Суяк касалликлари суяк сурадими?

12:06, 04 январь 2016

Инсон аъзолари ичида энг қаттиқ деб таърифланувчи суяк ўз навбатида нозиклиги билан ҳам ажралиб туради. Негаки, суякка қўпол муносабат қилиш, жарроҳлик усуллари таъсири натижасида у турли касалликларга дучор бўлади. Баъзида бу инсоннинг мажруҳ бўлиб қолишига, суякнинг секин-асталик билан емирилишига ҳам олиб келади.

Суякнинг остеопороз, остеомелит касалликлари ҳақидаги саволларимизга Республика ихтисослашган суяк-йиринг хасталиклари ва шикастланиш оқибатларини даволаш илмий маркази директории, тиббиёт фанлари номзоди Абдувоҳид Тошпўлатовдан жавоб олдик.

Остеопорозсуякнинг бўшашиши, мўртлашиши  

Касалликнинг келиб чиқиши:

1. Бирламчи остеопороз, бу — кам ҳаракатлик ва айрим касалликлар туфайли келиб чиқади. Инсон қанчалик кўп ҳаракат қилса, яёв юрса, суяк қаттиқлашиб, мураккаб бўла боради. Ҳозирги кунда техника ривожланиши ҳамда транспорт воситаларидан кўп фойдаланиш оқибатида ҳаракат камайиб, суякларнинг мўртлашишига ҳамда остеопороз касаллигининг келиб чиқишига олиб келмоқда.

2. Иккиламчи остеопороз — турли касалликларлар натижасида беморларнинг ойлаб ётиб қолиши, ҳаракатсизлиги сабабли келиб чиқади. Бемор тавсия қилинган дори-дармонларни истеъмол қилгандан сўнг яна ҳаракатсиз қолса, натижада дорилар бориб-бориб баданга сингишдан тўхтайди. Бунинг натижасида эса остеопороз касаллиги янада кучайиб кетади.

Остеомиелитсуякнинг йирингли шамоллаши  

Касалликнинг келиб чиқиш сабаблари:

1.   Совуқда узоқ вақт қолиб кетиш

2.   Суякка операция қилиш жараёнида инфеция тушириш

3.   Жароҳатларни вақтида даволамаслик

Остеомиелит турлари:

1.  Гемотоген

2.   Шикастдан кейинги остеомиелит

Касаллик кимларда кўп учрайди?

Остеомиелит касаллиги асосан ёш болаларда кўп учрайди. Касаллик 80-85 фоиз бирламчи жароҳатдан сўнг бошланади. Бунда инфекция қон орқали шикастланган суяк тўқимасида ривожланиши оқибатида касаллик  бошланади.

Бу касаллик катта ёшлиларда оғир жароҳат олганда айрим шифокорларнинг тажрибасизлиги оқибатида нотўғри ташхис қўйиши сабабли ривожланиб кетади.

 Касаллик белгилари:

1.         Юқори ҳарорат

2.         Безовталик

3.         Жароҳат олган жойда қаттиқ оғриқ

4.         Шиш

5.         Септик ҳолат

6.         Алаҳсираш

Суяк касалликларининг олдини олиш:

·   Болаларни ёшликдан тўғри овқатланишга ўргатиш

·    Спорт билан доимий равишда шуғулланиш

·    Уйқудан олдин овқатланмаслик. Бу кўпгина касалликларнинг олдини олишда ёрдам беради. Агар овқатлангандан сўнг ҳаракат қилинмаса, ейилган овқат бора-бора заҳарга айланади.

·    Оғир жароҳатдан сақланиш.

Касаллик ирсий бўлиши мумкинми?

Остеопороз ҳамда остеомиелит касалликлари ирсий бўлмайди. Аммо остеопороз касаллиги баъзида туғма бўлиши мумкин. Бунда суяк инфекция юқиши ёки бирор модда етишмаслиги оқибатида она қорнидаёқ бўшашиши мумкин. Агар бола туғма бу касаллик билан туғилса, суяк мўрт бўлиб қолиб, арзимаган ҳаракат, қоқилиб кетиш натижасида ҳам синиши мумкин.

Касалликнинг қайталаниши

Остеомиелит тез-тез қайталаниб, одам танасининг бутун аъзоларига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Бунда бўғимларда, асаб тизимида, қон-томир, юрак, буйрак, жигар ва бошқа юмшоқ тўқималарда ўзгаришлар кузатилади. Остеомиелитга учраган найсимон суякларда эса паталогик синиш, катта ҳажмда суяк тўқимасининг чириши, суяк дефекти, ёлғон бўғим, суяк тўқимасининг ўсишдан тўхташи ва суяк ҳосил қиладиган бўғимларнинг тикланишида оғир ўзгаришлар пайдо бўлиши мумкин.

Даволаш

Агар бемор касалликни тезда сезиб, вақтида даволанса, асоратларсиз соғайиб кетиши мумкин. Агар суяк емирилиб, йиринглаш қонга тарқалган бўлса, сезиларли асоратлар қолади. Касаллик комплекс ва операция усулида даволанади. Остеомиелитдан ортопедик асоратлар қолмаслиги ҳам мумкин.

Ҳар бир инсон ўз саломатлиги учун қайғурмоғи шарт. Агар у ўз соғлигига эътибор бермас, жароҳатлардан сақланмас экан, бир умр мажруҳ бўлиб қолиши, давоси йўқ касалликларга дучор бўлиши мумкин. Атрофда миллионлаб касаллик инфексиялари изғиб юрган бир пайтда эҳтиётсизлик қилиб турли касалликларни юқтириб ёхуд орттириб олиш ортиқча.

Бугунги кунда дунёда онкологик касалликлар тарқалиши бўйича биринчи ўринда турса, жароҳатлар ва бошқа сабаблар билан суяк емирилиши касалликларини орттириб олиш, натижада бир умрга мажруҳ бўлиб қолиш 2-ўринга чиқиб улгурган.

Агар инсон оз бўлса-да, ўзини ҳамда оила аъзоларнинг соғлиғига эътиборли бўлса, суяк касалликларидан холи бўлиши мумкин.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!