Тутқаноқни даволаш самара берадими?

14:25, 05 январь 2016

Талваса хуружлари билан кечадиган  тутқаноқ (эпилепсия) аслида нерв тизимининг касаллигидир. Бу хасталикни даволаш жараёни жуда узоқ чўзилади ва кўпчилик ҳолларда муолажалар ҳеч бир самара бермаслиги мумкин. Касаллик болаларда (14 ёшгача) энг кўп ривожланиб, ёши улғайгани сари камайиб боради,  қарилик даврининг бошланиши билан эса касаллик ривожланиши яна ортади.

Нега ёшларда кўпроқ учрайди?

Тутқаноқ ривожланиши ёшларда кўп учрашига сабаб шуки, улар  миясининг пўстлок қисмида нерв ҳужайралари (нейронлар) сони катталарникига нисбатан уч маротаба кўп бўлади. Демак болалар миясининг қўзгалиш хусусияти хам ўрта ёшли кишиларникига нисбатан уч маротаба баланддир. Кекса кишиларда бош мия қон томирларида атеросклероз жараёнининг ривожланганлиги сабабли, бош мия тўқимасини қон билан, яъни кислород билан таъминланиши камаяди. Бу эса ўз навбатида бош мия қўзғалувчанлиги ошишига олиб келади.

Тутқаноқнинг ўзига хос хусусияти шундаки, дастлабки бир неча йил мобайнида, беморларни  факат талваса хуружлари безовта қилади холос. Хуруждан ташкари даврда эса беморлар соппа-соғ бўлишади. Беморларнинг айримларида кузатиладиган руҳий бузилишлар улар узоқ вақт мобайнида тегишли даво курсларини олмаган ҳолларда ривожланади. Эпилепсия хасталигини даволаш  эса жуда мушкул вазифа ҳисобланади.

Замонавий текширувлардан сўнг...

Тиббиётга компьютер технологиясига асосланган нейровизуал текшириш усуллари киритилгунга қадар эпилепсия бош миянинг  наслдан-наслга ўтадиган функционал касаллиги деб тушуниларди. Нейровизуал текшириш усуллари хар қандай талваса хуружи бош миянинг органик касаллиги оқибати эканлигини тасдиқлади. Хусусан, эндиликда магнит-резонанс томография усули ёрдамида эпилепсия хасталиги пайтида мавжуд булган бош миядаги анатомик ўзгаришларни ва ҳаттоки моддалар алмашинуви пасайган, яъни эпилептик қўзғалувчанлик ривожланаётган ўчоқларни ва ликвородинамик ўзгаришларни ҳам аниқлаш мумкин. Эпилепсия хасталигига учраган беморларда калланинг ички босимини ўрганиш шуни кўрсатдики, талваса хуружлари мавжуд бўлган беморларнинг барчасида калланинг ички босими доимо баланд бўлар экан. Беморлардаги талваса хуружларининг сони ана шу кўрсаткичнинг катталигига боғлиқдир.  Яъни беморда калланинг ички босими қанчалик баланд бўлса туқаноқ хуружларининг  такрорланиш сони ҳам шунчалик кўп бўлади. Эпилепсия хуружлари мавжуд бўлган беморлардаги калланинг ички босимини ошиши ҳеч қандай клиник аломатларсиз кечади. Аниқроқ қилиб айтганда беморлардаги калланинг ички босими қанчалик баланд бўлишига қарамасдан уларни бош оғриғи, кўнгил айниши ва қусиш каби клиник аъломатлар безовта қилмайди.

Бугунги кунда шу нарса аниқки,  калла ички босимининг ошиши оқибатида бош мияга қон (кислород) келишининг камайиши, мия тўқимасидаги (гипометаболик) емирилиш жараёнини келтириб чиқаради. Шу сабабдан хам тутқаноқ хасталиги пайтида бош мияни қон билан таъминланишини кучайтирувчи дорилардан фойдаланиш хам вақтинчалик натижа беради.

Янги усул самараси

Демак, тутқаноқ (эпилепсия) хасталигига учраган беморларни даволаш натижасини яхшилаш учун аввало калланинг ички босимини меъёрига келтириш, яъни мияни қон ва кислород билан таъминланишини мўътадиллаштириш касалликнинг тузалишини тезлатувчи омил ҳисобланади.

Эпилепсия хасталигини даволаш борасидаги тажрибалар шуни кўрсатдики, калланинг ички босими мўътадил пасайишини таъминламасдан  ўтказилган хар қандай интенсив даволаш ҳам беморларни бу хасталикдан қутқармайди. Яъни калланинг ички босимини меъёрига келтирмасдан ўтказилган ҳар қандай даво бу хасталикнинг дори-дармон фойда бермайдиган (фармакорезисент) формаси ривожланишига олиб келиши муқарардир.

Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмасининг нейрохирургия бўлимида юқорида таъкидланганларга асосланиб, эпилепсия касаллигини даволашнинг хирургик усули ишлаб чиқилди. Эпилепсия хуружлари мавжуд булган беморларда авваломбор жарроҳлик  йўли билан калланинг ички босимини мўътадил  меъёрига келтиргандан кейин, узлуксиз консерватив даво ўтказиш, беморларни бу хасталикдан қутулишларини таъминловчи беназир усул эканлигини кўрсатди.  

Эпилепсия касаллигини даволаш натижаларини ўрганиш шуни кўрсатдики, аввал хирургик йўл билан калланинг ички босимини доимий пасайишини таъминлагач, тегишли дори-дармонлардан фойдаланиш «эпилепсия бедаво дард» деган тушунчанинг ҳукмронлигига чек қўйди. 

Мақола Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси Нейрожарроҳлик бўлими мудири Раҳматилла Бектошев тавсиялари асосида тайёрланди. 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!