Қалқонсимон без қалқондек мустаҳкам эмасми?

11:21, 11 январь 2016

Одатда бу аъзодаги ўзгаришларни яққол белгилар номоён бўлгачгина ҳис этамиз. Унга қадар қалқонсимон без фаолиятидаги ўзгаришлар номаълумлигича қолаверади. Балки қалқонсимон без фаолиятида етишмовчилик ёки аксинча ортиқча ўзгаришлар содир бўлаётгандир. Эътиборингизга ҳавола этаётган жадвал кетма-кетлиги ёрдамида ушбу аъзо фаолияти билан боғлиқ айрим маълумотларга эга бўлиб, шу баҳона саломатлигингизни текшириб олишингиз мумкин.

Бошланиши

Узоқ вақт давомида ўзингизни ҳолсиз сезасиз. Қўлингиз ишга бормай, нуқул ётгингиз келади.. Тушунарсиз асабийлик, кайфият ўзгариши ва жиззакилик ҳам бор. (Эркакларда жинсий майлнинг сустлашиши, аёлларда эса ҳайз циклининг ўзгариши кабилар кузатилади) Уйқунгизда ҳаловат йўқ, диққатни жамлашингиз ҳам қийинлашиб бораяптими?

Терингиз қуруқлашиб, соч ва тирноқларингиз синувчан, тана аъзоларида шиш борми? Балки қабзият кузатилаётгандир. Ўйлаб кўринг, кескин ҳаракатланганингизда юрак уриши тезлашмаяптими, қон босими юқорилаб, пастламаяптими? Тана вазнингиз аввалгидайми ёки бироз тўлишганмисиз?

Бу белгилар аксарият ҳолларда гипертериоз яъни қалқонсимон без фаолиятининг пасайишига тахмин қилинади. Эҳтимол организмингизда йод моддаси етишмаётгандир. Мазкур белгилар кузатилса, албатта мутахассис кўригидан ўтинг.

Ёшга боғлиқ безовталиклар, масалан, ҳайз циклининг узайиши ёки қисқариши, юрак уришининг тезлашиши ёки аксинча, кўп терлаш, қўл қалтираши, ланжлик, асаб қўзғалиши ёки ўз-ўзидан йиғлаш ҳолатлари йўқми?

Баъзида нега асабийлашаётганингизни тушунмай қоласиз, кўз олдингиз қоронғулашиб кетади. Фикрларингиз тарқоқ, сал аввалги воқеаларни ҳам унутиб қўйиш одатга айланиб бормаяптими?Озиб кетдингизми?

Ҳолатингизга кўра қалқонсимон без ишлаб чиқараётган гормонлар меъёридан ортиб кетган. Бу эса организмда моддалар алмашинувини фаоллаштириб юбориши мумкин. Вақтни кетказмай, шифокор ҳузурига йўл олинг.­­

Бўйин соҳасига диққат қилинг: икки тарафдаги кўриниши бир-бирига ўхшашми ёки тафовут борми? Балки трахея соҳасида шиш бордир?

Бўйиннинг ўрта соҳасига қўл билан тегинганингизда томир уришини сезиладими? Бошингизни орқага ташлаганингизда нафас қисиши кузатилмаяптими? Мабодо томоғингизга ёт нарса қадалгандек туюлмаяптими? Сўзлашганда ўз-ўзидан овоз бўғилиб қолиши-чи?

Безовталиклар буқоқнинг мавжудлигини билдириши мумкин. Бунда  касаллик даражасига кўра бўйин соҳасида турли ўзгаришлар учраб туради. Айрим ҳолларда  эса бу турдаги безовталик қалқонсимон без соҳасида тугунлар юзага келганини ҳам англатиши мумкин. Аниқ ташхис учун шифокор кўригидан ўтинг.

­­­­­­­­

Иштаҳангиз меъёрида, одатдагидай таомланаяпсиз-у, аммо вазнингиз камайиб бораяпти. Сўнгги вақтларда иссиқ ҳароратни хушламай қолгансиз. Ҳатто совуқ кунларда ҳам ўз-ўзидан исиб кетасиз. Кўзларингиз катталашиб кетаётгандай туюлаяпти, тез-тез пирпираб қолмаяптими?

Вақти – вақти билан қўлларингизга қалтироқ кириб, танангизга ҳам ўтаяптими? Тери кўриниши қорамтир ва рангсиз бўлиб қолмаганми? Кўз соққаси катталашиб, қалқонсимон без жойлашуви яққол кўзга ташланиб қолгандай туюлмаяптими?

Безовталиклар буқоқнинг диффуз-токсик турига мансуб бўлиши мумкин. Бу ҳолатда қалқонсимон без фаолиятида турли ўзгаришлар бўлади. Эндокринолог мутахассисга мурожаат этинг.

Бошқа безовталиклар қаторида бўйин соҳасида оғриқ ёки кескин ўзгаришлар кузатилмаяптими?

Белгиларга кўра аутоиммун тиреоидит ташҳисига таҳмин қилиш мумкин. Ушбу ҳасталик қалқонсимон без ичида  лейкоцит ва суюқолик тўпланиши билан кечиб, мазкур аъзонинг ишдан чиқишига олиб келиши мумкин. Муолажа учун  шифокор тавсия даркор.

Шамолламагансиз, тумов ва йўтал ҳам йўқ. Аммо ютинганда томоқда оғриқ сезилади. Чуқур нафас олишда ҳам шу ҳолат такрорланаяптими?

Ваҳима қилмай аввалига эндокринолог ҳузурига йўл олинг. Сўнг унинг тавсиясига кўра онколог-эндокринолог мутахассиси керак бўлиши мумкин. Муолажа қанча эрта бошланса, натижаси шунча самарали бўлади.

Юқоридаги белгиларнинг қай бири безовталик келтириб чиқишидан қатъий назар албатта шифокор кўригидан ўтинг. Қалқонсимон без фаолиятига таҳминингиз  бўлса, эндокринолог тавсияси асқотади.

Қалқонсимон без қандай тузилган?

У инсон организмидаги йирик эндокрин без бўлиб, ички секретор фаолиятга эга. Безнинг номланиши у жойлашган ҳиқилдоқнинг қалқонсимон тоғайидан келиб чиқади.

Қалқонсимон без кўриниши капалаксимон бўлиб, думалоқ ва овал шаклидаги иккита фолликуладан иборат.

Фолликул деворчаси фолликуляр эпителий /тиреоцитлар/ ҳужайра билан қопланган. Уларнинг тузилиши қалқонсимон безнинг функционал фаоллигига  боғлиқ. Оддий холларда бу тўкима кубик эпителийдан иборат бўлса, функцияси камайганда-ясси, функцияси кучайганда цилиндр шаклига киради. Коллоид-уз таркибида йод тупланган тиреоглобулин оқсил моддасидан иборат.

Фолликулларда йодлашган тиреоидли гормонларнинг биосинтези рўй беради. Бу жараён организмда йод  алмашинуви ва тиреоглобулин биосинтези билан боғлиқ. Инсон организмида 20-30 миллиграмм йод бўлиб, шундан тахминин 1/3 қисми калконсимон безда тупланади.

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!