Абдумўмин Ўтбосаров фарзандларининг тўйида бошловчилик қилиш ниятида эди

12:27, 11 январь 2016

Ўзбекистон халқ артисти, марҳум сухандон Абдумўмин Ўтбосаров ўз фарзандларининг тўйларида бошловчилик қилиш орзусида эди. Бу ҳақда ЎзМТРКнинг  таниқли сухандонлари Намуна Зоҳирова ва Сурайё Эрматова «Дарё» нашрига берган интервьюсида таъкидлаб ўтди.

«Абдумўмин аканинг икки ўғли бор. ‘Худо хоҳласа, ўғлимнинг тўйида ўзим бошловчилик қиламан’, — деб ният қилган эканлар», — дейди Намуна Зоҳирова. Сурайё Эрматованинг сўзларига кўра, Абдумўмин Ўтбосаров фарзандларининг тўйи ҳамманикидан бошқача бўлишини истаган, ҳатто махсус сценарийлар ҳам тайёрлаб қўйган, бу ҳақда ўз яқинларига, ҳамкасбларига фахрланиб сўзлаб берарди.

«Абдумўмин ака қўли гул инсон эди. Уйдаги майда-чуйда носозликларни, маиший техникаларни тузатиш у кишига чўт эмасди. Ҳовлиси қурилаётганида, ҳар бир хонаси битганида, суратларини бизга кўрсатарди: ‘Мана бу ерини ўзим қилдим, бу ерида эса усталар ишлади’, — деб. Яқинларидан кўнгил сўраб уйига борганимизда, бу уйга худди аввал ҳам келгандек бўлдим, чунки Абдумўмин ака бизга бу уйдаги барча хоналарни қурилган вақтида фахрланиб, хурсандчилик билан кўрсатиб бўлганди», — деди Намуна Зоҳирова.

Абдумўмин Ўтбосаровнинг кутилмаган ўлими унинг ҳамкасбларини карахт аҳволга солиб қўйди. У раҳбарлик қилган жамоа аъзолари ҳали ҳам бўлган воқеага ишона олмаяпти, нима бўлганига тушунмаяпти.

«Раҳматилла Мирзаевнинг ўлими бир катта зарба бўлганди. Абдумўмин аканинг касалхонага олиб кетишибди, дейишганида ҳам бу хабарни хотиржам қабул қилгандик. Ахир иссиқ жон, тоби қочган бўлиши мумкин, яхши бўлиб кетади, деб ўйлагандек. Вафот этиши мумкинлиги хаёлимизга ҳам келмаган эди. Ўйлашимча, Абдумўмин ака ҳаммамизга ўлим ҳақ эканлигини исботлаб кетди», — деди Намуна Зоҳирова.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!