Тошкентдаги 100 дан ортиқ чорраҳада видеокузатув тизими ишга тушган

10:02, 12 январь 2016

Йўл ҳаракати қоидаларини бузилишини кузатувчи Фото- ва видеофиксация қилиш автоматик тизими Тошкентда ўз ишини бошлади. Ҳозирча автотранспорт воситалари эгаларига қоидабузарликлар учун жарима ёзилган билдирги юборилмаяпти.

ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси катта инспектори Мансур Рихсиевнинг Darakchi.uz'га хабар беришича, тизим ўз ишини бошлаган, видеофиксация тизими 100 дан ортиқ чорраҳада ишга тушган. Ҳозирда дастурий таъминотнинг алоҳида параметрлари созланмоқда.

Тизимни тўлиқ ишга тушириш ускуна етказиб берувчига тўлов тўлиқ ўтказилганидан сўнг амалга оширилади. Фақат шунда йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси қоидабузарлик қилган автотранспорт эгаларига билдирги юбориш ҳуқуқига эга бўлади.

Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан имзоланган қарорга асосан мамлакатимизда 2016 йилнинг 1 мартдан бошлаб бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган янги таҳрирдаги "Йўл ҳаракати қоидалари" амалга киритилади.

Бу ҳақда Darakchi.uz'га Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХ Бош бошқармаси бошлиғи Холматжон Сайдалиев маълумот берган.

Ҳайдовчиларни огоҳлантириш учун «Фото ва видеофиксация» ахборот-ишора белгиси ҳам жорий этилди. Бу киритилган янгиликнинг долзарблиги Тошкент шаҳрида йўл ҳаракати хавфсизлигини компьютерлаштирилган бошқарув тизимини  ишга тушиши билан ҳам чамбарчас боғлиқ.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!