Энурездан қутулса бўладими?

11:58, 15 январь 2016

Болаларнинг баъзиларида ҳар кеча, айримлари эса кунора ёки  ҳар замонда ўрнини ҳўллаб қўйишади. Агар болада кечалари тагини ҳўллаб қўйиш одатга айланиб, 3-4 ёшгача , 10-12 ва ҳатто ундан катта ёшда ҳам давом этаверса, бу энурез касаллигидир.

“Сигнал” қабул қилинмагач...

Биламизки, болалар жуда серҳаракат  бўлишади. Кундузи билан ҳар томонга чопиб юришади, ўйинчоқлар билан ўйнашади ва турган гапки, тез чанқаб, кўп суюқлик ичишади. Кечга боргач эса, чарчаганча ухлаб қолишади. Кўпчилик болалар ухлаган вақтларида  уларнинг бош мияларидаги ҳамма марказлар тормозланиб қолади. Натижада бола организмининг ҳамма аъзоларида бўшашиш вужудга келади.

Аксарият болаларни ухлаб ётган жойидан кўтариб бошқа жойга ётқизсангиз ҳам сезишмайди. Бундай пайтда сийдик қопининг тўла бўлиши ва қовуқ мушакларининг бўшагани ҳасобига  болалар тагини ҳўллаб қўйишади. Бу ҳолатнинг сабабларини қуйидагича тушунтириш  мумкин.

Биринчи сабаб шуки, ухлаб ётган болаларда тормозланган бош мия марказлари организмнинг ички аъзоларидан ва ташқи муҳитдан келаётган импульслар (сигналлар)ни қабул қилмайди. Қовуқда сийдик тўпланиб қолганини билдирувчи сигналлар ҳам назоратсиз қолади ва болалар сийиб қўядилар. Бу ҳолат болаларнинг ёшлари катта бўлгунига қадар, яъни шартсиз (туғма) рефлекс пайдо бўлгунча давом этади.

Иккинчи сабабга кўра, айрим болалар ёшлари катта бўлишларига қарамай, кечаси сийиб қўяверадилар. Бундан ташқари, бел-думғаза соҳасида ва оёқларининг букилиш жойлариа доимий бўлмаган оғриқдан шикоят қиладилар.

Иссиқлик муолажалари

Кечаси сийиб қўядиган болани даволашда ота-оналар  ҳушёр бўлишлари керак. Бола куннинг иккинчи ярмида сувни ва шўр таомларни кўп истеъмол қилмаслигига эътибор бериш лозим.

Бола ётадиган хона ва ўрин кўрпалари меъёрида иссиқ бўлсин. Кечқурун ухлаганидан бир-бир ярим соат ўтгач, болани уйғотиб сийдиришга ўргатилади. Тавсия этилган усуллар шартли рефлекслар бўлиб, ҳар куни бир вақтда бажариб турилса, аста-секинлик билан одатга айланиб, шартсиз рефлекс пайдо бўлишига олиб келади. Кейинчалик ухлаб ётган бола қовуғи тўлганини сезиб уйғонадиган, мустақил равишда туриб сиядиган бўлади.

Тавсия этилган усулларнинг таъсири сезилмай, кечаси сийиб қўйиш сурункали давом этса, бундай болалар  касалванд ҳисобланадилар. Уларни поликлиника ёки касалхона шароитида, мутахассислар назорати остида даволашга тўғри келади.

Алоҳида тавсиялар

Бир боғ исириқни майдалаб, бир челак сувда 20-25 дақиқа қайнатилади, кейин докадан сузиб, тоғорага қуйилади. Болани ухлашдан олднн шу сувга ўтқазиш зарур, сув баданни куйдирмайдиган бўлсин. Агар сув боланинг белигача  чиқмаса, устига иссиқ сув қуйинг. Тоғорадаги сувдан чўмичда олиб, боланинг елкаларидан қуйиб туриш керак. Сув совигач, болани бошқа сувда ювинтирмасдан, чойшабга ўраб қуритинг, кейин кийинтиринг.

Бола ухлашидан олдин оёғининг тагига асал суртинг. Бунинг учун қоғоз ёки целлофан оёқ тагига мўлжаллаб кесилади, унга асал суртиб, оёқ тагига ёпиштириб, устидан пайпоқ кийдирилади. Эрталаб олиб ташлаб, оёқ сувга ҳўлланган латта билан артилади. Муолажа муддати – икки ой.

Ётиш олдидан боланинг киндигидан бошлаб оёғининг учигача қўй ёғи суртиш яхши фойда беради. Бунинг учун 400 грамм қўй ёғини эритиб (жиззани сарғайтирмай) олиб, ундан ҳар куни 1-2 чой қошиғидан иситиб суртилади ишқалаб, танага сингдириб юборилади. Боланинг боши ва юзига офтоб туширмаган ҳолда баданини офтобда тоблаш лозим. Бунинг учун уни яланғочлаб, қовуғини офтобга тутилади.

Уролог- шифокор Шавкат Усмонов тавсиялари асосида тайёрланди

  

 

   

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!