“Жабрдийда”

12:26, 18 январь 2016

Телефон жиринглади.  Демак, тонг отди. Пайпаслаб, тинмай ўз тилида “уйғон” деётган аппаратни қидира бошладим. Уйқу деганлари мунча ширин бўлмаса, а? Кўзларимни зўрға очарканман, “уйғониш вақти”ни ўн беш дақиқа ортга сурдим. Кутилмаганда бугун биринчи иш куним эканлиги ёдимга тушди-ю, дик этиб ўрнимдан турдим.

Ҳар куни такрорланадиган нонушта тайёрлаш, дадамизни кузатиш, кийиниш ва кичкинтойларни кийинтириш саҳналарини кўнгилдагидек ижро этгач, қизимга тайинладим:

— Укангни етаклаб, тўғри бувингникига кир. Зинада ўйнаб қолиб кетма! Мен шу билан кечга яқин келаман.

Уларни қайнонамлар яшайдиган қўшни подъезднинг эшигигача кузатдим-у, зипиллаб ортимга қайтдим.

— Қийналмайсанми? Дориларнинг номи, қўлланилиши эсингдан чиқиб кетмаганми? — машинага ўтираётганимда сўради турмуш ўртоғим.

— Мабодо, топа олмай қолсам, сиз бор-ку! Қўнғироқ қиламан! — жилмайдим унга.

— Тинчлик йўқ экан-да, унда. Беморлар ёнида бўлсам, жавоб бера олмаслигим мумкин.

— Унда... бошқа курсдошларим бор-ку! — жиғига текким келди унинг.

— Юсуфга қил! Ҳар сонияда қилсанг ҳам, савол берсанг ҳам жавоб бериб туради. Иложи бўлса, дорихонга келиб ёрдамлашади ҳам, — қовоқ-тумшуғи осилиб, тўнғиллади эрим.

Мен эса завқланганча, машина ичидан ён кўзгуга қараб чеҳрамни кўздан кечирган бўлдим.

— Чиройлисиз! Бекор жойладим, ўзи... — йўлдан кўз узмаган ҳолда пичинг ва гина қила бошлади у. — Яхшигина ўтиргандингиз, уйга ярашиб!

— Шунча йил ўқидим, ўлиб. Болаларингизни катта қилдим. Мен ҳам энди ишлаб кўрай-чи? Ишхонангизнинг ёнида бўлса...

Турмуш ўртоғим пойтахтдаги энг катта, бутун республикадан беморлар ташриф буюрувчи, қайнонамнинг гапи билан айтганда “қулоққа ёмон эшитиладиган” шифохоналардан бирида ишларди. “Ишлайман, ишлайман”, дея унинг “икки қулоғини юлиб қўлига берганимдан” кейин шу касалхона дарвозаси ёнида жойлашган дорихонада бўш ўрин борлигини айтди.

Мана, бугун биринчи иш куним. Тавба, шунча таҳсил олибман, беш йил бола катта қилибман ва йигирма тўққиз ёшимда энди ўз соҳамда иш бошлабман-а!

— Дунёда энг кеч иш бошлаган мен бўлсам керак, — дедим хурсандлигимни яшириш учун.

— Кечки пайт ўзинг уйга келаверасан. Мени кутсанг, кечки овқатсиз қоламиз. Иш вақтинг саккиздан бешгача. Кейин бошқа ходим келади, ўрин алмашасизлар.

— Бу гапингизни бугуннинг ҳисобидан бир, ишга кирганим маълум бўлганидан буён эса нақ ўн мартача эшитдим, шекилли. Ёдлаб олдим. Хавотир олманг, ўзим қайтаман.

Хуллас, биз — эр-хотин шу билан дарвоза ёнида айрилдик. У ичкарига кириб кетди, мен дорихонага қадам босдим. Очиғи, илк иш куним кўнгилдагидек бўлмади. Тўғри, дориларни, қўлланилиши ва ўриндошларини унутмаган эканман. Аммо, қайси хонанинг қаерида турганини билолмай роса хуноб бўлдим.

— Антибиотиклар биринчи шкаф, учинчи қаторда. Шприцларнинг ҳаммаси касса ёнидаги катта ғилофларга жойланган. Дармондорилар ойнаванд пештоқнинг ўзига терилган, охирги қаторда. Сургилар пештоқнинг ўнг томонидаги юза қисмга қўйилган, — шукрки, ёнимдаги қиз тинимсиз эслатиб туради. — Аллергик хапдорилар мана, ёнгинангизда. Анув бурчакда энг қиммат дорилар туради. Уларни кўпроқ шифохонада ётган беморларнинг яқинлари сўраб чиқишади.  

Унинг охирги гаплари юрагимга титроқ олиб кирди.

“Ишқилиб, шу дориларга ҳеч кимни муҳтож қилма!” ўзимча ғудрандим ичимда.

Кечгача неча бор довдирадим, қанча гарангсидим ўзимга ҳам аён эмас. Лекин “Янгимисиз, дейман?” деган гапни тўрт марта эшитганим аниқ.

— Яхши ишладингми? Телефон ҳам қилмадинг? — сўради кечки овқат олдидан хўжайиним.

— Вақт бўлмади! Бу дунёда ҳамма касалу, дорига муҳтож, деган хаёлга бордим.

— Шифохонанинг ёнида-да, шунга харидор кўп бўлади.

Эртасига дориларнинг жойини ўзимча кўз олдимдан ўтказдим-да, табассум билан иш бошлашга киришдим.

— Синглим, мана бу дори шу ерда бор эмиш... — деди бир аёл келиб.

Дорининг қутисига қараб, юрагим орқага тортди. Бу — шу ерда даволанадиган хасталарга касалликнинг охирги босқичида бериладиган, қиммат ва камёб дори.

— Бор, — дедим ўзимни қўлга олишга уриниб.

— Иккита олишга пулим етармикан? — сумкасини кавлашга тушди аёл. Бундан фойдаланиб, унга зимдан разм солдим. Эгнига ранги униққан кўйлак, оёғига таги анча ейилган шиппак “илиб” олган хотин менда “узоқ вилоятдан келган”, деган таассурот уйғотди.

Синглим, салгина арзон қилиб берсангиз, иккита оларканман...

Биз белгиланган нархда сотамиз.

Жуда керак эди-да... — аёлнинг қошлари кўтарилиб, бор ажин пешанасига жам бўлди.

— Кимингиз касал? — дедим дорини бир текис терилган қутилар орасидан қидира туриб.

Аёл индамади. Аммо юзига аллақандай изтироб, иккиланиш ва айбдорлик парда ташлагандек бўлди.

— Болангиз эмасми? — сўрадим ҳадик билан.

Аёлнинг овозидан олдин боши ликиллади ва эшитилар-эшитилмас “ҳа” деди.

Ичимдан бир нима “чирт” этиб узилди.

“Эй, Худо! Аёл боласининг касали охирги босқичда эканлигини билмайди шекилли. Илоҳим, билмасин! Боласига шифо бер! Фарзанд доғини, унинг азобини сира-сира билдирма!”

Дилимда илтижо билан унга иккита дори тутқаздим.

Биттасига етаркан, пулим... — ерга қаради аёл.

Майли, олаверинг. Қанча етмаяпти?

Иккита олишим учун ўн минг етмаяпти.

— Беринг. Фақат чекка дорининг асл нархини ёзаман. Етмаганини ўзим амалларман...

Ўзимча, икки кунлик тушликдан кечиб, дорининг пулига етмаган ўн мингни тўлаб юборишни режалаштирдим.

Аёл кетгач, сумкамдан ўн минг олиб, аёл берган пулга қўшдим.

Эртасига аёл яна келди:

— Кечаги доридан беринг.

Юрагим “шув” этиб пастга тушгандек бўлди.

Болангиз яхшими? — дедим қўрқа-писа.

Аёл бошини эгди. Сўнг “ҳа” дегандек бош силкиди.

Унга жуда раҳмим келди. Боласига ачиндим. Ҳозир қанчалар жони азобдалигини Худо билади.

“Тушликни уйдан олиб келаман. Эрим тушликка деб берган пулларни йиғиб, шу аёлга бераман. Ёки дорисининг пулига қўшаман...”

Ҳар куни аёлга беш минг ўтиб, дори сотар ва ёнимдан қўшиб, касса топширардим. Тўрт кундан сўнг аёл учта дори сўради. Юрагим увишди. Энди у ҳар куни учта дори сотиб ола бошлади.

“Наҳот, боласининг аҳволи шунчалар оғир?”

Мен ҳамон унга моддий кўмак берар, боласига шифо сўрардим.

 

* * *

— Хонамга беш минутга келиб кетолмайсанми? Бир ўртоғим телефонини сотяпти. Сен алмаштирмоқчи эдинг-ку! Кўр, ёқса оламиз, — деди бир куни турмуш ўртоғим тушлик вақтида.

Югуриб чиқдим. Борсам, ҳозиргина яхши гапирган эримнинг авзойи бузуқ, коридорда туриб бақиряпти:

— Неча марта айтдим, қўйманглар, деб! Одам ҳам шунақа безбет бўладими?

Ёнига бориб, бир четда тек турдим.

— Чиқинг! Нега турибсиз? — рўпарадаги хонага бош суқиб, деди эрим. — Яна бир марта кўрсам, милиция чақираман! Сизни киритган одамни ишдан бўшатаман!

Хонадан елкасини қисганча, аёл киши чиқиб келди. Кўриб, ҳеч нимага тушунмай қолдим. У ҳалиги — мендан дори сотиб оладиган аёл эди.

— Нега унга бақирасиз? — дедим ўзимни босолмай.

— Сен аралашма! Ҳар куни хонама-хона юриб дори сотади, у. Арзон бўлса ҳам майли! Неча марта айтдим, огоҳлантирдим! Одамда инсоф бўлмаса қийин экан! Касалхонадаги оналар дорихонага боришга ҳам вақтини қизғанишади. Бу аёл бўлса, шундан фойдаланиб, пул ишлайди...

Мен ичимдан тошиб келаётган нафрат ва ғазабни кўзимга жойлаб, бор аламимни юрагимга кўмганча, қотиб қолдим...

 

Н. УСАНБОЕВА

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!