Шахзода Матчонова: “Тан олиш қанчалик ноўрин бўлмасин, ошхонага деярли кирмайман”

11:33, 19 январь 2016

Шаҳзода Матчонова — бу актрисани фильмларда кўп бора келин образида кўрганмиз. Лекин Шаҳзода ҳаётда ошхона билан унчалик ҳам “қалин дўст” эмас, балки шунинг учун ҳам у роль ижро этган фильмларда ошхона саҳналари кам учраса керак. Аммо актриса “Даракчи” газетасининг “Ўзбегим ошхонаси” лойиҳаси учун парҳезли салат рецептини ўрганиб, унинг сир-асрорларини мухлислар билан ўртоқлашишга астойдил тайёрланди. Бу ишда унга “Palete” ресторани бош ошпази Сарвар Ғаниев ёрдам берди.

Ҳар бир байрамдан сўнг кўпчилик кетма-кет тановул қилинган қуюқ ва ёғли таомлардан сўнг ошқозонга дам беришга, парҳез тутишга, ҳаракат қилиниши табиий ҳол. Шундай экан бугунги саҳифамиз меҳмони Шахзода Матчонова сизга асқотиши мумкин бўлган махсус салат рецептини тақдим этади. Ортиқча холестериндан  холи, аммо витаминга бой ушбу салатни уй шароитида ўзингиз ҳам тайёрлаб кўришингиз мумкин.

— Шаҳзода, билишимизча ошхонада кам бўласиз...

— Қиз бола учун буни тан олиш қанчалик ноўрин бўлмасин, аммо бу ҳақиқат. Ошхонага деярли кирмайман. Таом тайёрлашни ёқтирмаганим учун ҳатто баъзида нонушта қилмай ишга отланишим ҳам мумкин. Ошхонада пишир-куйдир қилишдан кўра тайёр маҳсулотларни афзал кўраман. 

— Биринчи марта таом пиширганингиз ёдингиздами?

— (Кулади) Эсимда, 3-синфда ўқиб юрган кезларим сабзи ва саримсоқ пиёздан салат қилиб кўргандим. Аммо бу иш қўлимдан келмаганини кўрганим учун, ҳафсалам пир бўлди. Бироқ бир нарсага қизиқсам, мукаммал ўрганмасдан қўймайман. Шундай экан, тез орада яхшигина пазанда бўлиб етишсам, ҳайрон бўлманг.

— Таомномангиздан кўпроқ қандай маҳсулотлар ўрин эгаллаган?

— Ростини айтсам, таом борасида инжиқ эмасман. Фақат маҳсулотлар витаминларга бой бўлса бўлгани. Масалан, миллий ва япон ошхонаси таомлари жону дилим.

—  Доим чиройли ва ёш кўринишингиз сири нимада? Балки махсус парҳезингиз бордир?

Инсон чиройли ва ёш кўриниши учун аслида кўп нарса керакмас.

Асосийси интернет таромоқларида кўзингиз тушган парезларни ўзингизда синаб кўравермаслик лозим. Кундалик ҳаётимизда тановул қиладиган барча масаллиқларнинг одам организмига фойдаси катта. Шунинг  учун таомномамиздан ўзбошимчалик билан айрим егуликларни ортиқча деб олиб ташлашимиз хато. Хушбичим кўриниш истагидагилар асосий уч қоидани ёдида тутишлари лозим: биринчидан, кечки соат 16:00дан сўнг хамирли таомлар ва ширинликлар истеъмол қилишни камайтиринг, нон маҳсулотларини емасликка ўрганинг. Иккинчидан, кун давомида кўпроқ суюқлик ичиб, кўп ҳаракатда бўлишга ўрганинг. Агар жисмоний машқларга вақт ажраа олсангиз янада яхши. Учинчидан тўй, туғилган кун ва бошқа базм-тадбирларда тўйиб овқатлангач, кейинги кун албатта ошқозонингизга дам беринг. Ҳафтада бир марта парҳезли кун эълон қилиб, фақат сув, мева ва сабзавотлар истеъмол қилинг. Кўриб турганингиздек хушбичим кўриниш қоидалари унчалик қийинмас, асосийси сабр ва мунтазамлик бўлса, кифоя. Табиийки бу йўл билан ортиқча вазндан тезда қутулмайсиз, лекин саломатлигингизга ҳам зиён етказмайсиз.

Мен семизликка мойил бўлмаганим боис парҳез тутмайман. Аммо тўғри овқатланиш қоидалариига амал қиламан ва консервантлар, газли ичимликлардан буткул воз кечганман.

— Бугун газетамиз ўқувчлойиҳамиз мухлислари учун қандай таом тайёрлашни ўргатмоқчисиз?

— Ҳозир хон балиқдан тайёрланадиган салатнинг тайёрланишини амалда кўрсатиб бермоқчиман.

Хон балиқли салат

Бир кишига мўлжаланган салат учун керакли масаллиқлар:

100 гр хон балиқ.

1 дона кобачки.

1 дона помидор.

1 дона лимон.

Руккола кўкати

Салат барги

Оқ нондан тайёрланган чипс

Таъбга кўра зайтун мойи, бальзамли сирка, туз ва мурч.

ТАЙЁРЛАНИШИ:

— Ишни балиқни маринадлашдан бошлаймиз. Яъни балиқ устидан яримта лимон шарбати қуйиб, таъбга кўра туз ва мурч сепиб бир зумга бостириб қўямиз. Кобачкини паррак қилиб кесиб уни ҳам худди шу йўл билан маринадлаймиз. Сўнгра уларни газ печи патнисига териб, 160 даражада қизиб турган “мультиварка”да  10-15 дақиқа давомида пиширилади. Аслида кобачкини салат ёғида қизаргунча қовуриб олса ҳам бўлади. Аммо бу салатимиз парҳезли бўлгани учун бу гал уни димлаймиз.

Маҳсулотларимиз димланиб тайёр бўлгунча, салат барги ва руккола кўкатини катта-катта шаклда тўғраймиз. Таъбга кўра унга зайтун ёғи, бальзамли сирка, туз ва мурч қўшиб аралаштирамиз.

СИРКА ВА ПОМИДОРЛАР БИЛАН БЕЗАТИШ.

Балиқ ва кобачки тайёр бўлгач, уни ликопчага олиб безатишга киришамиз. Аввал ликопчани бальзамли сиркадан тайёрланган соус ёрдамида безатиб оламиз. Сўнгра кўкатлар аралашмасини қўямиз ва устидан балиқни 4-5 бўлакка бўлиб жойлаштирамиз. Худди шу йўсинда кобачки бўлакчаларини ҳам ликопчага қўямиз. Помидорни 6 бўлакка бўлиб, салат атрофига териб, безатамиз.

Мана байрам кунлари таомномасидан кейин ошқозонга дам бериш учун тайёрланадиган витаминларга бой, парҳезли салат ҳам тайёр.

Керакли масалллиқлар:

2-3 дона яшил олма

2 дона қизил сабзи

ВИТАМИНГА БОЙ ШАРБАТ

Энди салат билан бирга тановул қилиш учун витаминли шарбат ҳам тайёрлаймиз. Дарвоқе, шарбатни оч қоринга ичиш тавсия этилмайди. Ошқозон яраси борлар ҳам бу шарбатни эҳтиёткорлик билан ичганлари маъқул.

Олма ва сабзили шарбат кимларга тавсия этилади?

Олма С, В1, В2, Р, Е витаминларига бой. Қишнинг совуқ кунларида шамоллашни олдини олишда фойдаси  катта. Шунингдек бу таркибдаги шарбатлар ҳомиладорлар  учун жуда фойдали.

Олма ва сабзи шарбати ортиқча вазндан қутилмоқчи бўлганларга организмдаги ортиқча ёғларни эритишда яхши ёрдам беради. 

Лойиҳада иштирок этганимдан хурсандман, чунки шу муносабат билан парҳезли салат тайёрлаш сирларини ўзим ҳам ўрганиб олдим. Ушбу салат ва шарбат пархез таомларни хуш кўрадиганлар учун айни муддао бўлади деб умид қиламан.

Алия Сулайманова тайёрлади

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!