Яйра Абдуллаеванинг умр бекатлари

16:27, 21 январь 2016

Ўзбекистон халқ артисти Яйра Абдуллаева билан суҳбатлашиш мароқли кечди. Боиси, бир муддатга бўлса-да, санъат тарихига саёҳат қилгандек бўлдик. Зеро, лойиҳамиз мақсад ва мазмуни ҳам шундан иборат эди. Эл ардоғидаги санъаткорни ортга назар ташлашга ундаганимизда, у киши хотираларини кўз ёшлари билан тўкиб солди...

Жудоликдаги илтимосим...

Мен, Андижон шаҳрида, актёрлар оиласида таваллуд топганман. Ота-онам у пайтларда Андижон театрида ишлашар эди. Кейинчалик Самарқандга, бир оздан сўнг Тошкентга кўчдик. Ўшандан бери Тошкентда яшаб келяпмиз. Болалигимда рус мактабда ўқиганлигим боис ўзбекча гапиришни билмас, ҳатто оила аъзоларим ўзбекча гапиришса тушунмас эдим. Сабаби, онам сил касаллиги билан оғриганлиги учун бир муддат бувим билан Ўратепада яшашимга тўғри келган.

Ўн бир ёшга тўлганимдагина онамни кўришга муваффақ бўлганман. Ўшанда онамга: “Майлими, сизни бир маротаба ўпсам”, деб қилган илтимосим ҳеч эсимдан чиқмайди. Онам иккимиз бир-биримизнинг қучоғимизга отилиб, ҳўнграб йиғлаганмиз. Кейинчалик онам тузалиб яна бирга яшай бошладик.

Онам Лизахоним Петросова Қорақалпоғистон филармониясидаги “Қирққиз” ансамблида фаолият юритиб, яхши унвонларга сазовор бўлган. Дадам Муқимий театрида ўттиз беш йилча фаолият юритди. Ўн-ўн бир яшарлигимда театрга бориб дадам ўйнаган спектаклларни томоша қилардим. Дадам раҳматли Сойиб Хўжаев билан биргаликда “Холобка” (“Чўри қиз”), “Мистер-Х” спектаклларида бирга ўйнардилар. Саҳна асарлари нафақат томошабин учун, балки, актёрларнинг ўзи учун ҳам қизиқдек туюларди назаримда.

Санъатга бўлган илк ҳавас...

Кейин уруш бошланди. Ўша йилларда Тамарахоним концертларга тайёргарлик кўрар, репетициялар қиларди. Онамлар оилада бешта қиз бўлиб, улар орасидан Тамарахоним, Гавҳар Раҳимова ва онам Лизахоним Петросовалар санъаткор бўлишган. Шу боис менинг болалигим ҳам улар даврасида, санъатга бўлган қизиқиш ва ўзгача иштиёқ билан ўтган. Ашула, рақс, репетициялар, мақом қўшиқлари, концертлар кўз олдимда бўлиб ўтарди. Ҳатто айрим концертларда ёш бўлишимга қарамай ўзим иштирок этган пайтларим ҳам бўлган. 1938 йилда Алишер Навоий номли опера ва балет театрида оммавий саҳналарда чиқа бошлаганмиз.

“Диплом бермаймиз!”

1945 йил, ўн беш ёшимда ҳужжатларимни театр ва рассомчилик институтига топширдим. Институт ректори менга: “Агар диплом олмоқчи бўлсанг, ўрта мактабни битиришинг керак”, деган. Мактабни битирганимдан тўрт кун ўтиб институтдан диплом беришган. Театрга эса устоз санъаткор Наби Раҳимов орқали кириб келганман. Театрда Сора опа Эшонтўраева, Наби Раҳимов, Зайнаб Садриевалар бор эди. Институтимиздан театрга Ирода Алиева, Лола Бадалова, Эркли Маликбоева ва мен қабул қилиниб, театр репертуарини кўтаришга ҳаракат қилардик. Ўзбек тилини ўрганишимга ҳам айнан уларнинг ёрдами катта бўлган. Тунда ухламасдан кўп китоб ўқир, мусиқаларини эшитиб, тарихни ўрганардик.

Негадир бугунги кунда актёрлар бир ролдан иккинчи ролга ёки бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтишда унчалик таъсирли, ишонарли қиёфага кира олмаяпти. Бунинг сабаби, ўз профессионаллиги устида жуда кам ишлаётганлигидадир. Актёр тез-тез бошқа-бошқа тақдирни кўрсатиб туради. Шундай экан, унинг қиёфаси ҳам, ички ҳис-туйғулари ҳам образига мос ҳолда ўзгариши керак. Шундагина ўйнаган роли ишонарли чиқади ва бунга томошабин ҳам ишонади.

“Саҳнада яйраб юрибман...”

Тамарахоним бутун дунё ашула ва рақсларини ўрганиб, саксон олти тилда қўшиқ куйлай олган. Мен холам куйлаган ана шу қўшиқларни сўзларигача ёддан билардим. Қолаверса, Тамарахонимнинг ўша репертуаридан мен ҳозиргача театрдаги ўз фаолиятимда фойдаланиб келяпман. 1942 йилда драматург Алехандро Касано томонидан ёзилган “Дарахтлар тик туриб жон беради” спектаклида ҳам Тамарахонимдан ўрганган, испанча қўшиқни ижро этганман. Тамарахоним менга устоз сифатида кўп мерос қолдириб кетганлар.

Андижон театри бош режиссёри Музаффар Муҳаммедов менинг санъатдаги устозим десам адашмаган бўламан. Туғилган пайтимда Музаффар Муҳаммедов мени саҳнада яйрасин деб шундай исм қўйган экан. Фаришталар “Омин!” деган эканми, мана, ҳалигача саҳнада яйраб юрибман (кулади).

Талабалик йилларим

Институтда раҳматли актёр Зикир Муҳаммаджонов биз билан бирга ўқир, дарсдан сўнг театрга борардик. Талабаларга театрга киришга рухсат йўқ эди. Биз эса тил топишиб, кириб, жой йўқлиги учун ўриндиқларда эмас, зиналарда ўтириб спектаклларни томоша қилардик (кулади). Саҳнадаги актёрларни кўриб, “Мени ҳам театрга ишга таклиф қилишармикан? Ўзбек тилини билмайман-ку”, дея ташвишланардим. Ҳатто “Мени рус гуруҳига ўтказинглар, ўзбек тилида ўқий олмайман”, дея оила аъзоларим билан жанжаллашганман ҳам.

Холам Гавҳар Раҳимова ўшанда: “ Яйра, дарахт бир жойда кўкаради!” — дея жеркиб берганлар. Бу кунларни эслаб бугун шукур қиламан.

Ортга боққанда...

Вақт ўтяпти... Ортга қарасам, унга қайтишнинг ҳеч ҳам иложи йўқ! Аммо биласизми, ўйлаб қарасам, мен ҳаётимни жуда ҳам яхиш ўтказган эканман. Анча-мунча катта-кичик ролларни ўйнадим.

Кечаги кун бугунгисига ҳеч ўхшамайди. Бугунги кунни қандай ўтказиш кераклигини режалаштириб қўймасанг, бирорта ишда сенга омад кулиб боқмайди. Ҳар кунни ўйлаб, бугуннинг ва келажакнинг режасини тузиш керак. Кечаги ўтган кун ёки лаҳза қайтарилмайди. Шу боис вақтнинг ҳар лаҳзасидан унумли фойдаланиш керак. Айниқса, актёрлик соҳасида рол ўйнашга тўғри келадиган бўлса, режиссёр ишониб рол топширдими, бу берилган имкониятдан тўғри фойдаланиб, уни тўлақонли жонлантира олиш керак.

Саҳнага мен актёрман деб эмас, мен асардаги мана шу қаҳрамонман, унинг ҳаётини яшаяпман, деган ички туйғу билан чиқиш керак. Саҳнага чиққан актёр актёрлигини унутиши керак. У ижро этаётган образ биринчи галда юрагида, кўзида жонланиши керак. Шунингдек, ўтмишни билмаган инсон келажакка ҳеч қачон етолмайди. Негадир ҳозирги ёшлар тарихга, ўтмишга унчалик аҳамият бермаяпти... 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!