Кассага келинг, ҳассада кетасиз...ёхуд кимнинг чиптаси қанчага баҳоланди?

16:48, 30 январь 2016

Тинч юртга байрамлар, шоду – хуррамликлар ярашади. Шунинг учун бўлса керак халқимизнинг яхши кунлари доимо санъаткорлар иштироки билан ўтади. Агар эътибор берсак  дунёнинг оловли нуқталари у ёқда турсин, тинчлик ҳукм сураётган қўшни давлатларда ҳам бизнинг юртимиздаги каби концертлар кетма-кетлиги кузатмаймиз. Бунинг асл сабаби хотиржамлик бўлса, иккинчи томондан давлатимиз томонидан санъат аҳлига яратилган имкониятлар билан баҳолаш мумкин. Яна шунисини ғурур билан айтиш лозимки, эл ардоғидаги хонандаларимиз бир ойлаб жонли ижрода концерт беради.  Булар ҳаммаси бизнинг ютуқларимиз. Аммо шу ўринда баъзи бир камчиликлар мавжудки, уларни четлаб ўтишнинг ҳеч бир иложи бўлмади. 

Хуллас мавзуга қўл уришимга, куни кеча пойтахтимиздаги кўплаб концертларга мезбонлик қиладиган “Истиқлол” санъат саройи кассасига борганим сабаб бўлди. Атрофга баннерларга назар солсангиз қиш мавсуми санъаткорларимиз учун иш мавсуми эканда, деган хулосага келасиз.  

Санъат саройи кассалари  туйнукларида эса деярли 2016 йилнинг февраль ва март ойида бўладиган концертларга чипталар сотуви йўлга қўйилган.

Ҳар бир туйнук қаршисида тумонат одам. Кимдир нарх-наводан норози, кимдир чипта ололмаганидан фиғони фалакда. Бошқа биров эса, икки севимли хонандасининг концерт кунлари бир-бирига яқинлиги уни иккилантираётганидан  нолийди.

Февраль ойида Халқ артисти унвони соҳибаси Гулсанам Мамазоитова жонли ижродаги дастури билан ўз шинавандаларини кутади. Чипталар нархи 8 минг сўмдан 80 минг сўмгача қилиб белгиланган. Кузатувчи сифатида эътибор берганимизда унинг талабгорлари асосан аёллар ва вилоятдан ташриф буюрганлар эканлигини кўрдик. Негадир ўша куни Гулсанамни тингламоқчи бўлган  ёшларни учратмадик. Балки талаба ёшлар дам олиш соатларидагина бундай ишларини бажаришар, яна билмадик.

- Гулсанамхоннинг концертига ҳар йили келаман, - дейди ўзини Мукаррамхон дея таништирган фарғоналик мухлис. - Доим дугоналарим билан концерт куни келиб, чиптани  “қора бозор”дан ҳарид қилардик. Бу гал ўзим Тошкентга йўлим тушгани учун кассага келдим. Яхшироқ жойдан ола қолай десам, 70-80 минг сўм дейишди. Жуда қиммат. Йўл пулимиз, овқатимиз, меҳмонхона харажати ва концерт чиптасининг нархи, набираларга Тошкентдан ул-бул олиш билан бир ойлик нафақа пулимни тугатарканман.  Шу концерт ташкилотчилари нархларни арзон хамёнбоп қилишса, яхши бўларди.

Кетма-кетликда турган Ҳулкар Абдуллаева концертининг чипта нархлари билан ҳам қизиқдик. 8 мингдан 80 минг сўмгача нарх белгиланган. Чипталар ҳам саноқли қолган. Чипталар асосан Хоразм ва воҳалик  мухлислар томонидан олиняпти.

Айнан Ҳулкарнинг концертига чипта сотиб олаётган  аёлни  суҳбатга тортдим.

- Опа, Ҳулкарнинг мухлисимисиз? Чиптани 80 минг сўмлигидан олдингиз қимматлик қилмадими?

- Ҳулкарнинг  концерт берганига анча бўлди. Соғинганмиз. Оилавий тушмоқчимиз. Келиним, ўғлим, мен ва турмуш ўртоғим билан бирга шунинг учун 4 та билет олдим.  Нарх сал қиммат аммо, пластик карточкам борлиги учун олавердим. Нақд бўлганида оғирлик қиларди.

Ўзи асли хоразмликман , ҳозир Тошкентда яшайман. Юртимнинг оҳангларини Ҳулкарчалик ҳеч ким ижро этолмайди-да. Юрт соғинчини балки шу концерт қондирар.

Опа-сингил Асалхўжаевалар ҳам февралнинг ўртасида ўзларининг дуэт концертлари билан “Истиқлол”ни мухлисларининг гавжум ташрифи билан тўлдиришни ният қилишган. Нарх 10 минг сўмдан 80 минг сўмгача. Бу кассанинг туйнуги қаршисида ҳам одамлар навбат кутиб туришибди. Чипта олишга улгурмаганлар шошилишса бўларди. Тугаса керагов?

Райҳон ўзининг беш кунлик шоу-концерти билан айнан шу ой мухлисларни хушнуд этишни режалаштирган. Унинг кассаси атрофида асосан 25 ёшгача бўлганларни учратиш мумкин. Энг қизиғи чипта нархлари “осмонда”! Агар сиз Райҳонни яқинроқдан кўргингиз келса, 180 минг сўмга(!) чипта олишнгизга тўғри келади. Бироқ бу жойлар аллақачон сотиб бўлинган. Уни кўриш учун охирги нарх ва балконнинг охири 10 минг сўм!

Касса олдида жиғибийрон бўлаётган ёшларга юзландик.

- Райҳоннинг концерт билети умуман қиммат! Олдинроқ қатордан жой оламан десам, 130 минг сўм дейишяпти. Арзони қолмаган. Суҳбатимизга талаба қиз ҳам аралашди.

- Райҳоннинг мухлисиман. Аммо бошқа концертларга қараганда 100 минг сўмга қиммат экан. Нима учун нархлар ҳар хил? Бунга ким масъул. Бошқа концертларнинг чипталари нархи 80 минг сўмдан бошланибди. Бу нимаси?!

Шу масала юзасидан кассадаги сотувчига мурожаат қилдик.

- Чипта нархини биз қўймаймиз. Мен оддий сотувчиман. Тўғри, узоқдан келувчилар учун қимматдир аммо концерт ташкилотчилари билан гаплашганингиз маъқул. Чипта нархлари нега бунақа суммадалигини мен айтолмайман. Менимча, айрим концертларга ўхшаб қиммат эмас.

Масалага журналистик таҳлил қилиш учун концерт ташкилотчиларининг рақамларига бир неча бор қўнғироқ қилдик. Аммо телефон рақамлари доим банд.

Мухлисларнинг талаби бир томондан тўғри. Негаки, концерт чиптаси жуда қиммат. Нега “жуда” деган урғуни беряпмиз? Оддий арифметик таҳлил қилиб кўрайлик. Юртимизда энг кам ойлик иш ҳақи 130 минг 240 сўм. Биргина 2 соатлик концертнинг чипта нархи эса 180 минг сўм!

Дейлик, Андижондан бирор мухлис концерт томоша қилиш учун Тошкентга келадиган бўлса, Андижон-Тошкент такси пули бир кишига  ўртача 40 минг сўм, келиб-кетиш 80 минг сўм. Самолёт эса анча қиммат, поезднинг иложи йўқ. Автобус ва маршуруткалар қатнови ҳам Қамчиқ довони учун мўлжалланмаган. Тошкентга келгач ва йўлдаги еб-ичиш учун ўртача 50 минг сўм ажратсак, чиптани 180 минг сўмга олсак... Райҳоннинг ҳақиқий мухлисига уни кўриш нақ ўртача ҳисобда 310 минг сўмга тушса-я?

Бу туришда кассага келиб, бемалол ҳассада кетишингизга тўғри келади.

“Ҳандалак” кулгу жамоаси ҳам  ўз мухлисларини бу йилги дастури билан кутиб олади. Уларнинг “нархлари” “тепаси” 70 минг сўмдан бошланиб пасти 10 минг сўмгача. Аммо касса туйнуги олдида бирор одамни учратмадим. Ваҳоланки, улар ҳам февраль ойининг охирида концерт беришяпти.

Март ойига ҳам деярли ҳар куни концерт баннерлари осилган, Халқаро хотин-қизлар куни Зулайҳо Бойхонова, ундан кейин Равшан ва Фарруҳ Комилов, Наврўз айёми кунларида жонли концерти билан Шуҳрат Қаюмов, Дилдора Ниёзовалар...

У ёғи турнақатор бошқалар! Мана сизга бугунги кунга қадар маълум бўлган концертлар... ва чипта нархлари. Ҳохлаганингизга ташриф буюришингиз ва мириқиб ҳордиқ чиқариб кетишингиз мумкин, фақат чўнтак кўтарса бўлгани.

                                                         Ёдгорбек ЮКСАЛ "Sabo" нашри учун тайёрлади

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!



Гость 13:56, 11 март 2016
"A"undan keyin rayhon ganiyevaning konsertiga vawwe gap yoq nomer 1 konsertning sekundigachan e'tibor berilgan bu konsert jahon arenalarida qo"yilshi kerak edi yana kelasi yili bersa 10 kun bersa yaxwi bo'ladi yana bir bor eslataman jonli kuylandi deyarli hamma qo'wiqlar
Гость 13:54, 11 март 2016
rayhon ganiyeva konsertini deyarli jonli berdi keyin arzidi 180000 ming som kiraman degan odam chin muxlis bo'lsa 300000 ming sumgayam kiradi
Гость 02:39, 01 февраль 2016
Е ташкилотчи утириш керея билетини сотми качооооон узокан кеб олишади диб. Кискаси кимга керей буса вактида ерри нарги бурчегидан кеб бусаям олади. Мана шунака одамла эрте кириб келади концерт бшланиб буганда коронгида хаммани безовта киб жойини кидириб
Гость 02:36, 01 февраль 2016
Е кассада кимдир мажбурлаб сотвоттими билетти. Арзон билет кере буса вахлиро келиш кере кассага. Такаб кемасдан. Кимга кайси нархдиги кулей буса. Ушани олади и все. Е уят энди 80000 минг билетти аюҳаннос киб езиш. Жонли ижро чет элда 50-1400у.е сотилади. Бизада шунга якин киб харакат килишса шуям екмиди. Иложи буса артист уйига кеб ашула этиб берса.
Гость 20:01, 31 январь 2016
Ёдгорбек! Яхши макола.Баракалла.Журналист шундог булиши керак.Мухлислар анализ килишволди.Нега хонанда Гулсанамнинг концертига чипталар арзону, фонанда Райхоннинг концерт чипталари киммат.
Гость 09:47, 31 январь 2016
130 mingga qaysi ahmoq kirarkan rayhonning konsertiga
Гость 22:11, 30 январь 2016
Халк кизи хонанда Гулсанам концертига чипталар бахоси 80000 сум. Фонанда Райхоннинг концерт чипталари 180000 сум. Райхон фонограмма концерти учун Истиклол санъат саройига ижара хаки тулайди.Гулсанам эса жонли ижрода хакикий концерт бериши туфайли ижара хаки туламайди.
Гость 18:23, 30 январь 2016
E Qoyil