Ибрат манзили:Машинадаги сурат

22:00, 01 февраль 2016

Бир жойга йиғилишга жуда шошиб кетаётгандим. Йўл юзида қўл кўтардим. Оппоқ “Ласетти” тўхтади. Пулини келишмасдан хам ўтириб олдим. Йўлда кетарканмиз, фикру-хаёлим мажлисга кечикмаслик. Бироз юргач радиодан эшитилаётган сокин мусиқа тинчлантира бошлади. Насиб қилган вақтда етиб бораман-да!

Машина ичига разм сола бошладим. Дид билан безатилганидан кўриниб турибдики,  ҳайдовчи йигит машинасига  қаттиқ эътибор беради. Кўзим олд ойнанинг бурчагига бириктирилган суратга тушди. Оппоқ рўмолдаги юзлари нурли онахон сурати эди.

— Онангизми? — сўрадим қизиқишимни яширолмай.

— Ҳа — деди йигит йўлдан кўзини узмасдан.

— Узр-ку, онангиз ҳаётмилар?

— Худога шукр, — йигит негадир кўзини йўлдан узиб, менга тезгина  қараб олди. — Нега сўраяпсиз?

— Ўзим, шунчаки…

Бироз сукунатдан кейин йигитнинг ўзи гап бошлади:

— Биласизми, кўпчилик қизиқади нега бу  суратни ёпиштирдинг деб. Бунинг икки сабаби бор. Бири — катта тезликни яхши кўраман. Машина кам йўлга тушиб қолсам оёғим беихтиёр газни қаттиқроқ босади. Онамнинг суратларига кўзим тушгач, ўз-ўзидан тезликни камайтираман. Битта ўғилман, менга бир нарса бўлса онам ғамни кўтара олмайди деб қўрқаман…

Унинг гапларида жон бор эди.

— Тўғри,  дедим-у ўйланиб қолдим:  барча тез юрадиганлар шундай қилса бўларкан.

Ҳайдовчи яни сукутга толганча йўлида давом этарди.

— Кечирасиз ука, иккинчи сабабини айтмадингиз? — деб сўрадим.

— Иккинчиси ва асосийси — онам доим кўз олдимда. Кўчадаги ишлар, ташвишлардан сиқилиб кетсам уларнинг юзларини кўриб барчасини орқага ташлайман. Онам суратини куни билан кўрсам хам қаттиқ соғинаман барибир. Уйга шошиламан. Пешонамдан ўпиб, кутиб олишларини тасаввур қилсам, ишларимни янаям тезроқ битиришга уринаман.

— Соғинсангиз,  тез-тез телефон ҳам қилиб турасизми?

— Албатта. Икки соатдан ортиқ овозларини эшитмасам ўзимни қўярга жой тополмайман.

— Яхши…

Ичимда эса “Мақтанчоқ эканми, гўёки бошқалар онасини яхши кўрмайдигандек” деган ўй ўтди.

Лекин беихтиёр уни ўзим билан солиштиришга тушдим. Онамнинг расмлари

йўқ ёнимда. Телефонимда ёки папкалар ичида чанг босиб ётганини айтмаганда. Уйга хам бу йигитдек шошмайман. Телефонда эса…

Шу пайт унга қўнғироқ бўлди. Мендан узр сўраб машинани четга олди. Узоқ гаплашгани йўқ, лекин шу қисқа вақт ичида “Онажон”, “Лаббай”, “Хўп бўлади” каби сўзларни ишлатар, жуда хушмуомала бўлиб гапирарди.

Унга разм сола бошладим. Телефонда гаплашяптику ҳар сафар “Хўп бўлади” деганда эгилиб кетай деяпти, гўёки онаси қаршисида тургандек. Кўзларида эса сўз билан таърифлаш мушкул даражадаги  қувончни кўрса бўларди. Худди ёш болакайнинг  онасига талпингандаги қувончига ўхшайди. Фарқи шунда эдики ёнимда ёш бола эмас, кап-катта йигит ўтирар эди.

У болаликдаги ўша меҳрни сақлаб қолган эди. Унга ҳавасим келарди. Агар бу йигитни онамлар кўрганларида эди унинг онасига уларнинг хам ҳаваслари келиши аниқ эди. Ёки мендан қаттиқ ўксинармидилар шу йигитчалик эътиборли бўлмаганим учун?

 Негадир ичимдан бир аччиқ нарса тошиб кела бошлади. Овозим бўғилиб, ҳиқилдоғимга келиб тақалди. Манзилга қандай етиб борганимни билмайман. Мажлисга хам игнанинг  устида ўтиргандек бўлдим. Тушлик пайти эса уйга шошдим, қўлимда онам севган гуллардан тузилган  гулдаста.

Уйга яқинлашганим сайин кайфиятим кўтарила бошлади. Мен жуда хурсанд эдим, онамни эса қанчалик севинишларини ўйлаб юзимда табассум билан эшик қўнғироғини чалдим.

— Ассалому алайкум онажон.

— Ваалейкум ассалом. Тинчликми, бу пайтда келмасдинг-ку? — хавотир олиб сўрадилар.

Орқамда яшириб турган гулдастани узатдим:

— Сизни жуда соғиниб кетдим..!!!

 

Баҳром Муҳаммад

 

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!



Гость 12:55, 02 февраль 2016
Жуда тасирли мэнхам шундай болсам эди