Ўзбекистон Ҳаж делегацияси Саудия Арабистонига жўнаб кетди

15:19, 03 февраль 2016

Жорий йил 3 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг Ҳаж делегацияси Саудия Арабистони Подшоҳлиги (САП)га жўнаб кетди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Делегация аъзолари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бир ҳафта давом этадиган сафар давомида САПда Ҳаж вазири Бандар Ҳажжор билан учрашиши, муборак “Ҳаж - 2016” мавсумини ташкил этишга тааллуқли ташкилий масалаларни келишиб олиши режалаштирилган. Делегация аъзолари шунингдек, бу йилги Ҳаж мавсумида ҳожиларга хизмат кўрсатувчи Умумий Бош Муассаса, Транспорт Уюшмаси, Ҳаж вазирлигининг Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунаввара филиаллари раҳбарлари билан ҳам учрашади. Сафар давомида САПлик мартабали масъуллар билан муборак Ҳаж сафарини кўнгилли ўтказишга тааллуқли масалаларни мувофиқлаштириб олинади. 

Делегация аъзоларига шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот котиби Ж. Нуриддинов ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети халқаро алоқалар бўлими мудири Ҳ. Ҳасанов ҳамроҳлик қилади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!